Аммо янги мавсумда ҳам ютуқлар учун кураш яхши бошланмади. МЮ 1962/63 йилги мавсумдан бери энг ёмон стартини ва 1930 йилдан бери уй ўйинларидаги ёмон стартни амалга оширди. Чемпионлар лигасида ҳам ишлар яхши эмас. Қанчалик арзимас туюлмасин, клуб мураббийни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўриши керак. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Жамоада яққол етакчининг йўқлиги
Бир томондан Тен Хаг мақтовга сазовор бўлди, чунки "Манчестер Юнайтед" унинг қўл остида яхшилана бошлади ва беш йиллик кубоксиз серияни якунлади. Аммо МЮ бу мавсумда анча заиф кўринмоқда. "Манкунианликлар" ўзидан кучсизроқ жамоалар билан ўйинда қийинчиликка учраяпти. Бошқа гранд клублардан анча кучсиздек гўё.
"Клуб қарши ҳужумларга таяниб қолган ва диагонал узатмаларда кўп ўйнайди. Кузатсангиз, ҳеч бир жамоа бундай ҳаракатни амалга оширмайди. Тен Хаг олиб келган ўйинчилар машғулотларда қандай кўринмоқда ва ўйинларда қандай натижа қайд этмоқда? Майдонда ҳеч қандай фойдаси тегмайди", - дейди Жейми Карагер.
"Менга жамоанинг ўйин услуби умуман ёқмайди. Улар қайндай моделга ёпишиб олганини билмайман", - дейди Гари Невилл.
Ўзидан кучсизроқдек кўринган клубларнинг амалга ошираятган ишларига қарайдиган бўлсак, Тен Хагни оқлаб бўлмайди. Ангелос Постекоглу, Унаи Эмери ва Роберто Де Зерби "Тоттенхэм", "Астон Вилла" ҳамда "Брайтон"да ўз ўйинчиларига аниқ тактик режага амал қилишни ўргатиб, ўзгарувчан таъсир кўрсатди. "Манчестер Юнайтед"да эса Тен Хаг бундай ишларни амалга оширмаяпти.
Ғалати трансферлар
МЮ устози "Олд Траффорд"га келганидан бери трансферлар учун жами 335 миллион фунт сарфлади. Пеп Гвардиола худди шу даврда "Манчестер Сити"да 100 миллион камроқ сарф қилган. Каземиро, Лисандро Мартинес ва Кристиан Эриксен кабилар "Манчестер Юнайтед"га ўтишди, аммо бу мавсумда ҳозирча аввалги даражаларига чиққанларича йўқ.
Клуб тарихидаги иккинчи энг қиммат трансфер (85 миллион фунт) бўлган Антони ўзига сарфланган пулни оқлаш учун жиддий ҳаракат қилмаяпти. Тайрел Маласия ҳам асосий таркибга тезда кириб кетолмади. Мейсон Маунт эса, Бруну билан тандемда унчалик ўзини кўрсата олмаяпти. Давид Де Хеа ўрнига жамоага оилб келинган “Интер” собиқ дарвозабони Андре Онана бир қанча хатоларга йўл қўйиб, клубининг салбий натижаларига сабаб бўлмоқда.
Ёзги трансферлар ойнасида Харри Кейн учун курашиш ўрнига Тен Хаг “Аталанта”да ўзини кўрсатган, аммо Премьер лигада ҳали гол уролмаган 20 ёшли Расмус Хойлундни танлади. Софьян Амрабат ва Серхи Регилон ҳам жамоани жиддий равишда ўзгартира олди дея олмаймиз. 35 ёшли Жонни Эванснинг олиниши эса, клубнинг ҳимоядаги камчилигини ёпа олмади.Тен Хагнинг амалга оширган трансферлари жамоага тескари таъсир кўрсатиб, клубиннг кучсизланишига сабаб бўлди.
