Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миржалол Қосимов: «Қўшимча босимга ўрганиб қолганман...»

Баҳо:
+3 | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан тақдим этилган саволларга жавоб қайтарди. Ушбу интервью ОФК сайти ҳамда Осиё Чемпионлар лигаси финали арафасида чоп этиладиган махсус журнал учун уюштирилган.

- “Ульсан Хёндэ” жамоаси ҳақида нималар биласиз ва рақибдан ярим финал учрашувларида қандай ўйин кутяпсиз?
- Жанубий Корея жамоалари қитъада энг кучлилар сирасига киради. Хох терма жамоа, хох клублар мисолида бўлсин. Буни сўнгги 10 йилликда эришилган натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Шахсан “Ульсан Хёндэ”га келадиган бўлсак, бу жамоа менда ёрқин таассурот қолдирди. Уларнинг чорак финалдаги “Ал Ҳилол” билан ўтказган иккала ўйинни ҳам кўриб чиқдим. Айниқса сафардаги 4:0 ҳисобидаги ғалаба жамоанинг қандай салоҳиятга эка эганлигини кўрсатди. Гап ҳисобда ҳам эмас. Ўйин сифати бўйича корейслар жуда яхши таассурот қолдиришди.

- “Аделаида Юнайтед” билан бўлган баҳсдан фарқли ўзароқ “Бунёдкор” ярим финалнинг биринчи учрашувини ўз майдонида ўтказади. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, жамоангизнинг ўйин тактикаси ўзгарадими?
- Одатда жамоа ўз майдонида ўйнаганида рақибга қараб эмас, ўз кучи ва имкониятига қараб тўп суради. Тактика жавоб учрашувида, у ҳам бўлса биринчи ўйин натижасига қараб ўзгариши мумкин. Шу боисдан ҳам биз ўз майдонимизда бор куч билан ўйнашга харакат қиламиз.

- Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувини Ўзбекистонга олиб келиш Сизларга нимадир англатадими? “Бунёдкор”нинг ўз мухлислари кўз ўнгида мусобақада ғолиб чиқиши қанчалик даражада муҳим?
- Шу пайтгача Ўзбекистон жамоалари 4 мартта ярим финал иштирокчисига айланишган. Демак биз бу босқичдан ўтдик ва энди финалга чиқиш мақсадини қўйиш вақти келди. Айрим маълумотларга кўра, ўзбек футболи 100 йиллик тарихга эга эканлиги айтилмоқда. Демак биз финални Ўзбекистонга олиб кела олсак, бу санага ўзига хос совға бўлади. Чорак финалда “Жар” стадионини тўлдирган ишқибозларнинг ҳаммаси ҳам “Бунёдкор” мухлислари эмас эди. Улар ўша куни Ўзбекистон жамоасининг ютуғига шерик бўлишди. Энди тасаввур қилинг, биз финалда ғолиб чиқсак, юртимизда қанчалик байрам бўлишини! Бу қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, миллионлаб мухлислар шодлиги учун биз қўлдан келганча вазифани уддалашга харакат қиламиз.

- 2008 йили жамоани ОЧЛнинг ярим финалига олиб келган бўлсангиз-да, терма жамоадан тушган таклиф туфайли клубдаги ишингизни бошқа мураббийга топширган эдингиз. Жорий йилги турнирда ҳам “Бунёдкор”ни кучли тўртликка етаклай олдингиз. Айтингчи, Сизда мураббий сифатида ўз ишимни охиригача етказмадим деган ҳис борми?
- Албатта. Мен мураббий сифатида ўз ишимни охирига етказиш учун хали хеч нарса қилмадим десам ҳам бўлади. Албатта мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби бўлиш ёқимли. Лекин халқаро миқёсдаги ютуқлар кишига катта завқ бағишлайди ва меҳнати самарасини кўрсатади. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоага таклиф қилиб, шу билан бирга клубдаги ишимни охирига етказишим учун имкон берган Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Ҳозир олдимда “Бунёдкор”ни қитъа чемпионлигига олиб келиш, миллий терма жамоа билан эса Жаҳон чемпионати финалига йўлланма олишдек катта мақсадлар турибди. Ана шу мақсадларга эриша олсам, ўз ишимдан қониққан бўламан.

