Ўзбекистондаги спортга ихтисослашган “Машъал” радиоканалининг футбол мухлислари ўртасида таниқли бўлган “Арена” эшиттириши жонли эфирда ишқибозлар томонидан йилнинг энг яхшиларини аниқлаш борасида сўровлар ўтказди. 2012 йилнинг “Энг яхши футболчиси”, “Энг яхши мураббийи” ва “Энг муҳим воқелиги” номинацияларида радиотингловчилар ўз номзодларини илгари суришди. Сўровлар якунига кўра “Энг яхши футболчи” номинациясида миллий термамиз ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов эътироф этилди. Қозоғистонда энг яхши деб топилган Улуғбек Бақоев эса бизда иккинчи бўлди. Одил Аҳмедов кучли учликдан жой эгаллади.
“Энг яхши мураббий” йўналишида Ўзбекистон миллий термаси ва “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов катта устунлик билан биринчи ўринни эгаллади. Ўсмирлар терма жамоамиз билан Осиё чемпиони бўлган Дилшод Нуралиев иккинчи, миллий терманинг собиқ устози Вадим Абрамов учинчи бўлди.
“Энг муҳим воқелик” йўналишида эса 2014 йилги жаҳон чемпионати саралашидаги Ўзбекистон терма жамоасининг Теҳронда Эрон миллий термаси устидан қозонган ғалабаси эътироф этилди. Бу йўналишда иккинчи ўринни Тошкентда “Бунёдкор” спорт мажмуасининг қуриб фойдаланишга топширилиши банд этди. Учинчи воқелик сифатида футбол мухлислари ногирон-ампутант футболчиларимизнинг учинчи бор жаҳон чемпиони бўлганларини эътироф этди.
“Энг яхши футболчи”
1. Санжар Турсунов – 8 та овоз
2. Улуғбек Бақоев - 7
3. Одил Ахмедов -4
4. Виталий Денисов-2
5. Жасур Ҳасанов (“Бунёдкор”), Игорь Сергеев, Аббос Омонов, Александр Гейнрих, Жамшид Искандаров, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров, Мансур Саидов, Зайниддин Тожиев, Артур Геворкян, Акмал Шорахмедов, Игнатий Нестеров, Рўзимбой Аҳмедов.
“Энг яхши мураббий”
1. Миржалол Қосимов – 27 та овоз,
2. Дилшод Нуралиев – 3,
3. Вадим Абрамов -2,
4. Шуҳрат Мақсудов, Хорен Оганесян, Равшан Муқимов, Рустам Қориев -1
“Энг муҳим воқелик”
1. Эрон-Ўзбекистон-0:1 - 12 та овоз,
2. “Бунёдкор” спорт мажмуаси -8 та,
3. Ногиронларнинг 3 карра жаҳон чемпионлиги -3 та,
4. Олимпиада саралаши. Ўзбекистон-БАА-2:3 - 2 та,
5. Япония-Ўзбекистон-0:1, Ўзбекистон U-16, Ўзбекистон U-19, Ўзбек футболининг 100 йиллиги, «Ардус»нинг ОЧЛ финалида иштирок этиши – 1тадан.