Ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони бўйича сайёрамизнинг биринчи рақамли кишиси бўлмиш Криштиану Роналду бир неча қизиқарли баёнотларини эълон қилди:
— «Ўлик» ҳолатдаги Италия чемпионати у келганидан кейин жонланди;
— Энди у Европа футболига қайтмайди;
— 38 ёшда миллий терма жамоадаги фаолиятини тўхтатиш ниятида эмас;
— Саудия Арабистони чемпионати МЛСдан яхшироқ.
Афсонанинг сўнгги эътирофи алоҳида эътиборга лойиқ. Кенгроқ мулоҳаза қилганда, Роналду «яхшироқ» ибораси орқали «кучлироқ» маъносини ифода этган. Чунки ташкилотчилик бобида Саудия АҚШдан устун эмас. Ўйин савияси эса - мушкул жумбоқ. Португалиялик афсонанинг эътирофи нечоғли ҳақиқат? Ёки бу шунчаки, тилёғламачиликми? Қайси лига кучлироқ эканлиги хусусида аниқ жавоб мавжуд эмаслигини ҳозирнинг ўзида таъкидлаш мумкин. Лекин қиёслаш мумкин бўлган бир қатор кўрсаткичлар бор.
TRANSFERMARKT
Кўрсаткичлардан бири - футболчиларнинг нарх-наволари. Трансфермарктнинг баҳолари камчиликлардан холи бўлмасада, трансферлар учун мўлжал бўла олади. Саудия Арабистони чемпионатидаги барча футболчиларнинг умумий қиймати 903 млн. евро, МЛСдагиларники эса - 1,25 млрд. бу борада устунлик уммон орти вакилларида. Лекин инобатга олиш шарт бўлган нозик жиҳат ҳам йўқ эмас - Саудия чемпионатида 18та, МЛСда 29та жамоа ўйнайди.
Қизиғи шундаки, МЛС клублари орасида энг қимматбаҳо клуб - Лео Мессини ўз сафига қўшиб олган Майамининг «Интер» жамоаси. Ундаги ўйинчиларнинг умумий қиймати 84 млн. евро. Саудия Арабистонининг 4та клуби нисбатан қимматроқ: «Ал-Ҳилол» (200 млн.), «Ал-Наср» (153 млн.). 150 млн. еврога баҳоланган «Ал-Аҳли» эса 3-ўринда. 4-ўриндаги «Ал-Иттиҳод» 119 млн. еврога баҳоланган. Бироқ гап лигалар устида кетар экан, барча жамоаларни ҳисобга олиш лозим. Саудиянинг 18 клубидан 12тасининг қиймати 25 млн. евродан оз, МЛСдаги энг паст кўрсаткич эса 29 млн. евро. Футболчиларнинг ўртача қиймати арабларда 921000 евро, МЛСдагиларники 1,4 млн. евро.
ЛИГАЛАР РЕЙТИНГИ
Янада баҳслироқ формат. Чунки улардаги кўрсаткичлар бир-бирига зид. Масалан, январь ойида Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (ФТСХФ) томонидан чоп этилган рейтингда Саудия 40, АҚШ эса 43-ўринларни банд этган. Лекин январь ойидан бошлаб вазият кескин ўзгара бошлади (ҳеч бўлмаганда кўчиб келаётган юлдузлар сони бўйича). Аслида, мазкур рейтинг бўйича саволлар етарли. Боиси, унда Бразилия чемпионати пешқадам, АПЛ ва Ла Лига ундан кейин.
Twenty Fist Group аналитик компанияси томонидан тақдим этилган рейтинг анча тушунарли ва ҳақиқатга яқин: АПЛ, Ла Лига, «А» серияси, Бундеслига, Лига1 (айнан шундай тартибда). Мазкур рейтингда МЛС 11-ўринда, Саудия чемпионати эса 15-поғонада.
ТОП-ТЕРМА ЖАМОАЛАР ЎЙИНЧИЛАРИ
Бу кўрсаткични ўзимиз кўриб чиқишни лозим топдик. Шу мақсадда ФИФА рейтингидаги етакчи 15та терма жамоа таркибидан нечта футболчи Саудияда ва МЛСда тўп суришини аниқладик. Тўғри, бу йўналишдаги маълумотлар ҳам нуқсонсиз эмас. Масалан, Бензема ҳозир терма жамоада эмас, лекин Саудия чемпионатининг нуфузини оширгани аниқ. Навбатдаги муаммо шуки, расмий ҳисоб-китобларга кўра, МЛС Саудия чемпионатидан 18:5 ҳисобида олдинда. Бироқ яна шуниси ҳам борки, 18 нафар футболчи орасида аргентиналик Месси, испаниялик Альба ва швейцариялик Шакири бор. Қолган 15 нафари АҚШ терма жамоаси ўйинчилари! Саудия чемпионатида эса хорват Брозович, португалиялик Роналду ва Невеш, шунингдек, марокашлик Ҳамдалла ва Муҳаммадилар тўп суришмоқда. Агар топ-термаларнинг етакчи ўнлиги билан чекланадиган бўлсак, ҳисоб Саудия фойдасига 2:3 кўринишини олади. Яъни, Месси - Альба жуфтлиги Роналду - Невеш - Брозович триосига қарши. Лекин, Неймарнинг «Ал-Ҳилол»га ўтгани тасдиқланди, демак, вазият буткул ўзгариб кетади. Бунинг устига, топ-футболчиларнинг Саудия томон оқими тўхтамаяпти...
Юқорида зикр этилганидек, Криштианунинг ҳақ ёки ноҳақ эканлиги хусусида аниқ жавоб йўқ. Ҳа, унинг ҳақ эканлигини тасдиқлайдиган яна бир ишонарли далил мавжуд: клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клуби финалгача етиб борган ва ҳал қилувчи баҳсда «Реал»га 3:5 ҳисобида имкониятни бой берганди. МЛС клублари эса ҳеч қачон турнирнинг бу босқичига чиқа олишмаган.