Кейинги пайтда Муборакнинг “Машъал” жамоасининг асосий дарвозабони Санжар Қувватовга “Нефтчи” жамоаси қизиқаётгани ёки бошқа гап-сўзлар бўлаётганидан хабарингиз бор. Биз шу ҳақда Санжарнинг ўзи билан қисқача суҳбат қилдик.
— Санжар ҳозир нималар билан бандсиз?
— Ҳозир Касби марказида, ўз уйимда оила-аъзоларим даврасида таътилни давом эттираяпман. Ўзим мустақил машқлар ўтказиб турибман. Баъзан маҳалламиз ёшлари билан футбол ҳам ўйнаб турамиз. Хуллас, зерикиш йўқ.
— Сизнингча, "Машъал" жамоасининг бу йилги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари нимада?
— Бу муваффақиятсизликларга асосий айбдор — ўзимиз, яъни жамоамиз аъзолари деб биламан. Афсуски, қўлимиздан келса-да, етарли ўйин кўрсата олмадик. Агар ҳамма ўйинчилар тўлиқ имкониятини ишга солиб ўйнашганда, бу аҳволга тушмаган бўлардик. Шу жумладан, ўзимни ҳам айбдор деб ҳисоблайман.
— Санжар, кейинги пайтда Сизга бир қатор жамоалар қизиқиш билдираётгани, шу жумладан, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасидан таклиф тушгани ва Сиз келгуси мавсумда ушбу жамоада фаолият кўрсатишингиз тўғрисидаги хабарларни эшитдик, шу тўғрими?
— Бу ҳақда ўзим ҳам ОАВлари орқали билдим. Менга ҳеч қайси жамоадан, ҳеч қандай таклиф ёки мурожаат бўлгани йўқ. Ниятим, ўзим учун қадрдон ва мени тарбиялаб, элга танитган “Машъал”да фаолиятимни давом эттирсам дейман.
— Келаси мавсумдан “Машъал” билан Биринчи лигада бўлса ҳам ўйнаверасизми?
— Тўғрисини айтсам, ҳали ҳам олий лигада қолишимизга умидим бор. Чунки бу йил мавсум якунига кўра энди Биринчи лигадамиз, аммо келгуси мавсумда нечта жамоа Олий лигада ўйнаши расман тасдиқлангани йўқ, балки жамоалар сони кўпайтрилиб, “Машъал” ва “Андижон” яна Олий лигада қолар.
— Албатта бизнинг ҳам тилагимиз шу, мамлакатимиз футболида ўз ўрнига ва салоҳиятига эга, қолаверса жуда кўп ажойиб ўйинчиларни тайёрлаб бераётган “Машъал” жамоасини яна Олий лигада қолиши тарафдоримиз. Мабода шундай бўлиб чиқмаса, “Машъал”ни тарк этишингиз мумкинми?
— Агар бунақа бўладиган бўлса, узоққа кетмасдан, воҳамизнинг бирон бир жамоасида ўйнасам дейман. Фақат бу қароримни жамоамиз раҳбарларининг розилиги билан қабул қилишим мумкин. Мен “Машъал” жамоаси раҳбарларини чуқур ҳурмат қиламан.
Cуҳбатни Ренат Эрназаров ёзиб олди.