Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Олий лига савияси мухлислар ташрифига тўғри пропорционал!

Баҳо:
+ | -

Мана 2012 йил ҳам ўтиб бормоқда. Яна бир неча кундан сўнг 2013 йил кириб келади. Футболимиз учун 2012 йил омадли келди. Шундай бўлса-да, чемпионатимиз савиясини оширишимиз керак экан, барибир. Ҳамма чемпионатимиз савиясини ошириш ҳақида бош қотирмоқда. мухлислардан тортиб, журналистларгача. Мен ҳам шу қаторда ўз фикримни баён этсам.

Аввало, биринчи лига ҳақида. Олий лига жамоаларининг сонини қисқартирамиз ва ўз ўзидан биринчи лигада рақобат пайдо бўлади. Қандай қилиб, дейсизми? Оддий: Олий лига жамоалар сони 10 тага етади ва сўнгги ўринни олган 4 жамоа биринчи лигага тушади, биринчи лигада олий учун курашаётган 2 та жамоани қўшсак, 6 та клуб олий лига учун курашади. Мана сизга рақобат! Энди олий лигамиз ҳақида: 10 та жамоа чемпионлик учун 4 давра мобайнида курашади. Куз-баҳор тизимини йўлга қўямиз (Қачонгача юрамиз энди янгилик киритайлик) Биринчи ҳамда иккинчи давра ўйинлари августда бошланиб, декабрда тугайди. Учинчи ва тўртинчи давра ўйинлари эса январда бошланиб май ойида тугайди. Энди танаффуслар хақида: Биринчи ҳамда учинчи даврадан сўнг  икки ҳафталик танаффус ва иккинчи даврадан сўнг бир ойлик танаффус бўлади. Учрашувлар сони кўпайди. Бир ҳафтада 2 та ўйин ўтказиша олишармикан бизнинг футболчилар?!

Январда ўтадиган МДҲ Кубогида ўсмирлар ёки ёшлар терма жамоаларимиздан бирини жўнатамиз. Улар учун ҳам бу йиғин фойда беради. Энди катта бир муаммо бу — мухлислар ташрифи. Тўғриси, бизда қиш қаттиқ келишини ҳисобга олсак, балким бу тарзда чемпионат ўтказилмас! Лекин нима бўлганда ҳам, бу бир таклиф эди. Балким, бу борада ўйлаб кўришиб фикримни давом эттиргувчилар бўлар, балким унга қаршилар ҳам чиқар. Ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз керак бу борада. Дарвоқе, мухлислар ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2012 йилда мухлисларга қувончли кунлар, дардга тўла армон, айрилиқни туҳфа этган ўзбек футболи ҳам 100 ёшга тўлди. Бу билан қанча фаҳрлансак арзийди. Лекин биз фақат шу билан фахрланамизми? Худога шукур натижаларимиз яхшиланмоқда. Бироқ мухлислик борасида нимага эришдик биз? Футболчиларимиздан фақат ғалаба талаб қиламизу, нега ўзимиз мухлисликни қойил қила олмаймиз? Термамизга қарата айтилган «позор» сўзларини ҳалигача унута олмайман. Чемпионатимиз мухлисларини гапирмаса ҳам бўлади. Биргина мисол, ўз тарихида илк бор бронза медалини қўлга киритган «Локомотив» жамоасини стадионидаги мухлислик ачинарли холатда эди. «Бунёдкор» ва «Насаф» ҳам мухлислик борасида мақтана олмайди. Камида келаси мавсумгача. Ҳамма шароит яратилган ҳозирги вақтда нега мухлислар ташрифи кўпайиш ўрнига камаймоқда.

Мухлислик нима ўзи? Қандай инсонлар мухлис дейилади? Нега ҳозир ашаддий мухлислар кам? Ахир вақтида Тошкентда бўлиб ўтган зилзилага қарамай «Пахтакор»нинг ўйинига борган уйининг деворларию, эшиклари бузилганига аҳамият бермай, бор фикру ҳаёлини «Пахтакор»нинг ўйинига қаратган, голдан хурсанд ҳолда сакраган мухлис, «Пахтакор-79»нинг фожиали ҳалокатидан сўнг, охирги йўлга кузатишга чиққан икки миллион халқ мухлислари шу заминда яшаганку! Нега энди бугунги авлод мухлислик борасида мақтана олмайди? Қизиқ, орамизда «Реал» ёки «Барса»нинг бутун бошли таркибини ёддан, рақамигача айтиб берадиган мухлислар бор, лекин ўша мухлисдан «Олмалиқ» ёки «Металлург»нинг таркибику майли, дарвозасида ким туришини сўрангчи — билармикин? Наҳотки, шу даражада аянчли аҳволга тушдими, мухлислик? Чемпионатимиз келишилган деймиз, лекин матбуотда Италия ёки Россия чемпионатида ҳам келишилган ўйинлар борлигини ўқиймиз. Уларда мухлислар ўйинларга кирмоқда-ку! Бизда-чи? Ўйлаб қоламан, вақтида «Насаф» қаерда ўйнамасин, бориб стадиондан томоша қилганман. Нега бу мавсум «Насаф»нинг айрим ўйинларига кирмадим. Бутун мавсум давомида атиги 6 та ўйинига кирибман-а, яна ашаддий мухлисман, дейман ўзимни. Биз мухлисликни қойил қила олдикми? Шу саволни ҳаммамиз ўзимизга бериб кўрайлик. Шуми мухлислик? Шу-ми чемпионатимизга бўлган ҳурмат? Тўғри севган жамоангни мағлубиятини кўришдан оғирроқ нарса бўлмаса керак, лекин фақат яхши кунларда бирга бўлинмайди-ку!

