Еврокубокларда у қадар катта фарқ йўқ, ҳатто испан жамоалари муваффақиятлироқ бўлса-да, нега Англия Премьер Лигаси энг яхши чемпионат деб аталишининг бошқа сабаби бор.
Тасаввур қилинг, шартли «Севилья» бир ҳафтада «Реал» ва «Хетафе» билан ўйнаши керак. Мураббий нима қилади? Барибир Мадридда очко олиш қийинлигини билиб, бор эътиборини нариги учрашувга қаратади ва камида уч очко олади. Оддий прагматик қараш. Бундай ҳолатларда ҳар қандай инглиз жамоаси борини айнан катта клубга қарши ўйинга ташлайди. Чунки айнан ўша ўйинни бутун дунё томоша қилишини билади - ўз товарини, яъни ўйинини кўрсатиши лозим.
Шунинг учун инглиз клублари ўз услубига эга бўлган мураббийларни таклиф қиладилар, томошабоп, ҳужумкор бўлиш тарғиб қилинади, шунинг учун АПЛда Ла Лига каби йилдан йилга ҳимоявий жамоалар кўпаймаяпти, аксинча.
«МЮ» етти марта ғалаба қозонди, лекин ҳаммаси кучли ўнталикдан пастда жойлашган жамоалар устидан. «Челси»да атиги 4 ғалаба, аммо ҳамма лондонликлар ҳақида ижобий фонда фикр билдирмоқда, умуман олганда Почеттино - маладес.
Сабабини тушундингиз. «Челси» айнан катта ўйинларни кучли ўтказди - «Арсенал», «Ливерпул», «Тоттенҳэм» ва «Сити»дан ютқазмади. Нафақат ютқазмади, бу ўйинларнинг барчасида ўз ўйинини столга қўйди, ўша рақибдан устунлик қилди ҳам. Табиийки, «Челси»нинг ўйинларини кўриш қизиқарлироқ, «Челси» маҳсулотини яхши намойиш қила оляпти. Янги қурилаётган жамоа агар совринлар учун жиддий курашмаётган бўлса, энг муҳим ўлчов шу.
«Ноттингем» ёки «Брентфорд»дан мағлубиятлар анча кейинги масала.
Қаҳрамон Асланов