Одатдагидек, “Олтин тўп” соврини топширилгандан сўнг, баҳслар кўпайиб кетди. Аввало шуни айтиш керакки, футболда ЕЧЛ, ЖЧ кубоги, чемпионатларда ғолиблар учун бериладиган совринлар бор ва ўша асосийси. “Олтин тўп” эса, шунчаки, бир нашр томонидан таъсис этилган қайсидир маънода рамзий мукофот, худди “Оскар” каби, яъни усиз ҳам футболни тасаввур қилиш жуда осон, кўнгилга оғир олмасликни тавсия қилардим.
Хўш нега Месси? АҚШда ўйнаб юрган футболчигаям “Олтин тўп” топшириладими?
Ҳа, чунки сўнгги йилда “Франс футбол” ўзгариш киритди – энди бу соврин календар йили учун эмас, футбол мавсуми учун топширилади. Кечагиси 2022/2023 мавсуми учун топширилди, шунинг учун Беллинҳэмни қидириб ўтирманг.
Ҳоланд мавсумни яхшироқ ўтказди-ку?
Ҳа, бутун мавсум эътибори билан норвегиялик ҳужумчи энг барқарор ўйин кўрсатди. Месси эса, фақат жаҳон чемпионатида Месси бўлди. Ҳамма гап шунда. Анъанавий равишда Жаҳон чемпионатининг тоши оғир келади. Бу тўғрими, нотўғрими, бошқа масала, лекин шундай қабул қилишга мажбурмиз. Роналдо 2002 йилда деярли Европада ўйнамай, жароҳатдан тикланиб, мундиал туфайли “Олтин тўп” олган. Каннаваро ўша мавсумни “Ювентус”да қандай ўтказганини эслай олмаймиз ҳам, лекин унга ҳам топширилган. Агар ЖЧ одатдагидек ёзда ўтказилганда ва “Олтин тўп” мавсум тугаши билан топширилганда, катта эҳтимол, ҳеч қандай савол бўлмасди. Эсланг, ўша ЖЧ финалидан кейин, уёғига нима бўлса, бўлсин, барибир Месси “Олтин тўп” олади, деган фикр кечмаганди, хаёлингиздан?
Тьерри Анридан иқтибос келтираман: “Тарихдаги энг яхши футболчи жаҳон чемпионатини ютган мавсумида “Олтин тўп”ни ололмаса, мантиқсиз бўлмайдими?”
Албатта, 8 “Олтин тўп” ичида энг тушунарлиси, аввалги ўлчов ва анъаналарга энг моси мана шу охиргиси эмасми?
Снайдер ёки Иньестачи?
Энг қизиғи, 2010 йилда “Олтин тўп” Иньестага топширилиши керак эди, чунки жаҳон чемпиони бўлганди, деб ҳозирчага такрорлаб юрадиганлар бугун Мессига эътироз қилишяпти. Хўп, ўшанда хато қилинган бўлса, яна такрорлаш керакми хатони?
Тўғри, тушунарли ва доим амал қилинадиган критерияларни ҳаммаям истайди. Лекин бу ерда аниқ критерияни белгилаш осон эмас. 2014 йилда Германияда яққол юлдуз бўлмаган, “Олтин тўп” Роналдуга топширилган. 1999 йилда “МЮ” жамоавий кучли эди, ҳа, Бекхэм порлоқроқ, аммо клуби билан ҳеч нарса юта олмаган Ривалдо “Олтин тўп”ни олган. Мана бунақалариям бор.
Яъни бирор мантиққа қарши мисол қидирганингизда, Месси ё Роналдунинг “Олтин тўп”лари энг ҳаққонийси бўлган ҳаммаси, тан олиш керак. Чунки бу икки футболчи бошқалардан шу қадар бошқа даражада эдиларки, клублар ёки терма жамоаларнинг натижалари чеккага чиқиб қолган – икковидан қайси бири кўпроқ соврин ютса, ўша олаверган.
Ниҳоят бу давр тугади, энди “Олтин тўп” эгасини топиш анча осон бўлади. Катта натижаларни қайд этган клуб ёки терма жамоа ичидан энг яхшисини топиш етарли, нарёғда одам боласининг қўлидан келмайдиган ўйинлари билан Месси ёки Роналду ҳалақит бериб турмайди. Бу билан бир-биримизни табрикласак бўлади.
Қаҳрамон Асланов.