Эсимда ёшлигимда шўхлик қилиб нимадир айб иш қилиб қўйдим ва дадам жазо сифатида «Насаф»нинг ўйинига мени ташлаб, ўзлари футбол кўргани кетдилар. Мен эса ортларидан деярли стадионгача югуриб борганман. Дадам таксида стадионга етиб келиб, футбол томоша қилиб ўтирганлар. Мен изиллаб дадамни қидирганман. 10 ёшли болакай эдим ўшанда. Кейин айб иш қилмасликка ҳаракат қилардим. Сабаби, «Насаф»нинг ўйинидан яна қолиб кетишдан қўрқардим. Стадионга одам сиғмасди ўша пайтлар! Ҳозир-чи? Замонавий стадионларимизда ажойиб шароитлар яратилган. Ким учун яратилган? мухлислар учун, яъни биз учун. Нега мухлислар камайиб кетмоқда? Ким айбдор бунга? Федерациями, тақвим нотўғри тузилганими? мухлисларни ўйлаб тақвим тузилмайди деймиз. Тасаввур қилинг, мухлисларни ўйлаб тақвим тузилмоқда, тузилди ҳам. Эртасига федерацияга ҳат келади: «Эй ака, ўнинчида «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйнаркан, менинг тўйим бор эди ўша куни. Келинг, бир кун ортга сурайлик!» Ўйин сурилди ҳам. Эртасига яна хат келади ёки қўнғироқ! Бу ҳол давом этаверади. Федерациянинг ишига аралашмайлик, улар қанақа тақвим тузишни  ўзи билади.

Ҳамма чемпионатда бор ўйин сурилишию қолдирилиши мухлисларнинг камайишига қадрли «Спорт» ТВимиз ҳам айбдор. Нега, дейсизми? Чемпионатимиз тўлиқ ёритилмайди. «Россия-2» телеканалида ҳар ҳафтада биринчи лига ўйинлари тўғридан тўғри эфирга узатилади. «Анжи» ёки «Рубин»нинг ўйинларини олиб бермаслиги мумкин, лекин биринчи лига ўйинлари ёритилади. Бизда-чи биринчи лигаку майли, ПФЛ ҳақида тайинли кўрсатув йўқ. «Футбол шарҳи» умуман бошқа кўрсатув. Нега европа чемпионатлари ҳақида тур ҳисобот кўрсатуви бору, ўзимизнинг чемпионат ҳақидагиси йўқ. Трансляцияга боғлиқми бу нарса? Еропада деярли ҳамма ўйинлар трансляция қилинади, бизда эса Тошкентдаги ўйинлар ёки "Насаф"нинг Қаршидаги ўйинлари кўрсатилади, холос. Агар бошқа ўйинлар адашиб ёзиб олинган ҳолда қўйилмаса, шу билан чемпионатимиз турлари ўтади-кетади. Нега ўзимизда тўртта журналистни чақириб олиб, ўзимизнинг чемпионат ҳақида гаплашилмайди ёки қийинми бу?! Менимча, чемпионатимиз ўзимизда бўлади, Марсда ёки Юпитерда эмас. Ҳафтанинг чиройли голлар учлиги, ҳафтанинг рамзий терма жамоаси, ҳафта қаҳрамони ёки антиқаҳрамони. Бу ҳолатлар мухлисларни стадионларга, чемпионатимизга яна қайтаришга, қизиқтиришига сабаб бўлмайдими? Бу билан европа чемпионатларини ўзимизнинг чемпионат билан солиштирмоқчи эмасман, таққослаб бўлмайди ҳам! Ҳақиқий маънода профессионалликка эришмоқчи бўлсак, оддий майда нарсаларга ҳам эътибор беришимиз керак.

Футболга қатнашиб юрган пайтларим мусобақа бўлса, мухлисларга ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилардим. Клубларимизда ўсиб келаётган ёш футболчилар кимга ўзини кўрсатади. Бўш ўриндиқларгами? Чемпионатимиз савиясини ошириш керак. мухлисларни қайтариш керак. Бу мавсум ёрқин хотираларга бой бўлди. Терма жамоамиз иштирокида бўлса ҳам. Албатта, секин-секин ҳаммаси яхши томонга ўзгармоқда. Истардимки, чемпионатимиз савияси ўсиб, 2013 йилда стадионларимизга мухлислар қайтса, ахир «Насаф»га Бердиевни қайтаришга катта ҳисса қўшганлар - шу мухлислар эмасми? Ёки «Отставку» деб баннер кўтариб чиққан ҳам шу мухлисларку. «Навбаҳор» - «Насаф» ўйинида стадион тўлиб, кўчада билети билан қолиб кетганига ачинса-да, жамоасининг ғалабасини хоҳлаган ҳам шу мухлислар-ку! Хақиқий футболимизнинг жонкуяр мухлислари бор бўлишсин. Омон бўлинглар!

Улуғбек Яҳёев

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 11:34, 22.12.2012.
Ўқилди: 5831 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.