Мадриднинг “Реал” клуби президенти Флорентино Перес Грузия билан 2024 йилги Европа чемпионати саралаш турнирининг сўнгги ўйинида (3:1) жароҳат олган “Барселона”нинг испаниялик ярим ҳимоячиси Гави билан боғланди.
Cadena COPE нашри хабарига кўра, Перес клуб номидан Гавига шахсий мактуб йўллаб, 19 ёшли футболчини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Аввалроқ Гавини қайта тиклаш 7 ойдан 9 ойгача давом этиши хабар қилинганди. Айтиш жоизки, ярим ҳимоячи жароҳати туфайли Германияда 14 июнь куни бошланадиган ва 14 июлга қадар давом этадиган Евро-2024 мусобақасини ўтказиб юбориши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Испания муддатидан аввал Европа чемпионати учун ўз гуруҳидан чиқди. Испанияликларга Шотландия терма жамоаси ҳамроҳлик қилган бўлса, Норвегия, Грузия ва Кипр мусобақага йўлланмани қўлга кирита олмади.