Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Турон” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг черногориялик 27 ёшли тажрибали ҳимоячиси Милош Милович бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бўлажак баҳс “водий дербиси” мақомига эга. Гарчи бу галги рақибимиз – “Турон” турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турган бўлсада, дерби ўйинлари доимо кескин курашлар остида кечади. Бундан ташқари, меҳмонларга очко сув ва ҳаводек зарур. Шу боис, ушбу баҳснинг ҳам кескин курашлар остида, шиддатли, томошабоп ва қизиқарли тарзда кечиши эҳтимоли юқори.
Хабарингиз бор, ўтган турда Андижонда бўлиб ўтган “водий дербиси”да ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориб, ишқибозларни ранжитиб қўйгандик.
Шу боис, бўлажак баҳсда ғалаба қозониб, мухлисларимизнинг стадиондан уйларига яхши кайфиятда қайтишларини таъминлаш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
“Навбаҳор” жорий мавсумда ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишни мақсад қилган.
Буни амалга ошириш учун эса биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.