- “Аделаида Юнайтед” устидан қозонилган ғалабадан сўнг “Бунёдкор” ярим финалга юлдузларсиз етиб келди ва 2008 йилдаги натижа билан солиштирганда хозиргисини қадри баландроқ, деб таъкидладингиз. Нима учун 2012 йилгиси қадрлироқ?
- Саволингизда жавобнинг ўзи кўриниб турибди-ку (кулади). 2008 йилда Жаҳон футбол юлдузи Ривалдо бошчилигидаги легионерлардан ташқари Ўзбекистоннинг энг кучли футболчилари “Бунёдкор” таркибидан жой олганди. Бир йил ичида клубни 17 (!) асосий ўйинчи тарк этгандан сўнг, “Бунёдкор” нафақат халқаро майдонда, балки мамлакат ичида ҳам ўртамиёна жамоага айланиб қолади, деган фикрловчилар ҳам бўлди. Биз эса қолган футболчилар билан ҳам меҳнат қилишда давом этдик ва мамлакат чемпионлигини қўлга киритдик! ОЧЛ мусобақасида муваффақиятли қатнашиш учун эса кучли легионер ўйинчилар зарур эди. Бироқ биз маълум сабабларга кўра ўзимиз хохлагандек легионерларни ҳарид қила олмадик. Натижада 4 легионердан 2 тасига мавсум давомида жавоб бериб юбордик, биттаси заҳира ўйинчисига айланди ва ҳозир таркибимизда фақатгина Ян Козак асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланади. Шу боис ҳам бу сафар ярим финалга маҳаллий ўйинчилар билан етиб келганимиз - хорижий юлдузларга таяниб эмас, ўз меҳнатимиз самараси эвазига қўлга киритилганидан кўнглимиз шод!

- Футболчилик даврингизда ўз фаолиятингизни Испаниянинг “Валенсия” клубида давом эттириш таклифи бўлганди. Нима учун ушбу ўтиш амалга ошмаган? Бу иш амалга ошмаганидан афсусланмайсизми?
- “Валенсия” эмас, Вальядолид эди. Ҳақиқатан ҳам фаолиятимни Испанияда давом эттиришим мумкин эди. Кўрикдан ўтиб, шартнома таклиф қилишганда узоқ ўйлаганман. Аёлим иккинчи фарзандимизни дунёга келтирган, унга ва ота-онамга ёрдамим зарур эди. Гап фақат пул жўнатиб туришда эмас, уйдаги эркаларга хос барча юмушларни ўз зиммамга олиш борасида эди. Охири оила манфаати устунлик қилди ва мен Тошкентга қайтдим...

- 2006 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун Ўзбекистон терма жамоаси жуда яқин келган эди. Ўшанда Бахрайнга қарши кечган плей-офф босқичидаги ўйин терма жамоа аъзоси сифатидаги сўнгги учрашувингиз бўлиб тарихда қолган. Терма жамоадаги охирги учрашувингиз бу каби якунланиши Сизга қандай таъсир ўтказган?
- Ўша ўйин, аниқроғи ўйинлар нафақат менга, балки бошқа футболчиларга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Сабаби биз Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозониб, Баҳрайнга жуда яхши кайфиятда ташриф буюргандик ва умумий ютуққа эришиш учун жуда яқин келган эдик. Афсуски майдондаги ғалабамиз идораларда бекор қилинди ва биз Баҳрайндан ўйнамасдан яна Тошкентга қайтдик. Ўшанда жуда алам қилган эди. Кейинги икки ўйинда бахрайнликлар бизни юта олишмаса-да, сафардаги гол эвазига улар қитъалараро плей-оффга йўл олишди. Шундан сўнг футболчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Лекин менга фаолиятимни бундай тарзда якунлашдан кўра, жамоамиз нохақ равишда қолиб кетгани кўпроқ алам қилган. Сабаби биз хеч қачон Жаҳон чемпионати финал турнирига бу қадар яқин келмаган эдик...

- Энди Сиз Ўзбекистон терма жамоасини мураббий сифатида жаҳон чемпионатига олиб бориш имкониятига эгасиз. Агарда орзулар амалга ошса 2005 йилдаги омадсизликни ўрнини мана шу ютуқ тўлдира оладими?
- Албатта. Яратганга шукр қиламанки, футболчилигимда жуда кўплаб ютуқларга эришганман. Фақат Жаҳон чемпионати менга армон бўлиб қолган эди. Агар мураббий сифатида шунга эриша олсам, ўша армон шодлик ва қувончга айланган бўларди.

- Ўзбек футболининг энг машҳур ўйинчиларидан бирисиз. Шундай экан, мухлислар Сиздан мураббий сифатида ҳам худди футболчиликда эришган улкан муваффақиятларингиз яна такрорланишини кутишади. Бу Сизга қўшимча босим юкламайдими?
- Қўшимча босимга ўрганиб қолганман (кулади). ЎФФ президенти миллий терма жамоасини бошқаришни таклиф қилганида, ўйлаб ҳам ўтирмай розилик берганман. Чунки Ватан танланмайди! Албатта (худо кўрсатмасин) вазифани уддалай олмасам, обрўимга путур етиши шубҳасиз. Лекин мен шахсий манфаатимдан кўра Ватан шарафини устун қўяман ва ишонинг, бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас.

- Фаолиятингизнинг илк дамларида Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари билан жаҳон ва Европа чемпионлигини қўлга киритгансиз. Ўша лаҳзаларни эсга олганингизда нималар кўз олдингиздан ўтади? Шунингдек, ўша ютуқлар кейинги фаолиятингизга қанчалик таъсир кўрсатган?
- У пайтларни кўпам эслайвермайман, чунки ҳозир ҳам футбол ичидаман. Балки нафақага чиққанимда хотираларни эслашга вақт бўлар (кулади). Лекин ўша ютуқлар кейинги фаолиятимга катта таъсир ўтказгани рост. Сабаби мен Канададан Жаҳон чемпиони сифатида Тошкентга қайтишим билан, болаликдан бери орзуим амалга ошган – мени ўша пайтда халқ жамоаси ҳисобланмиш “Пахтакор”га таклиф қилишган.

