Европада Чемпионлар лигаси бўлмасада, ҳафта ўрталарида Саудия Арабистони чемпионати қизиқарли ўтмоқда, у ерда аллақачон тўртинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Ҳозир бу ер таниқли қаҳрамонларга тўла ва улар ҳар доим кўзга ташланаверади. Бу ҳафта кимлар катта саҳнага чиқди?
Криштиану Роналду тезлашмоқда: бу сафар дубл (пенальтилардан бўлса ҳам). Шунингдек, у Эвер Банега ҳаракат қилаётган «Аш-Шабаб» жамоасига қарши баҳсда битта голли узатма ҳам берди – жами 2+1 натижаси. Унинг жамоаси якунда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Роналду ўйинда бундан ташқари яна иккита гол урди, бироқ уларнинг бири футболчи қоида бузгани учун ҳисобга олинмаган бўлса, яна бири офсайд сабаб бекор қилинди. Унинг бош билан йўллаган бир зарбаси дарвоза устунига тегди, баҳсдаги яна бир пенальтини шериги Ғариб голга айлантира олмади. Хуллас, Роналду кечаги учрашувда 2 тадан кўп гол уриши мумкин эди. Жамоада шунингдек, Аймерик Ляпорт дебют қилди, Саудия лигасида кучли ҳимоячилар ролини кузатиш мумкин. «Ан-Наср» кетма-кет иккинчи ўйинда ғалаба қозониб, олтинчи ўринга кўтарилиб олди. Роналдунинг бу ўйинларда кўрсатган 5+2 кўрсаткичи ажойиб. Унинг ўзи ҳам бу мамлакатда бахтли.
● Риёд Маҳрез ҳақида. У «Ал-Таи»га қарши баҳснинг биринчи бўлимида Аллан Сен-Максименнинг узатмасидан сўнг гол урди ва иккинчи бўлимда Франк Кессиэга ассистентлик қилди. Риёд «Ал-Аҳли»ни «Ал-Таи» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Ҳа, Саудия протоколларида ҳозир юлдузлар номи жуда ҳам кўп. Яна бир юлдуз ҳужумчи Роберто Фирмино бу турда гол ура олмади. Ҳозирда «Ал-Аҳли» «Ал-Иттиҳод» билан бирга пешқадамлик қилмоқда ва иккала жамоа ҳам 12 очкодан тўплаган.
● Карим Бензема бу турда жароҳат олди, биринчи бўлимда сонидаги оғриқ туфайли майдонни тарк этди, «Ал-Иттиҳод» «Ал-Ваҳда»ни унинг ёрдамисиз маҳв этди (3:0): Нголо Канте бу ўйинда гол урди, Фабиньо 76 дақиқа ўйнади.
● Малком «Ал-Ҳилол» сафида гол уриб, Стивен Жеррарднинг «Ал-Иттифоқ» жамоасини мағлуб этишга ёрдам берди. Бразилиялик футболчи ҳар бир ўйинда самарали ҳаракат қилмоқда: янги жамоада еттита ўйинда 6+2 натижа. Бу турда яна бир янги футболчи гол уришда иштирок этди - Александр Митрович голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, Калиду Кулибали ва Рубен Невеш бутун ўйин давомида ҳаракат қилди. «Севилья»дан келган Буну ниҳоят дебют қилди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
«Ал-Таавун» турнирда ҳайратланарли иштирок этмоқда - бу ерда катта юлдузлар йўқ, аммо тўртта ўйинда бешта гол урган жамоа уч марта ғалабага эришди. Улар юлдузли «Ал-Ҳилол» билан бир хил очко жамғарган.
«Абҳа» сафида Карл Токо-Экамби гол урди - «Вильярреал» ва «Лион»нинг собиқ ҳужумчиси ҳам жамоа сафига ёзда келганди. Хуллас, Саудияда юлдузлар мамлакат мухлисларига ҳар турда ўзларига тўланган пулга муносиб эканликларини исботламоқда.