Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси 18 октябрь куни тонгда Тошкентга етиб келди.
2012 йилнинг 10-14 октябрь кунлари Россиянинг Калининград шаҳрида ногирон-ампутантлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси ғолиб чиқди.
Мавзурхўжа Умархўжаев шогирдлари мусобақанинг гуруҳ босқичида Туркия (6:1), Япония (7:0), Либерия (8:2), Англия (4:2), Украина (4:0) терма жамоалари, ярим финалда Аргентина терма жамоасини (4:0) мағлуб этишди. Россия терма жамоасига қарши ўтган финал ўйинида эса Ўзбекистон терма жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида учинчи бор жаҳон чемпиони номига сазовор бўлди.
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасини Тошкентда ЎФФ вакиллари, мухлислар ва ОАВ ходимлари кутиб олишди. 18 октябрь куни жаҳон чемпионларини тақдирлашга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, 17 октябрь куни Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси аъзоларининг бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони эълон қилинган эди.