«Ньюкасл» ўтган мавсумда энг барқарор жамоаларидан бири эди, «МЮ», ҳатто «Арсенал»да ҳам кўтарилиш, пасайиш даврлари бўлди, аммо Эдди Хау шогирдлари очколарни бир текисда йиғиб борганди.
Иккинчи йилда жамоа кучайиши аниқ, аммо ягона тўсиқ - ЕЧЛ, жамоага биринчи марта қўшимча фронтдаги курашиш халақит бериши эҳтимоли катта эди.
Ички кубоклар бошқа нарса, ЕЧЛ умуман бошқа даража, бунинг устига «қарғалар» ўлим гуруҳига тушиб қолишди - ПСЖ, Милан, Боруссия - мана сизга қўшимча 6 та топ учрашув. Табиийки, ҳафтада бир ўйин билан икки ўйиннинг фарқи жуда катта. Айниқса, ҳар ўйинда жисмоний кураш ва прессингга урғу берадиган жамоа учун.
Эътибор беринг, оғир тақвим туфайли (Сити, Ливерпул, Брайтон) августдаги ёмон стартни қўшмасак, «Ньюкасл» буёғига уч ўйинда очко йўқотди. Барчаси айнан ЕЧЛ ўйинидан кейинги турда:
ПСЖдан сўнг, Вест Ҳэм 2:2
Боруссиядан сўнг, Вулвз 2:2
Боруссиядан сўнг, Борнмут 0:2.
Фақат Миландаги ўйиндан кейин ғалаба қозонилган, аммо «Шеффилд» анча кучсиз рақиб эканини ҳам инобатга олиш керак.
Танаффусдан кейинги ўйинлар: Челси, ПСЖ, МЮ, Эвертон, Тоттенҳэм, Милан. Осон эмас бу майдон ичида турмоқ...
Табиийки, Хау буни билган, айнан ротация учун трансферлар амалга оширилди ҳам, аммо юкламалар ошиши натижасида жароҳатлар ҳам кўпайган. Ботман, Берн, Исаак, Уилсон, Барнс, Мёрфи, Андерсон - ҳаммаси асосий таркиб ёки яқин футболчилар. Тонали йил охиригача дисквалификация, бугун Гимарайш ҳам сариқ карточкалар туфайли ўйнай олмади. Алмирон биринчи таймда жароҳатланди. Борнмутдаги натижа, демак, сюрприз эмас.
Яна бир томони, ЕЧЛ гуруҳда қолиб кетилса, пастроқ рейтинг туфайли, кейинги еврокубокларда ҳам оғирроқ рақиблар тушаверади. Эсингизда бўлса, «Сити» эндигина ЕЧЛда ўйнай бошлаганида, ҳар йили қийин гуруҳга тушиб қоларди.
Энди бунга, жамоа муваффақиятли ўйнагани сари, таркибидаги кўпроқ футболчи терма жамоаларга чақирилишини ҳам қўшинг.
Топ клуб бўлиш ўйлаганимиздан анча қийин.