Хабарингиз бор, бундан бир неча куни илгари сайтимизда «Насаф» ПФК бош менеджери Шамил Ярулиннинг интервьюси берилган эди. Ана шу интервьюни ўқиган аксарият мухлислар тушкунликка тушиб қолишган кўринади. Бизга кўплаб «Насаф» футбол клубининг мухлислари энди жамоамиз ўртамиёна жамоага айланадими, деган савол билан мурожаат қила бошлашди.
Албатта, мухлисларнинг ташвишида жон бор, чунки интервьюда баландпарвоз гаплар йўқ эди. Қолаверса, у киши «энди ёшларга катта эътибор берамиз» – деб ҳам айтиб ўтдилар. Бундан кўпчиликда энди жамоада фақат ёшлар ўйнайди, бунақа тажрибасиз ёшлар билан керакли натижага эришиб бўлмайди, деган фикрлар пайдо бўлди. Аслида эса бунақа эмас. Хавотирга ўрин йўқ.
Биринчидан, ўзингизга маълум «Насаф» бошқа клубларга нисбатан мавсумни кеч якунлади. Шунинг учун улар 20 декабргача таътилга чиқишган. Йиғин ана шу куни бўлади. Бунда ўйинчилар билан ҳисоб-китоблар, музокаралар ва шартномаси тугаган ўйинчилар билан янги шартномалар тузиш бошланади. Бу пайт жамоа аъзолари тахминан 7-8 кун клуб базасида бўлишиб, сўнг яна янги йил таътилига чиқишади. Ва янги йилдан кейин янги мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилади. Кўриниб турибдики, ҳозир шу кеча-кундузда жамоани ким тарк этиши ва кимлар келиши аниқ эмас, муддати тугайдиган шартномалар ҳам 31 декабрга қадар давом этади.
Ҳар мавсум тугагач келди-кетди ҳақида гап-сўзлар кўпайгандан кўпаяди. Бунга ўрганиб ҳам қолганмиз. Хўш, «Насаф»ни асосий ўйинчилар тарк этишса, фақат ёшлар билан ўз олдига қўйилган мақсадга эришиб бўладими? Йўқ албатта. Аммо ўтиб бораётган мавсумда жамоада ўринбосарлар билан асосий таркиб ўртасида ўзилиш бўлиб қолди, аниқроғи Усмон Тошев ёшлар таркибидаги биронта ўйинчини асосий таркибга қўшмади, асосий таркибда захирада ўтириб қолганларни эса ёшлар таркибига бермади. Натижада кўпгина ёшлар ҳам умидсизликка учраган бўлишса ҳам ажаб эмас. Хайриятки, мавсум сўнгида, жамоа тақдири «ҳал» бўлгач, жамоа яна Рўзиқул Бердиевга қайтариб берилди ва ёшлар асосий таркибда ўйнаб кўришди.
«Насаф» доимо ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоа ҳисобланади. Бошқаси бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки клубда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар буни тақоза этади. Демак, шундай мақсадни амалга ошириш учун камида тўлиқ бир таркиб тажрибали ўйинчиларни жамоада йиғиш керак. Булар легионерлар бўладими, маҳаллий ўйинчилар бўладими ёки бошқа жамоалардан таклиф этиладими, фақат «Насаф» учун жон куйдирадиганлар бўлсин. Унда 5-6 ёш ўйинчиларнинг меҳнатидан бемалол фойдаланса бўлади.
Бу йилги йўл қўйилган хатолардан тегишли хулосалар чиқарилади, бунга мухлисларимиз шубҳа қилмасалар ҳам бўлади. Таклифимиз, «Насаф» ҳақидаги ярашмайдиган гап-сўзларга чалғимасдан жамоада рўй берадиган ўзгаришларни кутишимизга тўғри келади, зеро, клубимиз эътибордан четда қолган клуб эмас. Нафақат биз мухлисларни, балки жамоамиз, футбол мутасаддилари ва воҳа футболига бефарқ бўлмаган инсонларнинг ҳам ҳам назарида.
Айтмоқчимизки, бир-икки оғиз сўз билан жамоамизни ўртамиёнага айлантириб қўядиган тушкун кайфиятдагилардан йироқ бўлинг. Насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлади. Бунга фақат озроқ сабр қилайлик. Ҳаммаси олдинда. Фикримга далил сифатида, шахсан ўзимни клуб ва жамоада фаолият олиб бораётган жокуяр инсонлар билан мулоқатдан келиб чиқиб айтаяпман.
Ренат Эрназаров