Суперлига 22-туридан ўрин олган «Навбаҳор» – «Насаф» (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ўйин темпи юқори бўлмади, аммо кураш кўп бўлди. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Мезбонлар ҳам ғалабага ҳақли тўп тепишди. Қайсидир маънода омадимиз келди. Кучли рақиб устидан сафарда ғалабага эришдик. Ўйлайманки, бу очко мавсум сўнггида бизга керак бўлади.
Биринчи бўлимда 4-4-2 тактикасида ўйнадик. Ўрунов майдонга тушгач, 5-4-1 схемасида ҳаракат қилдик. Чунки, ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур эди.
«Навбаҳор»нинг ҳар бир чизиғида кучли футболчилар мавжуд. Жамоанинг сўнгги икки йилда савияси ошди. ОЧЛ беллашувларида ҳам бунга гувоҳ бўляпмиз. Мезбонларда таркиб борасида йўқотишлар борлиги ва чарчоқ сезилди. Аслида чарчоқ бизда ҳам бор эди, аммо омадимиз келди ва вазиятни голга айлантирдик.
Лигада яхши ўринларни эгаллаш учун имкониятимиз бор. Ҳозир қайси мусобақага эътибор қаратишни ўйлаб олишимиз зарур. Таркибда йўқотишларимиз бор. Улар бўлганида кўпроқ ротация қилардик. Шу сабабли бир футболчини кўп ўйнатишга мажбур бўляпмиз. Бу қайсидир паллада панд бериши мумкин.
Чавесдан кўп нарса кутган эдик. Ортиқча вазн ва жароҳатлар ҳалал берди. Жигаури ўтган беллашувларда яхши ёрдам берди, аммо жароҳати сабаб бугун жамоамизга ёрдам бера олмади. Умуман олганда, легионерлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмадим”, – деди Бердиев.