- 1994 йили Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ҳам Ўзбекистоннинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшгансиз. Бу ютуқ ҳақида нима дейсиз?
- Бу ёш мамлакатимиз учун жуда керакли ютуқ эди. Чунки мустақиллика эришганимизга энди уч йил бўлган ва халқаро жамиятда бизни кўпам танийверишмасди. Хиросимада Давлат байроғимиз юқорига кўтарилиб, мадҳиямиз жаранг сочганида Ўзбекистон номини дунёга таралишида биз, футболчилар ҳам ўз улушимизни қўшганимиздан фахрланганмиз! Масалага спорт нуқтаи-назаридан ёндашсак, айнан рақибларимизнинг бизни танимаслиги жуда қўл келган. Илк учрашувдаёқ ўша йилги Жаҳон чемпионати иштирокчиси – Саудия Арабистони термасини 4:1 ҳисобида мағлуб этганимизда сўнг, биз билан қолганлар ҳам қизиқиб қолишган ва ўйинмизни ўрганишни бошлашган. Фақат кеч қолишган (кулади). Чунки биз ўтказилган 7 учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб чемпионликни қўлга киритганмиз!

- Футболчи сифатида қайси ютуғингизни ғурурланиб эслайсиз?
- Менимча хар бир ютуқ қадрли бўлса керак. Ғурурланишга келсак, айнан Осиё ўйинларидаги муваффақият қолган ҳаммасидан устун туради. Шунингдек тенгдошларим орасида Жаҳон ва Европа чемпиони бўла олганим хам фахрли. Айниқса Жаҳон кубогини сардор сифатида футбол қироли – Пеледан қабул қилиб олганим улкан таассурот қолдирган.

- Терма жамоа билан бир вақтнинг ўзида “Бунёдкор”да ишлаш Сиз учун осонми ёки қийин?
- Капелло, Дель Боске сингари мураббийлар фақат термани бошқарсалар хеч қандай муаммо юзага келмайди. Сабаби уларнинг узоқ йиллар давомида тўплаган тажрибаси 1-2 ойда тўпланадиган жамоани жанговар ҳолатга келтириш учун етарли. Мен эса ёш мураббийман ва хали жуда кўп нарсани ўрганишим зарур. Бунинг учун эса хар куни ишлашим керак. Шу жиҳатдан олиб қаралганда клубдаги хар кунги ишим ўз устимда ишлашимга катта ёрдам беради.

- Мураббийлик фаолиятингиз 2006 йилдан бошланди. Ортда қолган қисқа фурсат ичида Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига икки бор етиб келдингиз. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи сифатида ишлаб келмоқдамиз. Тўрт йил ичида бунча муваффақиятга эришишнинг сири нимада?
- Футболчилик фаолиятимни якунлаган “Машъал” клубида, шунингдек, параллел равишда Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб борганман. Муваффақиятга келсак, атрофимдагиларнинг ёрдамисиз хеч нарсага эриша олмасдим. “Бунёдкор” футбол клуби ташкил этилган кундан бошлаб профессинал иш тизимини йўлга қўйилган. Масалан баъзи ҳамкасбларим машғулот ва ўйинлардан ташқари футболчиларнинг кундалик муаммоларини ҳам хал қилишларига тўғри келади. “Бунёдкор”да эса ҳамма ўз иши билан шуғулланади, яъни мураббий фақат машғулотлар ва ўйинлар ҳақида бош қотиради. Ўзбекистон футбол федерацияси ҳам терма жамоалар учун барча шароитларни яратиб берган. Масалан яқинда ўсмирларимиз қитъа чемпионлигини қўлга киритишди. Лекин бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Улар бу мусобақага пухта тайёргарлик кўришлари учун, ЎФФ Терма жамоалар маркази умумий ҳисблаганда 72 кунлик йиғин ўтказишга шароит яратиб берган. Ишлаш учун ектарли шароитлар бўлганда, натижага эришиш ҳам осонроқ бўлади...

- Нима деб ўйлайсиз, кейинчалик йиллар ўтиб Миржалол Қосимовни қайси хизматлари учун кўпроқ эслашади: собиқ футболчи ёки собиқ мураббий?
- Мен футболчилик пайтимда ҳам олдимга катта мақсадлар қўйганман. Уларга қай даражада эришганим натижалардан кўриниб турибди. Лекин энди мен мураббийман ва бу соҳада ҳам олдимга фақат катта мақсадларни қўйганман. Футбол ишқибозларга доимо хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиб келган ва бундан кейин ҳам бу ишни асло сусайтирмайман. Бу борада қўлимдан келган барча ишларни амалга ошириш учун интилаб яшайман!

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 10:20, 22.10.2012.
Ўқилди: 6724 марта.
Фикрлар: 21 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.