АПЛда янги мавсум учун тайёргарликни жиддий бошлаган "Арсенал", "Челси", "Ливерпуль" ҳамда "Ман Сити"га етарли рақобат тўлқинини тақдим этиш учун "МЮ" ҳам планкани баланд олган. Ёзнинг шу пайтгача амалга ошган энг муҳим трансфери сифатида Мэйсон Маунтни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўтган мавсум "Челси" жуда ҳам ностабил ўйин ўтказди. Жамоада яққол ажралиб турган лидер йўқ эди. Бироқ Маунт ҳар қачон бўлмасин, ўзига юклатилган вазифани максимал бажаришга уриниб келди. Унинг "Юнайтед"да истиқболи катта. Қуйида Маунтнинг алоҳида жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
"Челси"да ўтган мавсум Маунт АПЛ доирасида бор йўғи 5 очко жамғарди. Бу ундан олдинги йил билан солиштирганда (21) анча паст кўрсаткич ҳисобланади. Ўртача ҳар бир ўйинда 1,6 марта вазият яратган (ўтган йили - 2.2), 1,8 марта зарба берган (ўтган йили - 2,9). Шундай бўлишига қарамай Маунтда тўп билан ажойиб муомала қилиш кўникмаси пасаймаган. Қуйида тўпга тегишлар кўрсаткичи бўйича ўтган мавсум ҳамда ундан олдинги мавсумнинг солиштирма жадвалига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Френк Лэмпард Маунтга илк имкониятни тақдим этган мураббий ҳисобланади. Бироқ Мэйсонни кўпинча Тухель даврида очилди деб айтиш мумкин. У немис мутахассисининг 3-4-2-1 схемасида "найзанинг учи" бўлиб берди, яъни 10 лик вазифасида анча сермаҳсул эди. Баъзида таркибдан тушиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Бироқ у ўзида ҳар доим мотивация топа олган. 2020-21 йилги мавсумда, яъни Лэмпарднинг сўнгги 6, Тухелнинг эса дастлабки 18 ойи давомида Маунт "аристократлар"нинг энг муҳим ўйинчисига айланди. Бу вақт ичида жамоа ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди ва Маунт финалда фантастик ҳаракат қилди. Инглиз шунингдек, сўнгги икки мавсум давомида лигада вазиятлар яратиш борасида 5-ўринни эгаллади (145). Ундан олдинги ўринларни КДБ, Бруно, Трент ҳамда Сон эгаллаганди. Маунт жами ассистлар бўйича 8-поғонадан жой олади (15), бироқ кутилган узатмалар сони бўйича кучли тўртликка кирган (13,8). Бу борада Харри Кейн 9,2 кутилаётган миқдордан 23 та ассист берган бўлса, Робертсон 11,4 та кўринган имкониятни 17 тага кўпайтира олган.
Маунт хавфли зарба билан туговчи ҳужумларни якунлашда ҳам АПЛда 7-ўринни банд этди. У шунингдек, энг камида 3 минг дақиқа вақт майдонга тушган футболчилар орасида пешқадам бўлиб турибди. Ўтган икки мавсум давомида XG ҳамда XAда энг яхши бўлиб турган ўйинчилар ўртача 0,2 кўрсаткичи қайд этган: КДБ, Бруно, Махрез, Салоҳ, Грилиш, Рафиня, Маунт. Бу вақт оралиғида лигада айнан шу футболчилар рақиблар учун катта хавф туғдириб келди. Пеналтини чиқариб ташлаган ҳолатдаги вазият яратувчилар билан танишиб чиқишингиз мумкин. Шунга қарамай "Челси" янги харидлар олдида Мэйсонни кераксиз деб баҳолади.
Бунча яхши рақамлари ҳам унинг жамоасига ёрдам бера олмагач, энди кетиш пайти келди. У ўтган мавсум 38 баҳснинг 20 тасида асосий таркибда майдонга тушди. Бироқ у бундан ҳам кўпроғига қодир. Тен Хагнинг 4-3-3 схемасида ҳам инглиз ўзини қулай ҳис қила олади албатта. 8 лик ролини Эриксендан тортиб олиши кутиляпти. Агар мураббий ундан 10 лик вазифасида фойдаланса, Маунт Решфорд ҳамда Санчо билан ажойиб трио ҳосил қилиши мумкин. Агар жамоага янги ҳужумчи келадиган бўлса, уни худди Англия терма жамоасида бўлгани каби ҳужумчи ортидаги муваффақиятли ролида ҳам кўришимиз мумкин.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади