Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Орқада қолгувчи ўйлар (сўнгги қисм)

Баҳо:
+-1 | -

Мақоланинг аввалги қисмлари: 1-қисм (мобил-версия ва веб-версия), 2-қисм (мобил-версия ва веб-версия), 3-қисм (мобил-версия ва веб-версия)

6. ЎРТАГА ҚЎЙИЛГАН САВОЛ
“Спорт” каналида Полонская бу галги кўрсатувида ТВга Лушанни таклиф қилган экан. Лушан бир саволга жавоб бера туриб, бирор клубнинг бош мураббийи бўлиш ниятим йўқ деб айтди. Ёшлар билан ишлаганим маъқул деяпти. Чунки бош мураббийлик “неблагодарный труд” эмуш. Қадрсиз, меҳнати поймол бўлувчи касб эмиш. Бирор клубдаги бош мураббийнинг топган тутгани бир кунда йўқ бўлиши мумкин деди. Тўғри, қандай қарашга боғлиқ. Менимча, Нуралиевлар меҳнати, яъни ёшлар истеъдодини очиш заҳмати “неблогадарний” касблар сирасига киради, беш йил қилган меҳнатинг мевасини биров териб олади ёки чиритиб ташлайди. Қанча истеъдодлар йўқ бўлиб кетяпти, уларга гўдаклик пайтидан бошлаб меҳрини аямай берган устозлари чирқиллаб қоляпти. Ўн олти ёшига қадар Мусаевдек мусаввирнинг йиллар давомида парваришлаб яратган картинаси устидан лой чаплаб қўйишяпти. Лекин бирор бир жамоанинг бош мураббийи мусаввир бўлиб картина ярата олса, бу картина тарихда қолади. Кўчирмачи маляр бўлса, ёш истедодларнинг ўлгани бўлади. Тўғри, мураббий бугун шоҳ бўлса эртага гадо бўлиши мумкин. Бунга чидаш керак.

Ушбу кунлар журналистлар орасида бир ой олдин авжига чиққан баҳс тинчиб кетди. Табиий ҳол. Бошқа мавзуларга ўтиб кетишди. Лекин ўртага қўйилган ўша савол муҳим эди. Абрамович мураббийларни алмаштириб тўғри иш қилдими? Ди Маттео ёрқин ўйин кўрсатиб, ЕЧЛни ютиб берган эди-ку, нега уни ишдан бўшатади, дегувчилар кўп бўлди. Ди Маттео ёрқин мусаввир, ҳали янги картиналар ярата олади. Виллаш Боаш “Тоттемхэм”нинг тоза оқ қоғозини олиб, унинг устида янги картина ярата бошлади. Мураббийлар ўз картинасини мой бўёқда эмас, акварель бўёғида яратишади. Салгина хато қилсанг борми, устидан аниқ, бехато топган рангларингни қайта-қайта сурта берганинг билан фойдаси бўлмайди. Натижада картина устида ишлаган саринг у хиралашиб, ранглари ифлосланиб кетади. Ундан кўра янги оқ қоғоз олиб янги картина ярата бошлаганинг маъқул. Ёки учинчи йўл бор. Умуман изланишдан тўхташ. Даражани ушлаб туриш. Ўзини такрорлаш. Ди Матео ўзига ишониб картинага бўёқ суртишни давом эттирди. Бу аҳволни сезиб қоган Абрамович жамоага Бенитесни таклиф қилди. Янги мусаввир оқ қоғозда ҳар бири ўз ўрнида ёрқин бўлган бўёқлардан-ўйинчилардан фойдаланиб ўз картинасини аста-секин ярата бошлаяпти. Бенитес катта мусаввирдир. Ди Матео ҳам.

“НАВБАТЧИЛИК” ТУГАГАНИ РОСТ БЎЛСИН
Миржалол Қосимов майдонда алоҳида шахс эканлигини исбот қила олган ўйинчи эди. Мураббийлик даврида ўзининг футбол фалсафасига мос келувчи “эстетик” тушунчаларини шакллантириб, маълум бир довон олдига етиб келди. Бу довонни ҳам забт этишга ақл-заковати етармикан, умид қилиб қоламиз. Тағин бошқа бир муҳим эътирофим бор. У “БУНЁДКОР”ни шакллантиришда ҳали ҳеч адашгани йўқ. Замонавий футболда қанотлар тезкор бўлиши шарт. Рашид Ғофуров ўнг қанот ярим ҳимоячиси эди. Бир йилдаёқ “Бунёдкор”га кумуш медал олиб берганлардан бири эди. Уни ва Саҳоб Жўраевни шу ерда, қанотларда кўрдик. Улар тезкор ўйинчилардир. Жасур Ҳасановни айтмай қўя қолайлик. Масалан “ПАХТАКОР”да тезликда доим панд берувчи Суюнов қанотда узлуксиз неча йилдан бери ўйнамоқда. Важоҳати билан майдонда ёшларга сардорлик қилиб келмоқда. Станислав Андреев ҳам шу аҳволда қанотда ўйнайди. Марказга қўй уларни, дегувчи одам топилмайди. “Бунёдкор”га қайтайлик. Азиз Ҳайдаровнинг шаклланишида шубҳасиз Абрамов, Инилеевнинг хизмати катта бўлган. Лекин айнан “Бунёдкор”да унинг ўйини пишиб етилди. Чунки у Ривалдонинг ёнида бир калла юқори ўйинда иштирок этган эди. Бошқа ўйинчиларни ҳам санаб ўтишим мумкин.

