Ҳориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клубларининг расмий учрашувларида майдонга тушишди. Фақатгина Қозоғистон чемпионатида тўп сураётган легионерларимиз ўтган ҳафтада дам олишди. Шанба ва якшанба кунлари Қозоғистонда тур ўйинлари ўтказилмаган.
РОССИЯ
Россия премьер-лигасида иштирок этаётган ҳамюртларимиз орасида фақат Санжар Турсунов ўз жамоаси сафида майдонга тушди. Владикавказнинг «Алания» клуби шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз 1-октябрь куни сафарда «Мордовия» клубига қарши тўп сурди. 1:1 ҳисобида якунига етган учрашувда Турсунов 90 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди.
Россия 1-дивизонида иштирок этаётган Нижнекамскнинг «Нефтехимик» клуби аъзоси ҳисобланган Вагиз Галиулин учун мазкур тур жуда омадли келди. Сафарда «Петротрест» клубига қарши кечган учрашувда «Нефтехимик» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоага ғалаба келтирган ягона голга эса, айнан Галиулин муаллифлик қилди. Учрашувда 85 дақиқа мобайнида тўп сурган ярим ҳимоячимиз, 83-дақиқада рақиб дарвозасинии ишғол қилди.
УКРАИНА
Днепропетровскнинг «Днепр» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Виталий Денисов 29-сентябрь куни бўлиб ўтган 10-тур баҳсларида майдонга туширилмади.
Киевнинг «Арсенал» клуби шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ҳужумчи Максим Шацких эса, «Карпати» клубига қарши кечган учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Ушбу учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди ва Шацких ўз жамоаси томонидан киритилган голга ассистентлик қилди.
САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Ўзбекистон Миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров Саудия Арабистони Про-лигаси баҳсларининг якунига етган турида ўз жамоаси - «Аш Шабоб» клуби сафида ўйнамаган. Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси бу сафар ҳам заҳирада қолдирилди.
Про-лиганинг бошқа бир клуби, «Ан-Наср» шарафини ҳимоя қилаётган миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Шавкат Мулажонов 29-сентябрь куни ўз майдонларида «Ал Ваҳда» клубига қарши кечган учрашувда тўлиқ 90 дақиқа давомида тўп сурган. Мазкур учрашув Муллажонов жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
ХИТОЙ
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган бўлган футболчилардан бири Камолиддин Тожиев, Хитой чемпионатининг навбатдаги турида ўз жамоаси «Жиангсу» таркибида майдонга тушди ва учрашувда тўлиқ 90 дақиқа вақт давомида ҳаракат қилди.
Хитойнинг «Чангчун Ятай» клуби аъзоси ҳисобланган Анзур Исмоилов эса, якунига етган тур учрашувида майдонга туширилмаган.