Каталония ва Нигерия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини (1:1) каталонияликлар бош мураббийи Йохан Кройф учун фаолиятидаги сўнгги баҳс бўлди. Ўйиннинг ўзи эса "Барселона" сардори Карлес Пуйол учун нохуш кайфият тақдим этди.
Биринчи бўлим тугашига яқин нигериялик футболчи Пуйолнинг юзига тирсаги билан бехосдан уриб юборди. "Барса" ҳимоячиси эса қоши ёрилган ва юзидан қон оққан ҳолда майдонни тарк этди. Кийиниш хонасида Карлеснинг қошини 4та чок билан тикишди. Каталония клуби шифокорларинининг айтишича, Пуйол якшанба куни "Эспаньол"га қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин.
"Барса"нинг яна бир ҳимоячиси Марк Бартра мушагидан жароҳат олганди, аммо жароҳати билан ўйиннинг сўнгига қадар ўйнашга мажбур бўлди. Боиси, Кройф бу пайтга келиб барча ўзгаришларни амалга ошириб бўлганди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг жароҳати жиддий эмас, аммо у чуқур тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Нигерияга қарши ўйин Каталония терма жамоаси ярим ҳимоячиси Серхио Гонсалес учун хайрлашув учрашуви бўлди. У терма жамоада барчадан кўп — 15 марта тўп сурган. Нигерияга қарши ўйиннинг 3-дақиқасида у мезбонларнинг ягона голини пенальтидан киритди ва 12-дақиқада мухлисларнинг олқишлари остида ўз ўрнини Альваро Васкесга бўшатиб берди.