"Қизилқум" клуби бош мураббийи Тачмурод Агамуродов Суперлиганинг 10-тури доирасида "Олимпик" клубига қарши бўлиб ўтган ўйин (0:1) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Четлатиш бизнинг зараримизга бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 10 киши бўлиб ўйнаш жуда қийин. "Олимпик" жуда тартибли жамоа. Бу жабҳада бизга оғир бўлди. Йигитларга ўйин сўнгигача ҳаракат қилишганини, кучини берганини айтдим. Рақибларни ғалаба билан табриклайман.
— Икки ўйиндан буён Виктор Мбаома ҳужумда ўйнади. Бироқ бундан самара чиққани йўқ. Бошида Жасур Холтўраев ҳужум чизиғида яхши ўйин кўрсатаётгандек эди. Нега у асосий таркибда майдонга тушмаяпти?
— Умуман олганда, Виктор ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. Ўйин давомида унда биргина яхши вазият бўлди. Бироқ ўшанда у нотўғри позиция танлади. Назарий жиҳатдан буни муҳокама қилиб олдик. Бошқа томондан у яхши ўйин кўрсатди. Ёмон ўйнади дея олмайман, чунки 10 киши бўлиб қолгандан кейин барчага қийин бўлди. Шунчаки кучларни янгилаб олиш керак эди. Биз ҳали кўп ишлашимиз керак. Мбаома ёмон футболчи эмас. Бироқ унинг бир қанча функцияларини ўзгартириш лозим. Жамоада ишланиши керак бўлган нарсалар кўп. Жамоа бошқатдан қурилаётганини инобатга олсак, 5 ой давомида ўйинни қуриш қийин бўляпти. Навбатдаги учрашувларда ўйинимиз яхшироқ бўлишига, максимал куч билан ишлашга ҳаракат қиламиз.
Албатта, "Қизилқум" мухлислари олдида узр сўрайман. Ҳозир ҳолатимиз шундай. Бу футбол. Барча ишдан тўғри хулоса чиқариш керак. Шу орқали биз тўғри йўлга тушиб оламиз.