Мавсум бошида "Бухоро" таркибига Туркманистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси, 2010 йилда Туркманистоннинг энг зўр қанот ярим ҳимоячиси бўлган Амир Гурбани келиб қўшилган эди. Бу футболчи жамоамиз мураббийларига маъқул келган ва у билан жамоамиз шартномага имзо чекишган эди. Лекин, баъзи бир сабаблар туфайли Туркмнистондан Амирнинг халқаро лицензияси юборилмади ва Гурбани "Бухоро"ни тарк этишга мажбур бўлганди.
Биз куни-кеча Амир Гурбани билан сайтимиз мухлислари учун қисқача суҳбат уюштирдик:
— Ҳозирги жамоангиз билан шартнома муддати қачон якунига етади?
— Жамоам билан шартномам деярли якунланган, аниқроғи январь ойидан бошлаб мен эркин агентга айланаман.
— Демак сизни яна "Бухоро"да кўрсак ажаб эмас, шундайми?
— Яхши бўлар эди, лекин ҳозирча мени ҳеч ким чақиргани йўқ.
— Мабодо сизни таклиф қилиб қолишса, рози бўласиз, шундайми?
— Албатта! Жон деб рози бўламан.
— Лекин, яна ўтган йилги муаммо чиқиб қолса-чи?
— Йўқ! Энди муаммо чиқмайди, ҳаммасини ҳал килдим. Мен жамоам билан ютиш мумкин бўлган барча кубокларни ютдим, мендан талаб қилингани ҳам шу эди, шунинг учун ҳам бошқа муаммо чиқмайди.
— Сиз Туркманистонда бўлишингизга қарамай ўзбек футболи, хусусан "Бухоро" жамоаси билан қизиқдингизми?
— Албатта! Мен интернет тармоғидан, хусусан pfkbuxoro.uz сайтидан "Бухоро" ҳақида доим маълумот олиб тураман. Ғалаба қозоган пайтларингизда қувонаман, мағлубиятда — аксинча. Мени қувонтиргани "Бухоро" жамоасига ҳамюртим Тачмурод Агамуродов бош мураббий бўлгани бўлди. Албатта, у жуда кучли мутахассис! Омад тилайман.
— Амир, қизиқарли суҳбатингиз учун рахмат.
— Сизга ҳам раҳмат! Мени эсдан чиқармаганингиз учун катта раҳмат!
"Бухоро" жамоаси матбуот котиби Азиз Салихов суҳбатлашди.