Жамоа сардорини аниқлашдаги муаммолар
Нидерландиялик мутахассис Харри Магуайрнинг бир неча “қовунлари” сабаб, сардорликдан маҳрум қилди. Аммо унинг ўрнига ўтган мавсумда ажойиб ўйинлар кўрсатган Бруну Фернандеш танланди. Португалиялик ўтган мавсумда жамоанинг вице-капитани эди.
Шубҳасиз, Фернандеш айни дамда таркибдаги энг фаол ўйинчи ва у кўпинча майдонаги бор масълиятни ўз зиммасига олади. Аммо қийин дамларда, жамоавий руҳни кўтаришга келганда, португалиялик ўзини ҳамда жамоасини тушкунликдан олиб чиқолмайди.
Тен Хаг бошчилигидаги жамоада етакчилар кам, лекин Фернандешдан ташқари яна камида 2 та яхши вариант бор. Масалан, Рафаэль Варан. Варанда клуб сардори бўлиш учун етарлича тажриба ва ўзига хос хотиржамлик бор. Франциялик футболчи Брунудан ҳозироқ бу лавозимни олиб қўйиши мумкин эди, аммо соғигидаги муаммолар сўнгги ҳафталарда мунтазам ўйнашга тўсқинлик қилди. Кейинги ўринда “Манчестер Юнайтед” сафида айнда вақтда энг кўп ўйинда иштирок этган Люк Шоу.Шоу ҳозирда жароҳатидан фориғ бўлишга интилмоқда. Лекин у бир неча йил ичида МЮнинг энг барқарор ўйинчисига айланди.
Жамоа ички муҳитининг ёмонлиги
Тен Хаг жамоада ўз обрўсини кўрсатишга бир неча бор уриниб кўрган, жумладан Криштиану Роналду ва Жейдон Санчони жамоадан четлатди. Португалиялик кетганидан сўнг клубнинг натижалари бироз яхшиланди, лекин англиялик билан вазиятда ҳаммаси унчлик ҳам аниқ эмас. Мураббий уни жамоатчилик танқид қилгани учун дисквалификация қилди, гарчи у аввал ҳам худди шунақа танқидларга дуч келган бўлса-да. Вазият бир неча ойдан бери яхшиланмади ва ҳаммаси футболчининг клубни тарк этиши томон кетмоқда.
Санчонинг жамоадаги рақобатчилари ҳеч нима қила олмаётганини инобатга олган ҳолда, зиддиятни кучайтириш мантиққа тўғри келмайди. Маркус Рэшфорд ва Антони жамоанинг муваффақиятларига минимал ҳисса қўшанига ва ҳужумни кучатириш зарурлигига қарамай, мунтазам тарзда майдонга тушишда давом этмоқда. Тен Хаг оптимал таркиб тузишда ҳали ғам қийналаётгани тайин. Бундай вақтда Санчонинг таркибга киритилмаслиги ачинарли ҳолат.
Клуб ўйинларида барқарорлик йўқлиги
МЮ сўнгги тўртта ўйиннинг учтасида ғалаба қозонган. Аммо “манкуниянликлар” иккита баҳсда базўр ғалабага эришди. Лига Кубогининг учинчи босқичида “Кристал Пелас” устидан қозонилган ғалаба энг ёрқинларидан бири. Аммо рақиблар “Олд Траффорд” да ҳам клубга жиддий қаршилик кўрсатмоқда.
“Ньюкасл”га қарши Лига Кубогининг тўртинчи тур учрашувидан сўнг, “Манчестер Юнайтед” ҳеч бўлмаганда Премьер лигада яхши тақвимга эга эди. “Фулхем” кичик ҳисобда мағлуб этилди. “Лутон” ва “Эвертон”га қарши ўйинлар жамоани кутиб турибди. Кўринишидан қийин эмасдек, аммо қандай натида қайд этилишини вақт кўрсатади. Кўрамиз, кузатамиз....