Хитой миллий терма жамоасининг муваффақиятсизлиги ва мамлакат футболида давом этаётган коррупцияга қарши курашга қарамай, бу давлат чепионатига Дидье Дрогба, Николя Анелька каби футболчилар ташриф буюришмоқда.
Кириш
2012 йил Хитой футболи учун у қадар муваффақиятли кечмади. Терма жамоа ЖЧ-2014 йўлланмаси учун курашни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлди. Шунга қарамай, ижобий жиҳатлар ҳам бор. "Гуанжоу Эвергранде" клуби машҳур мураббий Марчело Липпи қўлостида яна чемпионликни қўлга киритган бўлса, Дидье Дрогба, Николя Анелька, Лукас Барриос ва Фредерик Кануте каби юлдуз футболчилар Хитой чемпионатида тўп сура бошлашди. Бу ҳолат мухлисларнинг ички чемпионатга бўлган қизиқишининг ортишига сабаб бўлди. Машҳур футболчилардан ёш ўйинчилар ҳам футболнинг сир-асрорларини ўрганишади.
Терма жамоалар
Йил бошида терма жамоа ўз майдонида Иордания устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, бу Хитой учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмади. Боиси, терма жамоа ЖЧ-2014 йўлланмасидан маҳрум бўлиб улгурганди. Ёзда эса Хитой амалдаги Жаҳон ва Европа чемпионлари — Испания билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Хосе Камачо шогирдлари ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш қилишди ва атиги 0:1 ҳисобида ютқазишди. Агар Чжен Чжи Икер Касильяс билан бирга-бир вазиятда гол ура олганида, хитойлик бутун дунёни ҳайратга солишлари мумкин эди.
Лекин 11 сентябрь куни Бразилияга қарши бўлиб ўтган ўйинда терма жамоа 0:8 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада Хосе Комачога нисбатан танқидлар кўпайиб кетди. Шунга қарамай, бу мураббий Ироқ, Саудия Арабистони ва Индонезияга қарши Осиё кубоги-2015 саралаш баҳсларида терма жамоани бошқаради.
Аёллар терма жамоаси эса йил сўнгида Австралияни мағлуб этиб, келаси йили бўладиган Шарқий Осиё кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Миллий чемпионат ва кубок
Хитой ўз иқтисодиёти бўйича Япониядан ўтиб кетиб, дунёда иккинчи мамлакатга айланганидан кейин Суперлигага кўплаб юлдузлар ташриф буюра бошлади. Бундан фақат мухлислар ютишмоқда. CCTV-5 телеканали Суперлиганинг барча ўйинларини намойиш қилмоқда ва ишқибозлар машҳур футболчиларнинг ўйинларидан баҳраманд бўлишмоқда.
Кореялик мураббий Ли Чан Суни италиялик мутахассис Марчело Липпига алмаштирган "Гуанжоу Эвергранде" бирданига 2та соврин — чемпионлик ва мамлакат кубогини қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса "Жиангсу Саинти"га насиб қилди.
Легионерлар
Жанг Ченг Донг иккинчи Бундеслига вакили "Айнтрахт Брауншвейг" клубида ўйнамоқда, аммо у камроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Чжан Вен Жао эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони — "Коринтианс" клуби сафидан жой олишга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу унга насиб қиладими ёки йўқми, ҳали номаълум.
Ярим ҳимоячи Хуан Боуэн Кореянинг "Чонбук Моторс" сафида яхши ўйин кўрсатди, аммо ёзда "Гуанжоу"га қайтди.
Йил ўйинчиси. Чжен Чжи ("Гуанжоу Эвергранде")
ОФКнинг 2012 йилдаги энг яхши футболчиси унвонига даъвогарлик қилган Чжен Чжи ўз жамоаси билан Суперлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритди. "Чарльтон" ва "Сельтик" клубларининг собиқ футболчиси балки "Гуанжоу Эвергранде" легионерлари — Конка ва Барриос каби ёрқин ўйин кўрсатмагандир, аммо маҳаллий футболчи сифатида жамоанинг етакчиси бўлди. Марчело Липпи уни марказий ҳимоячи позициясидан плеймейкер зонасига ўтказди.
Йил лаҳзаси. "Чонбук Моторс" устидан қозонилган йирик ғалаба
"Гуанжоу Эвергранде" ўзининг ОЧЛдаги илк баҳсида "Чонбук Моторс"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу ОЧЛ дебютанти учун ажойиб натижа эди. Легионерлар — Конка, Мирикуи ва Клеони бу ўйинда тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмади — улар барча голларга муаллифлик қилишди. Дастлабки ўйинда эришилган ишончли ғалаба "Гуанжоу" футболчиларини руҳлантириб юборди ва улар чорак финалгача етиб боришди. Бу босқичда хитойликлар "Ал-Иттиҳод"дан мағлуб бўлишди.
2013 йил мақсадлари
Терма жамоа Осиё кубоги-2015 саралашида мураккаб гуруҳга тушган. Кетма-кет омадсизликлардан кейин мухлислар улардан Австралияда ўтадиган қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритишларини кутишади.