Футболда катта ва бой клублар устунликка эришади. Бу қудрат молиявий барқарорлик билан чамбарчас боғланган. Бошқача қилиб айтганда, муваффақиятларга эришиш учун яхшигина пулингиз бўлиши ва уни харажат қилишингиз керак. Бироқ, ҳаражатлар миқдорини ҳам чек-чегараси бор. Бу чекловни эса "Молиявий Фейр Плей" деб аталмиш УЕФАнинг махсус назорат қоидалари ўрнатади. Қабул қилинган қоидалардан четга чиққанлар, қаттиқ жазоланиши турган гап. Қуйида клублардан қоидабузарлик учун УЕФА томонидан ундирилган энг йирик суммаларни билиб оласиз.
10. "Манчестер Сити" – 10 миллион евро (2020)
Агарда ўзи ишини биладиган профессионал ҳуқуқшунослар жамоасининг ҳаракатлари бўлмаганида, "шаҳарликлар" бу рўйхатни янада олди қаторида бўлган бўларди. 2020 йилнинг февралидаги текширувлардан кейин "Манчестер Сити"га икки йиллик ЕЧЛдан четлатиш ва 30 миллион евро жарима тайинланади. Спорт Арбитраж судига раддия билан чиққан инглиз клуби, даъвони мағлуб этади. Берилган жарима кескин камайтирилиб, 10 миллионга туширилади. ЕЧЛ чеклови эса олиб ташланади.
9. "Зенит" – 12 миллион (2014)
Санкт-Петербург клуби 2014 йилга қадар олти мавсум давомида бирорта футболчисини 1 миллиондан ортиққа сота олмаган эди. Бироқ, 2014 йилнинг ёзида "Зенит" 140 миллион еврога учта юлдузни, Аксель Витсель, Халк ва Саломон Рондонни харид қилади. Буни УЕФА, фейр плей қоидаларидан чиқиш деб баҳолаб, рус клубига 12 миллионлик жарима белгилайди.
8. "Милан" – 15 миллион евро (2022)
"Милан" узоқ кутилган чемпионлигига 2022 йилда эришган эди. "Россонери"лар бу муваффақиятга шунчаки етишмаган экан. Негаки, мавсум давомида қайсидир қоидалар бузилиб борган. Оқибатда, УЕФА "Милан"га 15 миллион жарима солади. Белгиланган пулнинг 2 миллиони олдиндан ундирилади. Қолганини эса бўлиб тўлашга рухсат берилади.
7. "Милан" – бир йиллик тақиқ (2019)
Ли Юнхуннинг клуб эгаси сифатидаги даври ғалати кечган. У 2018 йилдан бошлаб клубни бошқаради. Илк мавсум якунида жамоа янги раҳбарият сабабли чекловга тушади. 2019 йилда "Милан" ЕЛга йўлланма олади. Аммо тақиқ сабабли мусобақада иштирок этмайди. Оқибатда турнирдан келадиган эҳтимолий 21 миллион евро ҳам ҳавога учади.
6. "Ювентус" – 23 миллион евро (2022)
Охирги пайтларда "Ювентус"нинг молиявий тизими УЕФА радари остига тушиб қолганди. 2022 йилда ташкилот 4 та клубга жарима солади. Улар ичида "Ювентус" бор эди. Турин клуби энг йирик жарималардан бирига дучор бӯлади.
5. "Интер" – 26 миллион евро (2022)
Молиявий Фейр плей қоидалари ҳаммага тенг ишлайди. "Интер"нинг собиқ раҳбари Массимо Моратти ўз даврида 1.2 миллиард еврони янги трансферларга ажратади. Бу эса айрим қоидаларни бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида қўйилган жаримани ҳозирги раҳбар бўлмиш Стивен Чжан тўлашга мажбур бўлди.
4. "Рома" – 35 миллион евро(2022)
Жозе Моуриньо доимо ўзига керакли бўлган ҳақиқатларнигина тилга олади. 2023 йилги Европа лигаси финалига қадар "Рома" трансферлар учун 9 миллион еврогина сарфлаган эди. Аммо Моуриньонинг биринчи мавсуми жами 128 миллион евролик харажат билади ўтган. УЕФА буни кўздан қочирмади ва қилинган иш учун 35 миллион евро оладиган бўлди.
3. "ПСЖ" – 60 миллион евро (2014)
2012 йилда собиқ УЕФА президенти Мишель Платини шундай деганди: "Сиз Париждаги одамлар "ПСЖ" ва Молиявий Фейр плей ҳақида ўйлайди деб ҳисобласангиз янгишасиз. Париждагилар шаҳарда шундай номдаги клуб борлигини ҳам билмайди. Бу ер сизга Лондон эмас. Бу – Франция!".
Шу гаплар айтилган вақтда Қатар сармоядорлари клубни қўлга олганди. Орадан бир неча йил ўтиб, "ПСЖ"дагилар катта сарф-харажатнинг товонини тўлашди.
2. "Манчестер Сити" – 60 миллион евро (2014)
Шайх Мансурнинг клубдаги дастлабки 6 йилида трансферлар учун жами 750 миллион евро сарф қилинади. Бу харажат эса ҳар йили 30 миллион зарарига ишлаб борди. Оқибатда Молиявий қоидалар "Манчестер Сити"га жарима солиш керак деб топди. 60 миллион евро ҳавога учди.
1. "ПСЖ" – 65 миллион евро (2022)
Сиз ўз ҳаракатларингизни доимо назорат қила олмайсиз. Аммо жазо белгиланганидан кейин, ортга назар ташлаб нима бўлди деган саволга жавоб бериш ўринли бўлади. "ПСЖ"га қўлланилган йирик жарима клуб директори Носир Ал-Хелайфининг Европа Суперлигаси лойиҳасига бош қўшгани сабаб юз берган. Ҳа, клуб эгалари бой бўлгани учун 65 миллион денгиздан томчидир. Аммо Париж клубининг обрўсини ҳам ўйлаш лозим.
ИСМАТОВ Ж.