Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси якунига етган мавсумни икки малакали мураббий қўл остида ўтказди. Жамоа дастлаб чемпионатни белоруссиялик Игорь Криушенко бошчилигида бошлаган бўлса, биринчи давра тугаганидан сўнг бу мураббий клуб раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилди ва ғузорликлар иккинчи даврани яна янги-эски мураббий Эдгар Гесс раҳбарлигида ўтказишди.
Бундай олиб қарасак, бу йилги олий лигада ҳар иккала мутахасссис ҳам «Шўртан» устози сифатида 13тадан ўйин ўтказишди ва бу ўз навбатида уларни ўзаро таққослашга сабаб бўла олади. Чунки футбол – спортнинг бир тури бўлгани учун мухлисларга бир жамоа билан иккинчисини, бир футболчи билан наригисини ҳамда бир мураббий билан унинг ҳамкасбини солиштириш ҳар доим ёқиб келган. Ҳамда бу каби таққослашлар одамларнинг янада футболга қизиқишига жалб қилади. Қуйидаги мақола орқали биз ҳам «Шўртан»нинг жорий чемпионатдаги иштирокини бирмунча таҳлил қилишни лозим топдик.
КЎТАРИЛИШ, ТУШИШ ВА ЯНА КЎТАРИЛИШ
Эсингизда бўлса, «Шўртан» 2010 йилги чемпионатни 4-ўринда тугатганди. Бу ҳозиргача жамоанинг олий лигада қайд этган энг яхши кўрсаткичи бўлиб турибди. Жамоа ўшанда 26 ўйинда 42 очко тўплаган, тўплар нисбати 35-28ни ташкил этганди. Кейинги йил ғузорликлардан бироз омад юз ўгириб, 26 учрашувда 32 очко жамғаришди ва чемпионатни 7-ўринда тугатишди. Бу йил эса жамоа 26 беллашувда 40 очко тўплаган ҳолда олий лигани 5-ўринда якунлади. Ушбу натижаларга қарайдиган бўлсак, «Шўртан»нинг 2010 йилда кўтарилишга эришгани, кейин бироз пасайгани, сўнгра яна кўтарилганига гувоҳ бўламиз. Клуб тўртинчи ўринни қўлга киритган йили мавсумни фақат бир мураббий – Эдгар Гесс бошчилигида ўтказганди. Ғузорликлар 2011 йилги чемпионатни ҳам шу мураббий бошчилигида бошлашди ва кейинчалик ёз ойларига келиб Эдгар Яковлевич ўрнини туркманистонлик мутахассис Тачмурод Агамуродов эгаллади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Агамуродовдан сўнг футболчиларга устозлик қилиш янги мавсумдан бошлаб Игорь Криушенко қўлига ўтди ва у кетгач, яна Эдгар Гессга ишонч билдирилди. «Шўртан»нинг шу пайтгача эришган энг яхши натижалари шубҳасиз Эдгар Гесс номи билан боғлиқ, шундай экан, Гессни бемалол «Шўртан» учун энг яхши вариантлардан бири дея оламиз.
ЎЗАРО ТАҚҚОСЛАГАНДА КИМ КУЧЛИ: КРИУШЕНКОМИ ЁКИ ГЕССМИ?
