"Реал Мадрид" янги мавсум аввалидан жиддий йўқотишларга дуч келди. "Қаймоқранглилар" Тибо Куртуани йўқотган эди. Яқиндагина маълум бўлдики, жамоанинг энг ишончли вакилларидан бири бўлган Эдер Милитао ҳам жиддий жароҳат олгани сабаб, жарроҳлик столига ётқизилади ва мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборади. Бразилиялик футболчи сўнгги мавсумларда "Реал"нинг асосий таркиб вакилига айланиб улгурганди. Энди унинг йўқлиги Анчелотти олдига янги футболчи харид қилиш масаласини қўймоқда. Хўш, Милитао ўрнини боса оладиган ўйинчи борми? Қуйида вариантларни кўриб чиқамиз.
1. Эмерик Ляпорт
Бир пайтлар Гвардиола ҳимоясининг таянчи бўлган футболчи, вақт ўтиши билан захира вариантига айланиб қолди. "Манчестер Сити" ўтган мавсум давомида асосан тўртталик ҳимояда ҳаракат қилди. Бу схемада Ляпортга ўрин топилмади. У Гвардиола томонидан кам фойдаланилди. Агарда "шаҳарликлар" яхши таклиф олса, испаниялик футболчи учун чиқиш эшиклари ланг очилади. Бунинг устига, Йошко Гвардиолнинг келиши, Ляпортнинг асосий таркибга кириш имкониятларини фақатгина камайтиради холос. "Реал" эса буни ўйлаб кўриши керак.
2. Бенжамин Павар
Павар ёз давомида янги жамоага ўтиши кутилаётган футболчилардан бири саналади. У "Бавария"даги аҳволидан анчадан бери қониқмаяпти. Франция терма жамоаси аъзоси учун "МЮ" даъвогарлик қилаётган эди. Аммо икки томон келишувга яқин ҳам келгани йўқ. Шундай экан, "Реал" отни қамчилаши керак. Асосан, қанотда ҳаракат қиладиган футболчи, марказий ҳимояда ҳам бирдек ишончли мақомга эга. Шу сабаб клуб Дани Карвахал ўрнини ҳам бир йўла Павар билан ёпиши мумкин.
3. Антониу Силва
Аслини олганда "Бавария" Силва учун сўраётган сумма, "Реал" мақсад қилган таклифдан анча фарқ қилади. Шу туфайли ушбу кўчишни ёз охирига қадар кўриш, асосан имконсиз ишдир. Кўпчилик 19 ёшли футболчига келажак юлдузи сифатида қарамоқда. Лекин "Реал" ёш футболчига сармоя киритишдан тийилишни афзал кўрса керак. Негаки, клуб катта пулни Мбаппе трансфери учун сақлаб турибди. Кутилмаганда, ҳимоячи харид қилиш эса фақатгина мақсадли бюджетга юк бўлади.
4. Тиагу Силва
Тўғри, бу харид ҳақиқатдан ўта йироқ бўлиши мумкиндир. Аммо бунинг асослари мавжуд. Хусусан, Тиагу Силва узоқ йиллар давомида ўзи ҳаракат қилган жамоанинг ишончли вакили бўлиб келмоқда. Қолаверса, "Челси"да Силва ўрнига ёш ва талантли ўринбосарлар кўп. Шу сабаб яхши таклиф эвазига Силва сотилиши мумкин. Футболчи Италия, Франция ва Англияда муваффақиятли эди. Эндиги навбат эса Испанияга, дунёнинг энг машҳур жамоаларидан бирида ўзини синаб кўришга етди. Анчелотти учун у, ҳеч бўлмаганда бир мавсумлик ечим бўла олган бўларди.
ИСМАТОВ Ж.