Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Дилшод Нуралиев: «Осиё чемпионатида мен учун қийин вазият 2та бўлди»

Баҳо:
+1 | -

6 октябрь куни Осиё чемпионатининг финалида Япония ўсмирлар терма жамоасини мағлуб этиб, чемпионлик кубоги билан юртимизга қайтган жамоа бош мураббийи Дилшод Нуралиев ва журналистлар ўртасидаги матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида мураббийдан ташқари ЎФФ Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов, ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев иштирок этишди.

Дастлаб кириш сўзи билан ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов сўзга чиқди.
— Барчангизни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ғалабаси билан табриклайман. Халқимизда бир гап бор, "Ғалабанинг қариндоши кўп бўлади, мағлубият етим бўлади". Шунинг учун бу ғалаба барчамизники. Ўсмирлар терма жамоамизнинг ғолиблиги бўйича кўп табриклар бўлди. Матбуотда мураббийлар штаби ва мутахассислар шаънига илиқ гаплар ёзилди. Бунинг учун миннатдормиз.

Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоаларимизнинг келгуси иш режалари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўсмирлар терма жамоамизнинг ютуқлари кечаги ютуқ деб ҳисоблаб, ЖЧга тайёргарлик режасини туза бошладик. Тайёргарлик давомида Африка, Европа, Америка жамоалари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказишни режалаштирганмиз. Айнан ушбу қитъа жамоалари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказиш бўйича ЎФФ президентидан ҳам топшириқ олганмиз. Январь-февраль ойларида 2013 йилги иш режаларини кенг оммага тақдим қиламиз.

Миллий терма жамоа 12 ва 16 октябрь кунлари БАА ва Қатар миллий терма жамоаларига қарши ўйинларни ўтказишади. Эртага улар сафарга йўл олишади. Делегация таркиби тасдиқланди. Терма жамоага бугун йиғилади ва 23 нафар футболчи Дубайга йўл олади.

Ёшлар терма жамоамиз. Улар бугун Саудиядан қайтишади. Улар у ерда Саудия ёшлар терма жамоасини мағлубиятга учратишди. Тошкентда сўнгги йиғин ўтказилади ва октябрь ойи сўнгида БААга йўл олишади.

Ампутантлар терма жамоамиз. Ҳозирда Калининградда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида иштирок этишмоқда.

16 ва 19 ёшли қизларимиз октябрь ва ноябрь ойларида бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатига саралаш мусобақаларида иштирок этишади.

— Дилшод ака, ҳакамнинг финал ҳуштаги янграганидан кейинги ҳис туйғуларингиз қандай бўлди?
Дилшод Нуралиев: — Шунча йўлни босиб ўтиб, финалга етиб борганимиздан кейин Япония терма жамоасининг кучини яхши билардик. Уларга қарши яхши тайёргарлик кўрдик. Япониянинг кучини барча кўрди. Ўсмирларимизга раҳмат айтаман. 19 кун бир жойда футбол ўйнаш оғир, айниқса бу ёшда. Иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирдик ва йигитларни пенальти тепишни ўргатганимиз учун бўлса керак, омад биз томонда бўлди.

Ҳуштакдан кейин бу ҳолатни сўз билан айтиб бўлмайди. Барчамиз кўзда ёш билан ғалабани нишонладик. Бизнинг ҳолатимизни ўша жойда бўлган одамгина яхши ҳис қила олади.

— Жамоа ҳар иккала пенальтилар серияда жуда муваффақиятли ҳаракат қилди. Жамоани пенальтилар сериясига тайёрлаганмидингиз?
— Мусобақадан аввал Дукентда 2 ҳафталик йиғин ўтказганимизда, ҳар куни машғулот якунида ярим соат пенальти тепиш билан шуғулландик. Ҳам футболчилар, ҳам дарвозабонни бу вазиятга руҳан тайёргарлаб бордик.

