"Барселона"нинг собиқ ҳужумчиси Боян Кркич клуб тузилмасида бошқарув лавозимига эга бўлди, деб хабар бермоқда каталонияликлар матбуот хизмати.
Собиқ футболчи "кўк-анорранглилар"нинг янги спорт директори Деку жамоасига қўшилди ва футбол координаторига айланди. 33 ёшли Кркичнинг вазифасига бошқа жамоаларда ижара асосида ўтаётган "Барселона" футболчиларини кузатиш киради. Қолаверса, у клуб академияси тарбияланувчиларини асосий жамоага ўтказишга ҳам жавобгар бўлади.
Кркич - "Барселона"нинг тарбияланувчиси. 33 ёшли собиқ футболчи каталонияликлар сафида 163 та ўйин ўтказиб, 41 та гол урди ва 19 та голли узатмани амалга оширди. Каталонияликлар таркибида Боян уч карра Испания чемпионига айланди. Шу йилнинг март ойида у фаолиятини якунлаганини эълон қилди.