Жаҳон чемпионатида зафар қучиш ҳар бир футболчининг орзуси саналади. Ҳа, бунга эришиш жуда мушкул, аммо уддаласа бўладиган иш. Шу билан бир пайтда клублар миқёсида ЕЧЛ бош соврини ҳам катта мавқейга эга. Чемпионлар лигасида кучли клубларга қарши, бироқ ҳар йили курашилади. Аммо мундиал тўрт йилда бир марта ўтказилади. Қуйида икки совринни ҳам бир йилда ютган айрим футболчилар номи қайд этилади.
Рафаэль Варан – 2018
2014 йилда Бразилия яшил майдонларида ўтган мундиалда Варан энг яхши ёш футболчи деб топилади. Орадан тўрт йил ўтиб, у 2018 йилги чемпионатга кетма-кет уч марта ЕЧЛ ғолиби бўлган ҳолда келади. Марказий ҳимоячи Франция термаси сафида Россиядаги еттита ўйинда ҳам қатнашиб, чемпионликка эришган.
Роберто Карлос – 2002
Франциядаги финалда муваффқиятсизликка учрагандан кейин, Бразилия кейинги жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўра бошлайди. 2002 йилги турнирда Роберто Карлос ва унинг жамоаси қаттиқ курашган ҳолда финалгача етиб келади. Финалда эса бразилияликлар тарихда бешинчи марта зафар қучади. Роберто Карлос эса ўша йили "Реал" сафида ЕЧЛни ҳам ютганди.
Кристиан Карамбё – 1998
Янги Каледонияда таваллуд топган қаҳрамонимиз, 17 ёшида ўқиш ва футбол ўйнаш учун Францияга келади ва бутунлай ҳаёти ўзгариб кетади. Ярим ҳимоячи ўз фаолиятини "Нант" сафида бошлайди. 1995 йилда у "Сампдория"га кўчиб ўтади. У икки мавсум давомида Италияда ҳаракат қилиб, "Реал" эътиборига тушади. "Қироллик клуби" эса унга 1998 йилда илк ЕЧЛ ғолиблигини тақдим этганди. Карамбё ўша йили ёзда Франция термаси билан мундиалда ҳам зафар қучади.
Ули Хёнесс – 1974
Хёнесс 74 йилги мундиал финалида Нидерландия ҳужумчиси Йохан Кройффга қарши қўполлиги билан жарима зарбасига сабаб бўлади. Бу зарба эса ҳисоб очилишига олиб келганди. Аммо Ғарбий Германия ўйин охирига қадар ҳисобни ўз томонига оғдириб, якунда чемпионликни қўлга киритади. Хёнесс эса бу учун майдонда анча тер тўккан. У ўша йили Еврокубокда ҳам зафар қучган эди.
Герхард Мюллер – 1974
Немислар уни "Der Kaiser" ёки "Der Bomber" деб аташади. Албатта, дарвоза тўрини қаерда жойлашганини яхши билганингиздан кейин, шундай лақаб олишингиз табиий. Мюллер Германия термаси сафида 64 та ўйин ўтказиб, 68 та голга муаллифлик қилади. "Бавария" учун эса 365 та гол уришга эришган. Унинг энг катта қаҳрамонлиги 1974 йилги мундиал финалида юз берганди. Герд финалнинг 43 дақиқасида ғалаба голини киритган эди. У 1970 йилдаёқ "Олтин тўп" совринига эга чиққан.
ИСМАТОВ Ж.