ОФК Тафтиш комиссияси илк марта Иорданияга ташриф буюрди. Комиссия таркибида ҳамюртимиз Алишер Никимбаев ҳам бор.
Иордания клублари ОФК кубогида иштирок этиб келмоқда ва шу пайтгача 3 маротаба бош совринни қўлга киритишган. ОФК комиссияси эса Иорданияга 11 октябрь куни етиб борди.
Делегация аъзолари 17 октябргача Иорданиянинг барча 12та клуби текширувдан ўтказишади. Иордания футбол ассоциацияси вице-президенти Муҳаммад Алаян тафтиш комиссияси аъзоларини кутиб олди ва янги иш услубига ўтиш орқали ОЧЛда иштирок этишга муносиб бўлишга интилаётганликларини айтиб ўтди.
"Биз профессионал лига тузиш борасида сўнгги ойларда жиддий ишларни амалга оширдик. Умид қиламан, ОФК билан ҳамкорлигимиз ҳар иккала томон учун фойдали бўлади ва бизнинг бош мақсадимиз ОЧЛда иштирок этиш", дейди Алаян.
ИФА бош котиби Халил ас-Салим ОЧЛ талабларини бажариш орқали клубларни профессионаллаштириш мумкинлигини таъкидлади.
"ОЧЛ талаблари клубларимиз учун фойдали бўлди. Биз барча талабларни бажариш орқали ОЧЛда ўрин олишга умид қиляпмиз", дейди бош котиб.
2013 ва 2014 йилги мавсумлар учун ОЧЛга ўринлар тақсимоти ноябрь ойида ҳал бўлади.