Энди гапнинг индаллосини айтай. Қандай қилиб ёш, ўн гулидан бир гули очилмаган, истеъдод эгаси Алибобо Раҳматуллаев “Бунёдкор”ни ташлаб “ПАХТАКОР”га ўтиб кетди. “Пахтакор” ёшларга хос важоҳат, шижоат эвазига чемпион бўлди. “Пахтакор” ёш истеъдодларнинг “инкубатори” холос. Футболчилар учун соғлом ижодий, инсоний муҳит ярата олишди бу йил. “Пахтакор”даги ижобий кўринишлар Мурод Исмоилов билан боғлиқ бўлса керак. Бабаян номини айтмаганимга ҳайрон бўлманг. У олдинлари Ҳайдаровни Жалиловга, Жалиловни яна Ҳайдаровга алмаштирар эди. Гоҳида навбатчиликни Агамуродов оларди. Энди бундай “навбатчилик” тугапти. Илгари ҳеч қачон бу йилдагидек ижодий муҳит бўлмаган эди. Исмоилов меҳнаткаш, ишга сидқидилдан ёндашадиган, изланувчан инсон. У йигитларнинг имкониятларини очиб беряпти, лекин у ўзбек футболига ўз ғоясини туҳфа этгани йўқ. “Пахтакор”нинг олмосларига ишлов беришни вақти келиб бошқалар қилади. Бу йил эсда қоларли биронта ўйин кўрсата олмасдан юртимизда ғолиб бўлишди. Манимча, юқори даражали мураббий-мусаввирни чақиртириб келиб, ихтиёрига ҳар бир чизиққа биттадан етук, ёрқин “ранг”ларни олиб келса, “Пахтакор” жиддий жамоага айланармиди. “Пахтакор”нинг ўзи буюк “картинага” айланармиди. Мусаввири Бабаян бўлармиди ё бошқа бир киши, билмадим.
 
7. ЭПИЗОД
“Бунёдкор” бу йил чемпионатни бой берди демоқчимисиз, унинг нимасини мақтайсиз демоқчимисиз? Бу йил бошқа бир фактор намоён бўлди. Тушунтириб берай. Абрамов билан Қосимовни футболда тенг кўраман деб эдим. Тонмайман, лекин бир соҳада ўзбек бўлгани учунмас, Миржалол Қосимов бўлгани учун уни Абрамовдан афзал кўраман. У ҳақиқий ватанпарвар инсон. Терма манфаатини клубникидан устун қўйиб, доим Тошкентга етиб келар эди (кейин уни Агамурадов захирага ўтказиб қўярди). Ҳозир ҳам терма манфаатини “Бунёдкор”никидан баланд қўймоқда. Янги йилда ҳам Ўзбекистон биринчилигида олтин совринни бой бериб бўлса-да, Бразилия йўлланмасини қўлга киритаман дея олиши аниқ. Абрамов ҳам етук мутахассис. Қурбон Бердиев сингари Россияда ё бошқа юртда катта муваффақиятларга эришиши мумкин. Илоҳим шундай бўлсин. Биз ғурурланиб юрайлик. Ўшанда Абрамовнинг Ўзбекистондаги ютуқлари унинг ҳаётида Боку сингари бир яхши эпизод бўлиб қолади, холос. Қосимовни кўп танқид қилдим. Ҳали кўп бор пўстагини қоқишим бор, лекин бир нарсани эътироф этишим шарт. Қосимов учун Ўзбекистон ҳеч қачон, ҳечам эпизод бўлмайди.

Қолган ҳамма умрини Бобур сингари ўз юртидан бадар кетиб, бирон бир футболи бой давлатда умрини шоҳ бўлиб, мураббийлар шоҳи бўлиб ўтказган тақдирда ҳам ЎЗБЕКИСТОН унинг учун эпизод бўлмайди.

ҲАЙКАЛТАРОШЛИК
Фергюсон буюк мусаввир бўлгани учун ҳар бир бўёқни (ўйинчини) ўз жойида ярқиратиб бера олади. Икки бўёқ (Руни ва Роналдулар) етилиши учун учинчи ёрқин бўёқдан (Нистелройдан) воз кечган эди, эсингиздами? Футболист бир томондан артистга ўхшайди. Доим ўз режиссёри, ўз ролини кутиб яшайди. Гвардиола ғоясига Ибрагимовичдай маэстро тўғри келмади. У эса “Милан”да Италия чемпиони бўлди, мана энди “ПСЖ”да порлаяпти.

Бизда қанчадан-қанча истеъдодларимиз порламай футболдан изсиз ўтиб кетишяпти. Эсиз. Ф.Тожиев, Р.Аҳмедов, Ш.Эркинов, С.Шихов... Тағин қанча юлдузлар ҳалигача порламади. Бизда Нуралиевлар бетакрор ўйинчиларни “туғиб” беришяпти. Уларга кейинчалик ишлов берадиган, ўйинига янги мазмун баҳш этадиган бирон бир мусаввир топилмаяпти. Истеъдоднинг “ёши ўтиб қоляпти”. Бу ношуд мураббийларимизни оқловчи бир ибора. Фабио Капелло “ёши ўтиб қолган” Нистелрой ўйинига янги жило бера олган эди. “Реал”да порлагани эсингиздами? Марат Бикмаевни ҳам Нуралиев ўзбек футболига "туғиб” берган эди. Ҳалигача у ўз мураббийини топгани йўқ. Бош мураббийни режиссёрга эмас, мусаввирга эмас, ҳайкалтарошга ўхшатгим келади. Фақат унинг қўлидаги футболист лой эмас, мармар ё бронза эмас. Уни мураббий ўзи хоҳлаган қолипга қуя олмайди, ёки қўлида эзғилаб ундан хоҳлаганини ясай олмайди. У туғма бир шаклга эга бўлган чайир, қаттиқ ёғочдир. Ҳайкалтарош мураббий унинг бағрида гўдак пайтида пайдо бўлган, бўйлама ўсган, тарам-тарам ўзак йўлларда яширинган буюк асарни кўра олиши керак.

Мавзуга қайтаман. Алибобо Раҳматиллаевнинг футболдаги тақдири унинг ўз қўлида. Оллоҳнинг паноҳига топширдим.

ТЎНЛАР МУБОРАК БЎЛСИН
Футбол сингари ҳаётда ҳам ҳар бир киши ўз ҳаётида ижодкор мусаввир бўлади ёки кўчирмачи маляр бўлади. Асланов ўз “Мадҳия”сида “Зенит” бош директори Максим Митрофановни янгилик яратувчи деб билади. У бехосдан Ньютон каби бир нимани ихтиро қилиб қўйиб, бехосдан порлоқ СНГ чемпионатининг эшигини очиб юборди, деб ёзди. Асланов унга шундай баҳо берибди. РФФ мажлисида нохақ жазо олганидан сўнг “Зенит” Россия чемпионатидан чиқиб кетишини айтиб юборган экан. У залда ўтириб собиқ иттифоқ давлатлари учун футболдаги энг тўғри йўлни фикран ихтиро қилганмуш. Аслида “Зенит”нинг бош директори яратувчи мусаввир эмас, “мусаввирлар” қўлида бир “бўёқ”, холос. “Ижодкорлар” аллақачон кабинетларда, учрашувларда тайёрлаб “ижод” қилиб қўйган келишувни, бехосдан оммага билдириб қўйди. Энди “алломалар” оммага ишлов беришни бошлаб юборишади.

Мен журналист эмасман. Ишқибозман. Шунинг учун журналистларни касбдошим дея олмайман. Уларни ўзимга яқин олиб маслакдошим дея атагим келади. Уларни ҳам ўзим билан бир бутун кўргим келади. Уларни ўзимни суйгандек суйиб танқид қилганим, кўз илғамас хатосидан эзилганим, пўстак қоққаним - ўзимга боққаним бўлади. Ўз ҳовлимга ўзим назар тошини отганим бўлади. Элимнинг эътибор ўчоғида юрагимни тарашлаб ёққаним бўлади. Азизларим, замонамизга, ёнимиздаги ҳамхонамизга, тақдир деб аталган паймонамизга эътиборлироқ бўлайлик. Ўзимизга, ўз ишимизга, футболимизга содиқ бўлайлик. Фақат ЎЗини, СЎЗини мадҳ этайлик, бир-биримизни эмас.

Ҳаммамизнинг хонадонимиз обод, турмушимиз фаровон бўлсин. Азизларим, ҳар бирингиз мен учун замонамнинг Отабеги бўлиб юринг. Ҳаммангизни бағримга босай. Қулингиз Ҳасанали доим хизматингизда бўлсин.

Янги кун, Янги йил санаси кириб келди. Янги йилда, эзгу умидлар билан Сизларга, ўзбек футболига содиқ қолиб тўп жарангини, стадион ҳайқириғини, ғалаба бахтидан яшнаган кўзларингизни соғиниб юрувчи Ҳасанали отангиз ёздим.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:12, 07.01.2013.
Ўқилди: 5945 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.