Пойтахтимиз мезбонлик қилган енгил атлетика U18 ёш тоифасидаги қитъа биринчилиги ўз ниҳоясига етди.
4 кун давом этган мусобақада қитъамизнинг 40 га яқин мамлакатидан 500 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Чемпионатнинг сўнгги кунида қизлар ўртасида 2000 метрга стипл-чез югуришида Маҳлиё Муҳаммаджонова 7:10.49 дақиқа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва жамоамизга учинчи олтин медални тақдим қилди.
Етти кураш баҳсларида 4739 очко жамғарган Анна Чикалова ҳамда диск улоқтириш секторида роппа-роса 54 метр натижа қайд этган Абдуазиз Раҳматуллаев бронза медалига сазовор бўлишди.
Муросасиз беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 3 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритишди.