"Бавария" дарвозабони Мануэль Нойер немис жамоаси машғулотларига қайтгани ҳақида гапириб, ўзини бахтли ҳис қилаётганини айтди.
"Мен бахтлиман. Менда аниқ қайтиш саналари йўқ. Мен фақат олдинга силжишим учун ундан максимал фойда олиш учун қўлимдан келган барча ишни қилишга ҳаракат қиляпман", - деди Нойер "Бавария" матбуот хизматига.
Нойер дарвозабонлик машғулотларини бошлади. ОАВ хабарига кўра, дарвозабон келаси мавсум бошига қадар "Бавария"га қайтишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нойер Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги жаҳон чемпионатидан кейин тоғ-чанғи курортида дам олаётганда оёғини синдириб олганди. Шундан сўнг дарвозабон жорий мавсумда Мюнхен клубида ўйнамади.