— Ушбу таркиб сақланиб қолинадими ёки яна янги футболчиларни таркибга жалб қиласизми?
— Терма жамоанинг эшиклари барча футболчилар учун очиқ. Бундай ёшдаги футболчиларда ўйин амалиёти турлича бўлади. Янги футболчиларни кузатишда давом этамиз. Қишда бўладиган йиғинда янги футболчиларни синовдан ўтказамиз. Қайси жамоа терма жамоа талабига жавоб берадиган футболчиларни терма жамоага таклиф қиламиз.

— ЖЧ тайёргарлик режалари қандай бўлади?
— Тайёргарлик жараёнида муаммо бўлмайди, деб умид қиламан. Асқар ака айтиб ўтганидек, Европа, Африка ва Американинг етакчи жамоалари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказамиз.
Асқар Толибжонов: — Таркибни 23таликка олиб келишдан аввал, 200 нафардан ортиқ болалар кўрикдан ўтказилди. Улар дастлаб 50тага тушди, кейин 30тага тушди, якунда 23 нафар футболчи Осиё чемпионатига олиб борилди. Бу ўсмирлар терма жамоанинг географиясига эътибор қаратсак, 11 вилоятдан номзодлар борлигини кўрамиз. Бу селекция ишлари яхши олиб борилганини билдиради.

— Бу сизнинг ўсмирлар терма жамоасидаги иккинчи фаолиятингиз ҳисобланади. Сиз аввал 1986 йилда таваллуд топган футболчилар билан ҳам ишлагансиз. Ўша таркибдан Бикмаев, Денисов, Шораҳмедов, Турсунов каби футболчилар ҳозир терма жамоада ўйнамоқда. Бу таркибда ҳам келажаги порлоқ футболчилар борми?
— 2002 йилда бош мураббий ёрдамчиси сифатида Осиё чемпионатига боргандим. Иқтидорли болалар ҳозирги терма жамоада ҳам бор. Ўсмирлар ўз устида ишлашда тўхтаб қолишмаса, уларнинг орасидан яхши футболчилар етишиб чиқади. Кореяни енганимиздан кейин хорижий скаутлар футболчиларимиз билан қизиқишди. Балки уларга хориждан таклифлар бор. Ҳақиқатан ҳам 1986 йилда тарбиялаган футболчиларимдан 3-4 нафари миллий терма жамоа сафида ўнашмоқда. Бундан хурсанд бўламан. Ҳозирги ўсмирларимизнинг бир неча нафари вақти келиб МТЖда ўйнашига умид қиламан.

— Ташкилотчиликда муаммолар бўлмадими?
— Меҳмонхона, овқатланиш борасида муаммолар бўлмади. Фақат биз учун ажратилган машғулот майдонлари талабга жавоб бермасди. "Роҳ-Оҳан" стадиони Осиё чемпионати учун талабга жавоб бермасди. Ҳайронман, бундай стадионда нега ўйин ўтказишга рухсат беришган. Ундан ташқари, ўйинлардан бироз олдин стадионларга сув сепишаркан. Бу ҳам ўйин пайтида қўшимча муаммолар яратди. Айниқса, Япония билан ўйинда футболчилар кўп йиқилиб тушаверишди.

— Терма жамоа аъзоларида ўйин амалиёти бўйича муаммолар бўлмайдими?
— Ўйин амалиёти бериш бўйича "Бунёдкор", "Машъал" ва "Пахтакор" клубларига мурожаат қилиб, уларни ёшлар жамоасига жалб қилишни сўрадик. Бундан ташқари футболчилар шаҳар ва вилоят биринчиликларида ўйин амалиётига эга бўлиб боришади. Тайёргарлиги талабга жавоб берадиган футболчиларни терма жамоага таклиф қиламиз.

— Терма жамоанинг имкониятларини яхши биласиз. Терма жамоа ўз имкониятлари даражасида ўйнаб чемпион бўлдими ёки ўз имкониятларидан яхшироқ ўйнадими?
— Биринчи ўйинларда ҳаяжон туфайли яхши ўйнай олишмади. Ҳиндистон бизнинг ўйинимизни яхши ўрганиб, бизга қарши яхши тайёргарлик кўрган. Хитой билан ўйинда 2та гол уриш учун 100 фоизлик имконият бўлди, аммо биз гол ура олмадик. Натижада йигитлар тушкунликка тушишди. Сурия билан ўйинда бу ўз таъсирини кўрсатди.

Гуруҳ босқичида ўз имкониятидан паст ўйин кўрсатишди. Бунга ҳаяжон ва босим сабаб бўлди. Бу нарса ҳаммада бўлди. Менда ҳам, ёрдамчиларимда ҳам, йигитларда ҳам. Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса ҳаяжон йўқолди. Бу ўз самарасини берди. Бир калла баланд сакрадик дея олмайман. Бундан ҳам яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Гуруҳ босқичида яратилган вазиятларда фойдалана олганимизда футболчиларда ўзига бўлган ишонч ортиб кетарди. Корея билан ўйиндан кейин мутахассислар жамоамизга баҳо беришди. Гуруҳдан чиқиб олгандан кейин футболчилар ўзларини эркин ҳис қила бошлади.

— Акобир Тўраевни сюрприз сифатида плей-офф олиб қолдингиз. Унинг функционал ва руҳий тайёргарлиги борасида муаммолар келиб чиқишидан кўрқмадингизми?
— Биз ҳар кунги назарий машғулотлар давомида унга тушунтириш ишларини олиб бордик. У шошмаслиги кераклигини, ўз вақтини кутиши лозимлигини таъкидладик. У ишончимизни оқлади ва муҳим голларни урди.

Ҳар куни эрталабки машғулотда футбол ўйнамаган футболчилар машғулотида Акобирнинг функционал тайёргарлигини ушлаб турдик.


— 1986 йилги жамоани "Пахтакор-2" қилиб, Тошкент шаҳар чемпионатида иштирок этганидингиз. Бу жамоа билан ҳам шундай тажриба қўллаш ниятингиз йўқми?
— Менимча, бу тажриба нотўғри бўлади. Ҳозир академияларимизда тажрибали мутахассислар ишламоқда. "Бунёдкор"да Сергей Лушан, "Машъал" ва олимпия захиралари коллежида яхши мутахассислар ишламоқда. Ҳозирги шароитда ҳар бир футболчи ўз клубида ўйнаса ва терма жамоа ҳар ойда 1-2 ҳафталик йиғинда иштирок этса, шунинг ўзи етарли бўлади.

— Сиз учун Осиё чемпионатидаги энг қийин ҳолат нима бўлди?
— Менда бундай ҳолат 2та бўлди. Биринчиси, Ҳиндистонга қарши биринчи ўйинда юзага келди. Барча Ҳиндистонни йирик ҳисобда енгамиз деб ўйлаганди. Лекин ўзим хавотирда эдим. Бу ўйин қийин бўлишини билардим. Лекин буни ҳеч кимга билдирмадим. Ҳиндистон билан ўйин — бутун жамоанинг хатоси эди.

Иккинчи қийин вазият. 20 кун давомида жамоанинг жанговар ҳолатини ушлаб туриш қийин бўлди. Ҳар куни машғулот майдони ва меҳмонхона орасида қатнаш - бу оғир. Лекин биз кўнгилочар машғулотлар олиб боришга ҳаракат қилдик. Ҳааркатларимиз зое кетмади, деб ўйлайман.

— Осиё чемпионатида ғолиб чиққанлар қандай рағбатлантирилади?
Асқар Толибжонов: — Барчани қизиқтираётган саволни бердингиз. Спортда қўлга киритилган ижобий натижа ҳар доим рағбатлантирилиб келинган. 18 октябрь куни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини тақдирлаш маросимини ўтказишни режалаштирганмиз. Бу маросимда ўсмирларимиз меҳнатига яраша тақдирланишади. Бу борада ЎФФнинг ишчи гуруҳи ишламоқда. Бу тадбирда ҳар бир футболчининг ота-онаси иштирок этади. Улар ҳам Федерация томонидан тақдирланишади. Қандай совғалар берилиши 18 октябрь кунги йиғилишда эълон қилинади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 12:15, 09.10.2012.
Ўқилди: 5864 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.