Калаётган ҳафтада Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Ўзбекистон футбол мухлисларининг нигоҳи Осиё чемпионлар лигаси баҳсларига қаратилади.
Саудиянинг "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Аҳли" жамоалари Жидда шаҳрида эртага куч синашишса, "Бунёдкор" ва "Ульсан Хёндэ" клублари чоршанба оқшомида "Жар" стадионида саф тортишади.
Қизиқ томони, "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Аҳли" клублари Жидда шаҳри жамоалари бўлиш билан бирга, улар битта стадионда ўйнашади. "Қирол Абдуллоҳ ал-Файсал" стадиони ҳар иккала жамоанинг уй стадиони ҳисобланади. Биринчи ўйинда расмий мезбон — "Ал-Иттиҳод". Саудияда ҳозир ҳаж мавсуми бошлангани учун ўйин 24 октябрдан 22 октябрга кўчирилган.
"Ал-Иттиҳод" 1929 йилда ташкил топган бўлса, "Ал-Аҳли" орадан 8 йил ўтиб ташкил этилган. Улар илк марта 1938 йилда ўзаро тўқнаш келишган ва ўшандан бери миллий чемпионат ва мамлакат кубогида бир-бирига ашаддий рақиб ҳисобланади.
Чемпионлар лигаси ташкил топганидан буён бир мамлакатдан 2 жамоанинг ярим финал чиқиши учинчи марта юз бермоқда. Бунгача 2006 йилда Кореянинг "Чонбук Моторс" ва "Ульсан Хёндэ", 2008 йилда эса "Гамба Осака" ва "Урава Редс" клублари ярим финалгача етиб келишган.
"Ал-Иттиҳод" 2004 ва 2005 йилларда ОЧЛда ярим финалига етиб борган, шунингдек, жамоа 8 марта Саудия Арабистони чемпионлигини қўлга киритган. "Ал-Аҳли" эса 2 марта мамлакат чемпионлигига эга бўлган. Бу жамоа 2011 йилги мавсумда "Ал-Иттиҳод"ни мусобақадан чиқариб юбориб, Қирол кубогини қўлга киритган бўлса, миллий чемпионатда Сервер Жепаровнинг "Аш-Шабоб"идан кейин 2-ўринни эгаллади.
"Иттиҳод" эса ўтган мавсумда 5-ўринни эгаллаб, сўнгги 14 йил ичида энг ёмон кўрсаткични қайд этишди. 2012 йилнинг февраль ойида жамоани испаниялик мутахассис Раул Канеда қабул қилиб олди. Хабарингиз бор, ушбу мураббий қўлостида жиддаликлар ОЧЛ гуруҳ босқичида "Пахтакор"ни икки марта мағлуб этишганди — Жиддада 4:0, Тошкентда 2:1.
"Ал-Иттиҳод" Раул Канеда бошчилигида 22та ўйинда турли мусобақаларда кетма-кет мағлубиятга учрашмади. Фақатгина "Гуанжоу Эвергранде" қарши Хитойда бўлиб ўтган чорак финалда 1:2 ҳисобида ютқазди. "Иттиҳод"нинг фахрий ҳимоячиси Ризо Такар "Ал-Аҳли"га қарши ўйинда сариқ карточкалар йиғилиб қолгани учун майдонга туша олмайди.