Футболда бир мураббий билан иккинчисини таққослаш доим ҳам иш беравермайди. Негаки мураббийлик шундай касбки, баъзан ҳар қандай таниқли мутахассис ҳам бирор жамоада натижа кўрсата олмаслиги мумкин. Баъзан эса бунинг акси бўлиб чиқади ва кўпчиликка таниш бўлмаган мураббий ўзини кўрсатишга муваффақ бўлади. Аслини олганда мураббийларни (ёки бир-бирига яқин савиядаги футболчиларни) ўзаро солиштирганда ким кучли деган саволнинг ўзиёқ аҳмоқона туюлади. Негаки масалага мураббийлар миқёсида ёндошадиган бўлсак, ҳамма ҳам кучли бўлишга интилади, фақат кимдир эришган натижаси билан юзага чиқса, кимдир натижа кўрсата олмаган тақдирда ҳам бир-икки футболчини тарбиялаш орқали ном қозонади. Аммо ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз, бизда ҳамкасбларига нисбатан яхшироқ натижа қайд этган мураббийларни кўпроқ мақташади. Аслида-ку, жаҳон футболида ҳам шу аҳвол. Шунинг учун кўп жойларда мураббийни натижа кўрсата олмагани учун ишдан бўшатишади. Ана энди бу йилги мавсумда «Шўртан»ни бошқарган икки мутахассис – Игорь Криушенко ва Эдгар Гессни ўзаро таққослайдиган бўлсак, фақат натижалардан келиб чиқиб уларнинг бирмунча тенг эканлигига амин бўламиз. Бунинг учун эса яхшиси рақамларга мурожаат қила қолайлик. «Шўртан» жорий чемпионатни 40 очко тўплаган ҳолда 5-ўринда тугатди. Жамоа 26та учрашувдан 12тасида ғалаба қозонган бўлса, 4 марта дуранг ўйнади ва 10та беллашувда мағлубиятга учради. Тўплар нисбати эса 38-33 (+5) кўринишини олди. Ғузорликлар Криушенко бошчилигида ҳам, Гесс қўл остида ҳам 13тадан ўйин ўтказишди. Қизиғи шундаки, ҳар иккала мураббий 6тадан ўйинда ғалаба қозонди, икки марта дуранг ўйнаб, беш бор мағлубиятга учради. Ва ҳар иккала мутахассис 20 очкодан тўплашга муваффақ бўлди. Фақат тўплар нисбати икки хил кўринишда бўлди. Кришенко пайтида футболчилар 18та тўп киритиб, 16 бор тўп ўтказиб юборишган бўлса, Гесс қўл остида бўлиб ўтган ўйинлардаги тўплар нисбати эса 20-17 кўринишини олди.
ЖАМИ: 26 12 4 10 38-33 40
КРИУШЕНКО: 13 6 2 5 18-16 20
ГЕСС: 13 6 2 5 20-17 20
Криушенко бошчилигида «Шўртан»нинг ўз майдонида қайд этган натижалари
Ғузорликлар белоруссиялик мураббий устозлигида ўз уйларида еттита ўйин ўтказишди. Жамоа шундан тўрттасида ғалаба қозонган бўлса, икки бор мағлуб бўлди ва бир бор дурангга эришди. «Шўртан»нинг айниқса «Навбаҳор»ни 4:0 ҳисобида, «Пахтакор»ни эса 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиши кўплаб маҳаллий мухлисларнинг хурсандчилигига сабаб бўлди. Аммо бир неча йилдан бери давом этиб келаётган нохуш анъанани ҳатто Криушенко ҳам йўққа чиқара олмади, «Шўртан» бу сафар ҳам ўз майдонида «Металлург»га ютқазиб қўйди. «Насаф»дан учралган мағлубият кўплаб тортишувларни келтириб чиқарди, бунда ҳакамларнинг йўл қўйган хатолари кейинчалик ҳам бир неча бор ёдга олинди. «Олмалиқ» билан ўйиндаги дуранг натижани эса ҳар икки жамоанинг ютқазишни хоҳламагани учун қўлга киритилди деб айтиб ўтсак бўлади.
«Шўртан» – «Локомотив» – 2:1
«Шўртан» – «Навбаҳор» - 4:0
«Шўртан» – «Металлург» - 1:2
«Шўртан» – «Олмалиқ» - 1:1
«Шўртан» – «Насаф» - 2:3
«Шўртан» – «Пахтакор» - 3:1
«Шўртан» – «Машъал» - 1:0
Криушенко бошчилигида «Шўртан»нинг сафарда қайд этган натижалари
Юртимизда жуда кам фаолият олиб борган Игорь Криушенко «Шўртан»ни сафарда олти марта бош мураббий сифатида майдонга олиб тушди. Бу ўйинларнинг иккитасида «оқ бўрилар» ғалаба қозонган бўлишса, учта учрашувда имкониятни бой беришди ва бир марта дуранг ўйнашди. «Шўртан»нинг айниқса сафарда «Андижон»ни мағлубиятга учратиши, шунингдек «Нефтчи» билан дуранг ўйнаши Игорь Криушенкони ёмон мураббий эмаслигини кўрсатиб берди.
