Кириш Регистрация

Эван Фергюсон: «Мени Рунига қиёслашлари – кучли мотивация»

Баҳо:
+ | -

«Брайтон» топилмаси - Эван Фергюсон 29 октябрь куни АПЛ 10-туридан ўрин олган «Фулхэм»га қарши ўйин (1:1)да навбатдаги голини нишонлаш асносида алоҳида натижага эришди.

 Аниқроқ айтсак, 19 ёшли ҳужумчи АПЛда муайян йил тақвимида 10та гол маррасига етган иккинчи ёш футболчига айланди. Бу борадаги рекорд 2005 йили Уэйн Руни томонидан ўрнатилганини эслатиш керак. Хуллас, ҳозирда Эванни Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар саналган «Шрек» билан таққослаш яна авж олди. Эътиборлиси, машҳур фамилия эгаси кимсан Руни билан тенглаштирилаётганидан хурсанд. Айтишича, бундай қиёслаш унга қўшимча мотивация бағишлайди.

- Мана, жорий йил ҳисобидан АПЛда 10та гол маррасига етдингиз. Чемпионат тарихида биргина Уэйн Руни муайян йилда 10-голини сиздан ёшроқ пайти нишонлаган...

Ҳа, ёмон эмас, чиндан ҳам, яхши натижа. Айниқса, болалигимда айнан Уэйн Руни ўйин­ларини томоша қилиб, унга ўхшашга интилганимни ҳисобга олсак. Хуллас, Руни ортидан бораётганимдан хурсанд­ман.

- Демак, сизни Уэйнга қиёслашаётганида ҳам маъно бор. Қизиқ, болаликда Руни ўйинларига нечоғли маҳлиё бўлгансиз?

Уэйн ўсмирлик чоғиёқ АПЛ жамоаси асосий таркибига кириш асносида нафақат мен, балки кўплаб ёш йигитларга ўзига хос намуна кўрсатгани - айни ҳақиқат. Яширмайман, унга ҳавас билан боққанман. Шубҳасиз, Руни катта иқтидор эди. Дейлик, ёшлигида шиддат билан ўйнагани ва қандай ишларни амалга оширгани ҳозир ақлга сиғмайди. Хусусан, Руни фаолия­ти ҳақида олинган ҳужжатли фильмни томоша қилсангиз, имконсиздек ишларни уддалаганини тушунасиз. Биласизми, ҳозир нималарни назарда тутяпман? Кўпчилик Руни натижаларини такрорлаш имконсиз эканлигини айтади. Лекин теран ўйласак, бундай натижалар футболнинг бир қисми. Ахир Уэйн 18-19 ёшида АПЛга ёриб кириб, барчасини амалда исботлаган-ку. Унинг фаолияти - ёшларга ҳақиқий кўзгу. 

- Сиз учун яхши хабар шуки, «Брайтон» 2023 йил якунига қадар АПЛда яна 9та ўйин ўтказади. Бу Рунининг 2005 йили 20 ёшига қадар қайд этган маҳсулдорлик кўрсаткичини яхшилашингиз учун ажойиб имкониятдир... 

- Албатта, Руни рекордини янгилашдан умидворман. Ҳар ҳолда, бунга ҳаракат қилишим табиий. 

- Сентябрь ойида «Ньюкасл» дарвозасига 3та гол урдингиз ва шундан кўп ўтмай, жароҳатланиб, сафдан чиқдингиз. Акс ҳолда, аллақачон Рунидан ўзиб кетармидингиз...

- Билмадим, лекин тиғиз паллада четда қолганимдан қаттиқ сиқилдим. Айниқса, жароҳат хронологиясини ўйласам, ўзимдан хафа бўлиб кетаман. Чунки аввалига арзимас жароҳатга йўлиқдим ва тезда қайтиб, яна сафдан чиқдим. Балки шошилмаслик керакмиди? Лекин бу тақдир, ундан эса қочиб қутулолмайсиз. Муҳими, ҳозир яхши ҳолатдаман.

- «Қарғалар»га қарши ўйиндаги «хет-трик» обрўнгизни анча оширди. Яъни кўплаб мутахассислар сизни мақташга тушишди, жумладан, афсонавий Алан Ширер ўйинингизга юқори баҳо берди. Ирландияда эса сизни анча олдин миллий жамоа келажаги сифатида таърифлай бошлагандилар. Бундай мақтовлар қўшимча босим юкламаяптими?

- Йўқ. Ҳар ҳолда, қандайдир босимни яққол ҳис қилмаяпман. Аксинча, Ширер каби афсоналарнинг мақтови ёш футболчини руҳан тетиклаштиради. Ахир танқиддан мақтов яхши-ку, барибир. Шундай экан, эътироф унча ёмон эмас, фақат уларга берилиб кетмаслик талаб этилади. Зеро, барчаси шунчаки, баҳо. Сиз майдонда маҳоратингизни кўрсатасиз, четдагилар эса фикр билдиришади. Хуллас, ҳамма ўз баҳосини беради, уларни қандай қабул қилиш эса ҳар бир футболчининг ўзигагина боғлиқ. Ирландияда менга катта умид боғлаётганларига келсак, бундан чинакамига ғурурланаман. Агар мамлакатим бош жамоасида ишончни оқлай олсам, бу дунёда мендан бахтиёрроқ одам топилмайди. Ҳозир бизда ёш ва салоҳиятли таркиб бор, умид қиламанки, жамоамиз ҳали анча кучаяди. Бир неча йил ичида Ирландия футболининг катта турнирларга қайтишига ҳам ишонаман, албатта.

- Эван, «Брайтон» жорий мавсум ЕЛда ҳам иштирок этяпти. Зич тақвим оғирлик қилмаяптими?

- Ҳа, ўйинлар орасида тикланиш учун вақт кам, лекин еврокубоклардаги иштирокдан шунчаки, завқланяпман. Қолаверса, футболчи учун доимий бандлик айни муддао. Бинобарин, ҳар бир ўйин - янги тажриба. Жамоа шундай тажрибалар ортидан шакл­ланиб боради, футболчилар ҳам, албатта.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:45, 16.11.2023.
Ўқилди: 957 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.