Half-Time Stat («Телеграм» канали) муаллифи одатий 5та кучли лиганинг амалдаги энг ёши катта («узоқ умр кўрувчи») футболчилари рейтингини шакллантирди. Алоҳида айтиш керак, рўйхатга фақат майдон ўйинчилари киритилган, яъни дарвозабонларга эътибор қаратилмаган. Зеро, агар киперлар ҳам рейтингга қўшилсалар, юқори ўринлар «А» серия вакилларидан ортмасди. Яна бир изоҳ: футболчиларнинг турли лигалардаги даври алоҳида ажратиб кўрсатилган.
Топ-20 шаклида тузилган рейтингда атиги 2 нафар ҳужумчи бор - Педро ва Кевин Гамейро. Мутлақ етакчи Жеймс Милнернинг шахсий статистикаси таҳсинга лойиқ. Англиялик «ўлмас» йигит нафақат еврофутболдаги бош «отахон», балки у деярли ҳар мавсум (фақат биринчисини бундан мустасно) миллий чемпионатда 20тадан кўп ўйин ўтказган. Жорий мавсум эса «Брайтон»нинг 5та учрашувида иштирок этишга улгурди. Айтиш жоиз, январь ойида 38 ёшга тўладиган фахрийнинг айни шартномаси 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Лекин томонлар ҳамкорлик муддатини яна 1 йилга узайтиришлари мумкин. Кўпчилик ҳозирдан Милнер АПЛда яна бир мавсум қолишини тахмин қилмоқда.
Кучли бешликнинг қолган позициялари испанлар билан банд: Рауль Гарсия ҳали ҳеч қаерга кетмади, Серхио Рамос, Хесус Навас ва Рауль Альбиоль Ла Лигага қайтишди. Япониялик Макото Хасебе ҳаттоки етакчиликка интилиши ҳам мумкин эди: 39 ёшида ҳамон ўйнаяпти. Фақат шуниси борки, қитъадошимиз кучли 5та лигага «атиги» 17та мавсум олдин бош суққан. Яъни Макото Германия чемпионатида 24 ёшидагина пайдо бўлганди. Рейтингга кирган 7 нафар футболчининг фақат 1та лигада ўйнаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Франция чемпионатида эса бундай футболчи йўқ. Яна бир ҳолат: Этьен Капу мавсум-2020|2021да ўз сериясини деярли тўхтатганди. Бинобарин, у «Уотфорд» билан АПЛдан тушиб кетди, кейин Чемпионшипда 6 ой ўйнади, қишда эса «Вильярреал» сафига қўшилиш асносида топ-5га қайтди.