«Бунёдкор» – «Шўртан» - 3:0
«Бухоро» – «Шўртан» - 0:1
«Динамо» – «Шўртан» - 1:0
«Нефтчи» – «Шўртан» - 1:1
«Андижон» – «Шўртан» - 1:2
«Қизилқум – «Шўртан» - 2:0
Гесс бошчилигида «Шўртан»нинг ўз майдонида қайд этган натижалари
Ана энди янги-эски мураббий Эдгар Гесс бошчилигидаги жамоанинг ўз майдонидаги натижаларига кўз югуртириб чиқамиз. «Шўртан» Гесс қўл остида Ғузорда олтита ўйин ўтказиб, шундан тўрттасида ғалаба қозонди. Фақат «Бухоро» ва «Бунёдкор» билан кечган беллашувларда майдон эгаларидан омад юз ўгириб, жамоа мағлубиятга учради. Олий лига билан хайрлашган «Андижон» устидан 6:1 ҳисобидаги ютуқ «Шўртан» учун жорий мавсумдаги энг йирик ғалаба бўлди.
«Шўртан» – «Қизилқум» - 2:0
«Шўртан» – «Андижон» - 6:1
«Шўртан» – «Нефтчи» - 2:0
«Шўртан» – «Динамо» - 1:0
«Шўртан» – «Бухоро» - 0:1
«Шўртан» – «Бунёдкор» - 0:1
Гесс бошчилигида «Шўртан»нинг сафарда қайд этган натижалари
Табиийки, уйда олтита ўйин бўлганидан кейин жамоа сафарда еттита баҳс ўтказган бўлади. Эдгар Гесс шогирдлари иккинчи даврада бўлиб еттита сафар учрашувининг фақат иккитасида зафар қучишди. Жамоа «Машъал» ва «Олмалиқ»ни мағлубиятга учратган бўлса, «Пахтакор» ва «Навбаҳор» билан дуранг ўйнади. Қолган уч беллашувда ғузорликлар мағлубиятга учрашди. Жамоанинг айниқса «Металлург» ва «Локомотив» билан кечган баҳслардаги йрик мағлубияти умуман кутилмаган ҳол бўлди. Ва яна шуни айтиб ўтишимиз мумкин, «Шўртан» чемпионатнинг охирги беш учрашувида бирор марта ҳам ғалаба қозона олмади. Бўлиб ҳам футболчилар мана шу беш беллашувда рақиблар дарвозасига атиги иккита тўп киритиб, ўз дарвозаларидан 11та гол ўтказиб юборишди. Жамоанинг сафарда «Навбаҳор»га қарши баҳсда дуранг қайд этганини инобатга олсак, қолган тўрт ўйинда Гесс шогирдлари мағлубият аламини тотиб кўришди.
«Машъал» – «Шўртан» - 1:3
«Пахтакор» – «Шўртан» - 0:0
«Насаф» – «Шўртан» - 2:1
«Олмалиқ» – «Шўртан» - 2:3
«Металлург» – «Шўртан» - 4:0
«Навбаҳор» – «Шўртан» - 1:1
«Локомотив» – «Шўртан» - 4:1
ХУЛОСА ЎРНИДА
Якунига етган чемпионатда «Шўртан»нинг 5-ўринда қолиши вилоятнинг иккинчи жамоаси учун ёмон натижа эмас. Ҳар ҳолда маҳаллий мухлислар севимли жамоалари «Нефтчи», «Олмалиқ», «Машъал» сингари клублардан тепада туришганидан қувонишса арзийди. Мақоламиз бошида айтиб ўтганимиздек, «Шўртан»ни бу йил бошқарган ҳар иккала мураббий ҳам жамоа ютуғи учун қўлдан келганча иш олиб боришди. Шундай экан, фалончи яхши ишлади, пистончи ёмон ишлади каби гап-сўзлардан йироқмиз. Ҳар бир мураббий учун муҳими тинмай ҳаракат қилиш ва изланишдир, натижа бўладими-йўқми, бу энди бошқа масала ҳисобланади. Ўйлаймизки, Игорь Криушенко ҳам, Эдгар Гесс ҳам, шунингдек мураббийлар штабида фаолият олиб борган бошқа кишилар ҳам «Шўртан» муваффақияти учун астойдил ишлашди. Йўқса жамоа бешинчи ўринни қўлга кирита олмаган бўларди. Энди охирги беш учрашувдаги ғалабасиз серияга келсак, ўйлаймизки, мураббийлар бундан албатта тегишли хулосани чиқаришади.
Хайрулла ХОЛИҚОВ