Оғир жароҳатдан кейин аста-секин олдинги спорт формасини тиклаётган «Ювентус»нинг ишонган «фигура»ларидан бири Федерико Кьеза охирги ўйинларда анча эффектли ҳаракатланмоқда.
Италия миллий жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси «кекса синьора»нинг «Лечче»га қарши ўйини (1:0)дан сўнг DAZN телеканалида меҳмон бўлди.
- Биринчи бўлимда «Юве» ўйини унча қовушмади. Буни «Сассуоло»дан қабул қилинган қақшаткич зарба таъсирига боғлаш мумкинми?
- Ҳа. Эҳтимол, танаффусга қадар аввалги ўйиндан қолган руҳий зарба таъсири сезилгандир, зеро, ўша мағлубият (2:4) 2 кунча олдин рўй берди. Албатта, «Сассуоло» билан баҳсда нималар бўлганини батафсил кўриб чиқдик. Ўйлайманки, дастлабки 20 дақиқаликда жуда фаол тўп сурдик, бироқ кейин... Умуман, рақибга мунтазам прессинг таклиф этишни хоҳлаймиз. Замонавий футбол талаби шу, мураббийники ҳам. Тан олиш керак, Режо-Эмилияда жуда кўп индивидуал хатоларга йўл қўйдик, мағлубиятни айнан шу жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Мана, бугун иккинчи бўлимда нисбатан яхши ўйин намойиш этдик, вазиятни тўғри баҳоладик ва муҳим 3 очкони расмийлаштирдик.
- Бир қатор етакчилар жамоадан кетишди. Энди сизга ҳам кўпроқ масъулият тушаётгандек...
- «Ювентус» либосида ўйнар экансан, жавобгарлик ҳисси ҳамиша юқори бўлади. Клуб бой тарихга эга - скудеттолар, ЧЛ кубоклари, бошқа совринлар... Шундай экан, ҳар қандай футболчи масъулиятни теран ҳис этади. Кийиниш хонасида етакчилик қобилиятига эга йигитлар бор - Данило, Шесни, Рабьо. Шунингдек, Фажоли ва Миретти каби ўз салоҳиятларини исботлаш ишқида ёнаётган ёшлар ҳам муносиб ўрин тутишади. Жорий мавсум кучли тўртликка кириш йўлида ўйинни тобора мукаммаллаштиришимиз керак. Чунончи, келаси йили ЧЛга қайтишимиз шарт.
- Замонавий футбол ҳақида сўз очдингиз. Сизнингча, бунда қайси хусусиятлар салмоғи баландроқ?
- Жорий мавсум рақибни кутиб олиш эмас, балки прессинг уюштириш йўлидан боряпмиз. Тўғри, баъзан оёқда етарлича мустаҳкам туролмаяпмиз, худди бугунги ўйиннинг биринчи бўлимидагидек. «Сассуоло» билан баҳсда эса том маънода фақат олдинга силжидик, фақат ҳисоб 2:1га айлангач, назоратни йўқотдик, мувозанат бузилди. Табиийки, футболда тўлиқ 90 дақиқа рақибга босим ўтказишнинг иложи йўқ. Гоҳида фаоллик бироз пасаяди, фақат хатолар кузатилмаса, бас. Қисқаси, замонавий футболнинг асосий тенденциялари бири - прессинг. Бунда вазиятларни тўғри баҳолаш ва мувозанатни сақлаш жуда муҳим.
- Жамоадаги янги ролингиз ҳақида: Милик ва Влахович билан ўйнаш ўртасида қандай фарқ бор?
- Ўзим учун муҳим ўзгариш. Қанотда энг яқин футболчи билан ўзаро алоқадаман, марказда эса атрофимда кўплаб йигитларни кўряпман. Бу - ўйиним тараққиётининг бир қисми. Мураббий рақиб дарвозасига яқинроқ жойлашишимни тайинламоқда. Менимча, ишончга яхши старт билан жавоб қайтара олдим. Влахович билан «Фиорентина»да ҳам бирга ўйнаганман, бир-биримизни яхши тушунамиз. Энди Милик ва Кин билан ҳам ҳамкорлик чакки чиқмаяпти.
МУҲАММАДХОН тайёрлади