14 ноябрь куни барча қитъаларда ЖЧ-2014 саралашининг 2012 йилга мўлжалланган сўнгги ўйинлари бўлиб ўтди. Украинанинг "Спорт-Экспресс" газетаси сайтида қизиқ мақола эълон қилинди. Унда Европа миқёсида иштирок этаётган Украина ва Осиё минтақасида саралашда қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоалари имкониятлари таққосланган.
Украина терма жамоаси иштирок этаётган гуруҳда Черногория ўтган чоршанба куни ғалаба қозонди ва кутилмаганда 1-ўринга кўтарилиб олди. Осиёда эса Ўзбекистон ўз "квинтет"ида гуруҳ пешқадами бўлиб олди. Мусобақа форматини инобатга оладиган бўлсак, Максим ШАцких жамоадошлари Мундиалда дебют қилиш учун реал имкониятга эга бўлиб туришибди.
2012 йилдан бошлаб барча қитъаларда саралаш компанияси йўлга чиқди. Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-+2014 саралашида 203 терма жамоа иштирок этиш хоҳишини билдирган (жами 824та ўйин ўтказилади). ФИФАга аъзо бўлган мамлакатларда фақат Бутан, Гуам, Бруней ва Мавританияда саралаш иштирок этмади.
Европада 9та гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишса, 8та гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоалар 4та йўлланма учун плей-офф баҳсларида иштирок этишади. Битта гуруҳда 2-ўринни олган жамоа бундай имкониятга эга бўлмайди. Украина иштирок этаётган гуруҳда дастлабки 2та ўриндан бирини Украина олади деб умид қиламиз. Ушбу вазифани бажариш учун украиналиклар Черногорияни сафарда мағлуб этишлари, Польша билан ўйинларда камида 4 очко олишлари, Англия билан уйда мағлуб бўлмасликлари, шунингдек, Молдова ва Сан-Марино билан ўйинларда ғалаба қозонишлари шарт.
Осиё саралаш босқичи энг қизиқ нуқтага келди. Мусобақа иштирок этаётган 10та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларни давом эттиришмоқда. Дастлабки 2та ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри йўлланма соҳибига айланишса, 3-ўринни эгаллаган жамоалар плей-оффда иштирок этишади. Ўзбекистон эса ўз тарихида биринчи марта ЖЧда иштирок этиши учун ўз уйида Ливан ва Қатарни мағлуб этиши керак.
Бунинг иложи борми? Бемалол. Агар улар гуруҳда 3-ўринни эгаллашса ҳам, нариги гуруҳда Ироқ, Уммон ёки Иорданиядан бирига тўқнаш келадилар. У ёқда Япония ва Австралия дастлабки 2та ўринни эгаллашига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Бунгача собиқ иттифоқ мамлакатларидан фақат Россия ва Украина ЖЧда иштирок этишган. Ўзбекистон эса 2006 йилда бунга яқин келганди, аммо ҳакамлар муаммолари туфайли бу йўлланмадан қуруқ қолишганди.