Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Андре Онана нега энди «қизил иблис»га айланди?

Баҳо:
+ | -

«МЮ» Миланнинг «Интер» клуби дарвозабони Андре Онанани ўз таркибига қўшиб олганлигини расман эълон қилди.

Камерунлик посбоннинг «қизил иблислар» билан ҳамкорлиги 5 йиллик муддатга - 2028 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Келишувни яна 1 йилга узайтириш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Томонлар трансфер қийматини ошкор этишмади, лекин Европанинг таниқли инсайдерларидан бири бўлмиш Фабрицио Романо 50 млн. евро ва бонуслар кўринишида 5 млн. евро белгиланганини маълум қилди. Нуфузли нашрлардан бирида Онана 51}4 млн. еврога, «Трансфермаркт»да 52,5 млн.га баҳоланган. Кўриниб турибдики, рақамлар ўртасидаги фарқ катта эмас, нима бўлганда ҳам, «Интер»дан «МЮ»га ўтган Андре қимматбаҳо дарвозабонлар ўртасида 4-ўриндан жой олди. У Жанлуижи Буффондан сал арзонроқ, италиялик афсона 2001 йилда «Парма»дан «Ювентус»га йўл олганида, евро муомалага киритилган эмасди.

Янги жамоага келганидан кейин Онана анъанага биноан «қизил иблислар» ҳақида ижобий фикрлар билдирди: «МЮ» сафидан жой олиш - улкан шараф! Бунга эришиш учун мен астойдил тер тўкдим, кўплаб тўсиқларни бартараф этдим. «Олд Траффорд»да майдонга тушиб дарвозани қўриқлаш ва жамоам ғалабасига ҳисса қўшиш мен учун тенги йўқ тажриба бўлади. Бу мен учун янги фаолиятнинг бошланиши. «МЮ» тарихидан кўпгина моҳир дарвозабонлар жой олишган. Энди мен яқин йиллар ичида ўз тарихимни яратиш учун бор куч,маҳоратимни сафарбар этаман».

Шунингдек, камерунлик футболчи ижтимоий тармоқлар орқали «Интер» мухлислари билан хайрлашди: «Ҳаммаси шу қадар мураккаб бўлади, деб ўйламагандим. Бир йил аввал «нерадзурри» бўлгандим. Клуб ва шаҳарнинг ўзига хос эканлигидан хабардор эдим. Энди буни тасдиқлай оламан. Илк кундаёқ аҳил оилага келганимга амин бўлдим. «Жузеппе Меацца», «Курву Норд» ва шаҳар мени ром этди. Бироқ энди мавжуд шарт-шароит тақозоси билан «МЮ»да янги фаолиятни бошлаш пайти келди. Тўғри, сизларни унута олмаслигим, соғинишимни тушуниб турибман. Барчангиздан бир умрга миннатдорман. Клубнинг буюклиги фақат сизлар билан! Эҳтимол, қачондир яна учрашармиз, лекин ҳозир янги йўл, янги чорлов кутмоқда».

Нима учун Онана «Интер»ни тарк этди?

Камерунлик посбон ўзининг хайрлашув нутқида бу саволга қисман жавоб қайтарди. Уни ҳеч ким «Интер»дан мажбуран четлатгани йўқ. Лекин футболда молиявий муаммога дуч келган клубнинг қайсидир футболчиси учун манфаатли таклиф келса, уни рад этишнинг иложи бўлмайди. Бир неча йилдирки, «Интер» тасарруфини ўз зиммасига олган Хитой компаниясининг фаолиятида мураккаб давр юзага келган. Бунинг оқибатида, компания раҳбарига тегишли маҳаллий «Цзянсу Сунин» жамоаси фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, уни ҳар йил учун 10 млн. евро иш ҳақи оладиган Фабио Капелло бошқараётган, таркибида Рамирес ва Алекс Тейшейрадек бразилиялик афсоналар тўп суришаётганди.

2021|22 йиллар мавсуми ҳисоботида «Интер»нинг қарзи 140 млн., бир йил аввал 245 млн. еврони ташкил этган. Шу сабабли клуб президенти Стивен Чжаннинг умри кредиторлар билан судлашишда ўтаётганди. Бундай шароитда Онана учун таклиф этилган 50 млн. евро - айни керакли паллада малҳам бўладиган катта маблағ.

Дарвозабон эса ЕЧЛда тўп сурадиган АПЛнинг номдор жамоасига ўтди, маоши ҳам анча юқори (йилига 7 млн. евро, «Интер»да 3,8 млн. эди). Бундан ташқари, ўз вақтида унинг салоҳиятини «Аякс»да юзага чиқарган устози Эрик тен Хаг билан ҳамкорликда ишлайди.

Онана «МЮ»га нима учун керак?

Қисқача айтганда, Андре - оёқ билан яхши ўйнайдиган, узатмаларни амалга оширадиган энг яхши дарвозабонлардан бири. Шунингдек, у устози тен Хагнинг услуби ва талабларидан яхши хабардор. Қолаверса, уни харид қилиш таклифи айнан мураббийдан чиққанлиги ҳам бежиз эмас. Онана зарбаларни бартараф этиш, керак бўлса, «тўққизлик»га йўлланган тўпларни қайтаришда ҳам чакки эмас, реакцияси аъло даражада. ЕЧЛда «Барселона» (1:0) ва «Порту»га қарши учрашувларни «қуруқ» ўтказгани бежиз эмас. Қисқаси, агар у савиясиз дарвозабон бўлганида, «Интер» нуфузли турнирнинг финалига чиқа олмасди. Тўғри, ўтган мавсумда Андре «А» сериясининг энг яхши дарвозабонлари рўйхатида йўқ эди. Бироқ дарвоза дахлсизлигини таъминлаш фақат дарвозабоннинг вазифаси эмаску! Замонавий футболда жамоа савия­сини аввало ҳимоя чизиғи, умуман, барча ўйинчиларнинг ишончли ҳаракатлари белгилаб беради.

Энг асосийси, инқирозга юз тутган «МЮ»ни қисқа вақт ичида аутсайдерлар гуруҳидан етакчи квартетга олиб чиққан Эрик тен Хаг собиқ шогирдининг имкониятларидан хабардор ва ундан қай тариқа фойдаланишни яхши билади. Бу борада Онанани зарбаларни қайтариш бобида энг яхши дарвозабон унвонига даъвогарлик қила олмайдиган, лекин талаб даражасида ишончли ўйин намойиш этаётган Эдерсонга қиёслаш ўринли. Эдерсон - айнан Хосеп Гвардиола услубига мукаммал даражада мос келган дарвозабон.

Де Хеа билан можароли хайрлашув бўлмаганида «МЮ» Онанани харид қилармиди?

Тез орада британиялик касбдошларимиз ёрдамида келишув билан боғлиқ барча далил ва сабаблардан хабардор бўламиз. Бизнинг фикримизча, нидерландиялик мураббий учун бир оз эскирган услубда ўйнайдиган испаниялик посбон ўрнини тўлдира оладиган ўринбосар керак эди. Де Хеанинг кетиши шунчаки, жараённи тезлаштириб юборди - жамоа АҚШдаги мавсумолди сафарига учиб кетишидан аввал янги дарвозабонга муҳтож бўлиб қолганди.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:51, 13.08.2023.
Ўқилди: 1933 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.