Александр Гейнрих ёзда Қозоғистоннинг "Актобе" клубига қўшилди. У билан бирга Бикмаев ва Кападзе ҳам йўл олишди ва улар тезда янги клубга қўшилиб кетишди. Гейнрих "Актобе" клуби сафида Европа лигаси мусобақасида гол уришга эришди ҳам.
Қозоғистоннинг Sports.kz сайти ҳужумчи билан суҳбатлашишга қарор қилди.
— Александр, сиз Ангренда таваллуд топгансиз. Бу шаҳарда футбол қанчалик оммавий?
— Шаҳримизда футбол жуда оммавий эди. Менимча, футбол — мухлислар томоша қилиш учун келадиган ягона мусобақа эди. Шаҳар жамоаси аввал иккинчи лигада ўйнаб, кейин Ўзбекистон чемпионатининг Олий лигасига чиқишга муваффақ бўлганди. У ерда жамоа 2-3 йил тўп сурди.
— Ёшлигингизда ЦСКА футболчисига айлангандингиз. Бу қандай содир бўлган?
— Менга "Пахтакор" клуби президенти қўнғироқ қилди ва айтди: "Нарсаларингни йиғиштир ва ЦСКАга учасан". Шу тариқа Москвага бориб қолдим.
— Нима учун шундай машҳур жамоада ўрнашиб қола олмадингиз?
— Ўша пайтда мен ёш эдим, ЦСКАга эса Ивица Олич ва Вагнер Лав келишганди. Асосий таркибда ўйнаб кетиш учун менда имконият кам эди.
— Амирликда нега омадингиз келмади? У ерда нима учун кам ўйнадингиз?
— Мен жароҳат олдим ва деярли ўйнамадим. Менга маҳаллий чемпионат савияси ёқмади.
— "Актобе"да сизнинг вазифангиз нимадан иборат? Сиз — орқароқда ўйнаб, жамоадошларингизни тўплар билан таъминлайсизми ёки ҳужумнинг олди қисмида ўйнайдиган ўткир футболчимисиз?
— Бу рақибга боғлиқ. Ҳар бир ўйиндан олдин турли ўйин услубини танлаймиз.
— Сиз "Актобе"га Ўзбекистон терма жамоасидаги шерикларингиз — Марат Бикмаев ва Тимур Кападзе билан бирга келдингиз. Қозоғистон клубига тез мослашиб кетишингизда бу омил ёрдам бердими?
— Албатта, ёрдам берди. Терма жамоа ва ҳаётда сен билан дўст бўлган инсонларнинг бир жамоада ўйнаши — яхши-ку. Шунингдек, жамоада ҳам бизни йигитлар яхши қабул қилишди. "Актобе"да ахил жамоа йиғилган. Бунақасини мен ҳеч қаерда кўрмаганман.
— Қозоғистон чемпионати савиясини қандай баҳолайсиз? Қайси жамоалар кўпроқ ёқди?
— Чемпионат савияси яхши. Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бор, ҳар бири ўзича кучли. "Ордабаси" ёқди, "Тараз ва "Астана" ҳам яхши таассурот қолдиришди.
— "Актобе"нинг совриндорлари сафига кириш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Барчаси ўз қўлимизда. Қолган 2та ўйинда ғалаба қозонсак, совриндорлар сафида бўламиз.
— Жамоангиз, шунингдек, Қозоғистон кубоги мусобақасида ҳам кураш олиб бормоқда. "Актобе" учун Қозоғистон кубогини қўлга киритиш муҳимми ёки чемпионатда медал соҳиби бўлишми?
— Биз уни ҳам, бунисини ҳам хоҳлаймиз. Чемпионатда кучли учликка кириб, Кубокни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Ярим финалда бизга "Иртиш" тўғри келди. Дастлабки ўйинни сафарда ўтказамиз. Шунинг учун финалга чиқиш учун яхши имкониятга эгамиз.
— Чемпионат, Кубок, миллий терма жамоа — бундай режимда ўйнаш қийин эмасми? Чарчоқ сезилмаяптими? Сиз йил давомида узлуксиз ўйнаб келяпсиз.
— Ҳа, бироз чарчоқ бор. Жисмоний чарчоқ йиғилди ва дам олишни истайман. Европа лигасининг саралаш босқичида ўйнаганимизда, ҳар 3 кунда ўйин ўтказгандик. Ўшанда жисмонан қийин бўлганди.
— "Актобе" мухлислари сиздан бироз норози бўлишмоқда. Боиси, яратилган барча вазиятларни ҳам голга айлантира олмаяпсиз. Бу борада фикрингиз?
— Уларнинг фикрига қўшиламан. Агар барча вазиятларни голга айлантирганимда, ҳозир "Реал"да ўйнаётган бўлардим (кулади).
— ЖЧ-2014 саралаш босқичида Қатар устидан ғалаба қозонилганидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди. Терма жамоанинг жаҳон чемпионатига бориш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Ушбу ғалабадан кейин имкониятларимиз ошди. Энди эса пешқадамларга етиб олишга ҳаракат қилишимиз лозим. Барчаси иккинчи даврада ҳал бўлади. Иккинчи даврада мусобақа жадвалининг қуйида бораётган жамоалар билан сафарда ўйнаймиз. Сафарда ғалаба қозониб, уйда пешқадамлардан очко олишимиз керак.