Кеча, 12 октябр куни, пойтахтимиздаги «Ёшлар ижодиёти саройи»да яқиндагина Осиё чемпионатида ғалаба қозонган ўсмирлар терма жамоамиз аъзолари «Фонд Форум» томонидан тақдирланди. Совғаларни жамғарма васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова топширди.
«Келажак овози» ёшлар ижодиёти маркази фаолларидан бирининг ўз блогида ёзишича, тақдирлаш маросими онлайн тарзда мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларига узатилди. 11 та вилоят (Тошкент вилоятидан ташқари) ва Қорақалпоғистон Республикасидаги «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази фаоллари мазкур тадбирнинг барча онларидан баҳраманд бўлиб туришди ҳамда ғолибларимизни онлайн тарзда қўллаб-қувватлашди, деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.
Манбада кўрсатилишича, тақдирлаш маросимида шунингдек ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳам иштирок этган. Осиёнинг 4 карра энг яхши ҳаками «Фонд Форум»нинг ўсмирлар терма жамоаси аъзоларига аталган эсдалик совғаларини Гулнора Каримова билан биргаликда топширди.
«Тўғрисини айтсам, мен Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлганини эшитганимда ва ушбу тақдирлаш маросими олдидан уларни катта, бақувват ва ҳайбатли йигитлар бўлса керак деб ўйлагандим. Ҳозир кўриб турибманки, улар ҳали жуда ёш, кўзларида болалик қувончи анқиб турибди. Уларни кўриб мен ҳам завқланиб кетдим. «Тwitter»да ёзганимдек, сизларга келгуси йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам мухлислик қиламиз ва ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз», дея Гулнора Каримованинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда юқорида номи келтирилган манба.
«Қойил, табриклайман. Японияни ютиш осон эмасди лекин, улар жуда кучли жамоа эди. Бу узоқ йўлнинг биринчи қадами холос. Энди бу ўсмирларимиз бундан буёғига хотиржамликка берилмасдан, юлдузлик касалига чалинмасдан, «ерда юришлари» керак. Худо хоҳласа, ўшанда ҳаммаси яхши бўлади», дейди Эрматов.
Шунингдек, блогга ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Илҳомжон Абдуғаниев ҳам қисқача ўз фикрларини билдириб ўтди:
«Энг аввало бизга шунақа шароит яратиб берган Президентимизга, ҳукуматимизга, федерациямизга, шунингдек, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга, юртдошларимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Бизга кўп имконият ва шароитлар яратиб беришди, кўплаб ўқув-йиғин машғулотлари ташкиллаштирилди. Шулардан унумли фойдалана олганимиздан хурсандман. 2 йил олдин акаларимиз жаҳон чемпионатларида яхши ютуқларга эришиб, бизга ўрнак бўлишганди, биз уларга қараб ҳаракат қилгандик. Чемпион бўлганимиздан кейин, Ўзбекистон ҳам Япония, Корея, Эрон давлатларидан кучсиз эмаслигини исботлаб бердик. Жаҳон чемпионатида ҳам, Худо хоҳласа, чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз».