Англия Премьер-лигаси бир неча ҳафта олдин 2023-24 йилги мавсум учун тақвимни тақдим этганди. Мавсумолди ўйинларига ҳам ҳадемай старт берилади. Бу учрашувларда футболчилар ўз спорт формасини тиклаб олишлари мумкин бўлади. Аммо айримлар жароҳати сабабли июль ва август ойларида майдонга туша олмаслиги мумкин. Қуйида шундай номлар ҳақида сўз боради.
Кевин Де Брюйне
"Манчестер Сити" янги мавсумни нисбатан эрта бошлаши кутилмоқда. Негаки, Гвардиола жамоаси август аввалида Англия Суперкубоги учун "Арсенал" билан тўқнаш келиши керак. Бу ўйинда "шаҳарликлар" сардори Кевин қатнаша олмайди. У ЕЧЛда олган жароҳатидан тўлиқ фориғ бўла олмаслиги мумкин. Бельгия терма жамоаси аъзоси мавсум аввалигача тиклана олмайди. Негаки, 32 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумнинг охирги икки ойини жароҳати бўлса ҳам ўйнаб ўтказганди. Бу ҳақида журналистларга Де Брюйненинг ўзи айтган.
Бенуа Бадиашиле
"Челси"га олиб келинганига бир йил бўлганига қарамай, Бадиашиле фақатгина 10 та ўйинда майдонга тушди. У келаётган мавсум аввалини ҳам жароҳати сабабли ўтказиб юбориши маълум бўлди. Ҳимоячи чов соҳасидан жиддий шикаст олган ва 4 ойгача майдонга туша олмайди.
Родриго Бентанкур
Ўтган мавсумда Бентанкурнинг йўқлиги, "Тоттенхэм"нинг кучли тўртлик учун курашида катта муаммоларга сабаб бўлганди. Февраль ойида "шпорлар"ни тўртинчи ўриндан бор-йўғи 2 очко ажратган бўлса, Бентанкур жароҳат олганидан кейин, мавсум 8 поғонада якунланди. 26 ёшли ярим ҳимоячи оёғида жарроҳлик амалиётини ўтказди. Шу сабаб ноябрга қадар қайта олмайди.
Майкл Олисе
"Кристал Пэлас" ҳужумчиси Франция ёшлар терма жамоаси сафида жароҳат орттириб олди. Шу сабаб янги мавсумнинг аввали усиз ўтиши мумкин. Уни йўқотиш "бургутлар" учун катта муаммо. Негаки, Вильфрид Заа кетмоқда. Шу сабаб жамоага ҳужумчи керак.
Андреас Перейра
Бразилиялик плеймейкер "Манчестер Сити" билан иккинчи давра ўйинида тўпиғидан жароҳат олади. Шундан бери уни майдонда кўрмадик. Перейранинг бир ой ичида тузалиб қайтиши сўроқ остида турибди.
Алекс Морено
Морено қишки трансферлар ойнасида "Реал Бетис"дан сотиб олинган эди. Ҳимоячи тезда АПЛга мослашиб, "Астон Вилла"нинг муҳим ўйинларида қалқон вазифасини ўтади. 37 турда "Ливерпуль" билан кечган баҳсда, испаниялик жароҳат олганди. Шу сабабли жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. 30 ёшли футболчи энди мавсумолди ўйинлари пайтини ҳам даволаниб ўтказади.
Стефан Байчетич
"Ливерпуль" Байчетичнинг жароҳатини енгиллатишга ҳаракат қилмоқда. 18 ёшли плеймейкер март ойидан бери даволанмоқда. У мерсисайдликлар билан мавсумолди ўйинларига боради. Аммо майдонга тушиш масаласи баҳсли бўлиб турибди. Бу ҳақида Клопп шундай деганди: "Янги мавсум аввалида уни қайтаришни ўйлаяпмиз. Аммо режамиз амалга ошишига кафолат йўқ. Икки ойсиз у тўлиқ машғулотда қатнаша олмайди. Ҳозирча бор гап шу".
ИСМАТОВ Ж.