Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Наполи»: Мавсум бўйи 36 хил футболка!

Баҳо:
+ | -

«Наполи» мавсум бўйи 36 хил футболка чиқарди. Шундан 25 хили чемпионлик марраси забт этилганидан сўнг ҳавола қилинди. Эътиборли томони, уларда ҳар бир футболчининг қиёфаси акс эттирилган. Ҳа, «Наполи» футболчилар тасвири босилган индивидуал футболкаларни чиқара бошлаган дунёдаги биринчи клубга айланди. Жамоа аъзолари чемпионликни айнан шу антиқа ва ноёб формаларда нишонлашди. Энди эса клуб янги ғоя ортидан қўшимча пул ишлашга тушди. Ҳар ҳолда, катта рамзий маъно касб этмайдиган оддий футболкаларнинг бир донаси 150 евродан сотилмоқда. Ҳеч қандай шубҳа йўқ, узоқ кутилган скудетто таъсирида бундай формаларга талаб жуда катта. Кўринишидан, энди ушбу конвейерни тўхтатиб бўлмайди.

Аурелио де Лаурентис ғояси. Индивидуал формалар - клуб президенти ғояси маҳсули. Айтганча, де Лаурентис қиёфаси босилган футболка ҳам бор. Кино оламининг машҳур вакили саналган «Наполи» соҳиби ҳаттоки, клуб шундай либосда ўйнашини хоҳлайди. Лекин «А» серия бунга рухсат бермаслиги аниқ. Муҳими, «Наполи» президенти футболкалар сотувини яхшилаш борасида қизиқарли тажрибаларга қўл уришда бардавом. Эслатиш керак, Неа­поль клуби 2021 йилдан футболкалар тўпламларини мустақил ишлаб чиқармоқда ва уларни тарқатиш-сотиш ишлари ҳам клуб назоратида. Жамоа бу борада фақат Жоржо Армани бренди - EA7 дизайнидан фойдаланади. Неа­полликлар биринчи мавсумда одатдагидек 3-4та эмас, 10тадан ортиқ тўплам яратишди. Жорий мавсум эса «Наполи» январга қадар 9 хил дизайнда ишланган футболкаларни кўз-кўз қилди. Футболчилар жумладан, катта лаб, кўршапалак ва буғу тасвири туширилган формаларда ҳаракатланишди.

Кўринишидан, клубда ўтган йилги кўрсаткични кескин яхшилашга қатъий қарор қилишгандек. Дейлик, La Repubblica нашри февраль ойида де Лаурентис «А» серия раҳбариятига ҳар бир футболчи учун алоҳида форма тайёрлаш ғояси бўйича мурожаат қилгани ҳақида хабар тарқатди. Яъни у  Хвича Кварацхелия, Виктор Осимхен ва жамоанинг бошқа аъзоларини ўз суратлари туширилган футболкада майдонга ташлашни хоҳлаган. Табиийки, «А» серия бу ғояни қўллаб-қувватламади ва «Наполи»га расмий ўйинларда индивидуал формалардан фойдаланишни расман тақиқлади. Аммо де Лаурентис ўз ғоясидан чекинмади, барибир. Мана, клуб олтин медаль билан тақдирланиш маросими шарафига 25 хил футболка чиқарди. Шу тариқа футболчилардан ташқари, бош мураббий Лучано Спаллеттига ҳам ўз тасвири туширилган форма топширилди. Табиийки, Аурелио де Лаурентиснинг ўзи ҳам алоҳида форма олди. Албатта, дарвозабонлар учун махсус ишланган свитер вариантлари ҳам йўқ эмас. Тўғри, футболкалар дизайн бўйича бир хил.

Амалда қўлланилган тажриба. «Наполи» вақтида Диего Марадона қиёфаси акс эттирилган футболкаларни ҳам чиқарган эди. Умуман, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, «Наполи» жорий мавсум  36 хил футболкани намойиш этди. Барча футболчилар, жумладан, дарвозабонлар, Спаллетти ва де Лаурентис учун махсус тайёрланган формалар ҳам шунинг ичида. Қизиқ, кимдир ўз коллекцияда ҳар бир вариантни йиға оладими? Агар расмий ўйинларда фойдаланилганларини айтсак, «Наполи»да 9та соф тўплам бор (дарвозабонларникидан ташқари). Ҳатто шу ҳам кўникилган стандарт меъёридан анча кўп. Яна бир томони, олдинроқ ижтимоий тармоқларда дизайнерлар баъзан «Наполи»нинг янги тўпламлари устида унча ишламаётганлари танқид остига олинганди. Масалан, Рождество буғуси тасвири туширилган футболка дизайни кўпчиликка ёқмади. Чунки форма учун буғунинг оддий сурати танланган ва унинг устида ишланмаган. Боз устига, буғуси бор «Наполи» футболкаси 125 евродан сотилган. Энг қизиғи, жамоа етакчиси Виктор Осимхен ўшандаёқ ҳар бир футболчи сурати туширилган либос пайдо бўлишини башорат қилганди. Нигериялик ҳужумчи энди клубдоши Мариу Руи қиёфаси босилган форма юзасидан ҳазиллашишни ҳам пайсалга солмади: «Ким акамни бундай қилиб қўйди?»

Умуман олганда, «Наполи» бу тажрибани ўтган мавсумдаёқ синаб кўрганди. Ўшанда клуб афсонаси Диего Марадона шарафига унинг тасвири босилган 3 хил рангли футболкалар ишланган. Ҳозирча «Наполи» ва EA7 ўртасидаги ҳамкорлик кейинги мавсум давом этиш-этмаслиги аниқ эмас. Аммо агар шартнома муддати узайтирилса, мухлисларни шунга ўхшаш дизайнлар билан яна ажаблантириш анча қийин бўлиши тайин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: stadion.uz
Киритилди: 08:28, 02.06.2023.
Ўқилди: 1429 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.