Кириш Регистрация

Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси «Қизилқум»ни мағлуб этди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 2013 йилдаги дастлабки ўқув-машғулот йиғинлари доирасидаги дастлабки ғалабани қўлга киритди. Олий Лиганинг «Қизилқум» жамоасига қарши кечган учрашувда Аҳмаджон Мусаев шогирдлари 3:2 ҳисобида муваффақиятга эришишди.

10 январдан эътиборан янги мавсумга, жумладан, июнь-июль ойларида Туркияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 13 январь куни Тошкентдаги илк йиғин доирасида дастлабки назорат учрашувини ўтказган ва Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Тошкентдаги «Оқтепа» стадионида бўлиб ўтган «Қизилқум» жамоасига қарши иккинчи назорат ўйинида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчилари чиройли ва комбинацион футбол намойиш этишди ҳамда ҳақли равишда ғалаба қозонишди.

Учрашувнинг биринчи бўлими деярли ёшлар терма жамоаси ташаббуси остида ўтди, аксарият хавфли вазиятлар «Қизилқум» дарвозаси олдида юзага келди. Аҳмаджон Мусаев шогирдлари майдондаги устунликни ҳисобга ҳам кўчиришнинг уддасидан чиқа олишди. Дастлаб, 18-дақиқада Абдулазиз Юсуповдан тўпни қабул қилиб олган Жаҳонгир Абдумўминов рақиб жарима майдончаси ичига кирмасдан, кучли зарба билан Элдор Тожибоев қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олган бўлса, 39-дақиқада ўнг қанотдан «Қизилқум» жарима майдончасига ёриб кирган Абдулазиз Юсупов, ўткир бурчак остида турганига қарамай, жуда кучли зарба билан ҳисобни 2:0га етказди.

Бироқ, тайм якунланишига бир дақиқадан камроқ вақт қолганида зарафшонлик футболчилар ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Камсонли ҳужумлардан бири бурчак зарбаси билан якунига етди. Темур Васильевнинг тўп узатишидан сўнг эса Азамат Бобожонов бош билан Асилбек Омонов қўриқлаётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ ва чиройли тарзда нишонга олди.

Иккинчи тайм бошида, «Қизилқум» жарима майдончаси ичида амалга оширилган қоидабузарлик учун белгиланган пенальтини Владимир Козак аниқ амалга ошириб, ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Бу вазиятда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳимоячилари ва дарвозабони бир-бирларини ўзаро тушунмаганликларидан, «Қизилқум» ярим ҳимоячиси Фаррух Шотурсунов унумли фойдаланиб қолди ва айёрона зарба билан Омонов дарвозасини ишғол қилди. Ушбу гол ўйиндаги охиргиси бўлиб қолди.

«Қизилқум»га қарши ўйин Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Тошкент йиғинидаги сўнгги назорат ўйини бўлади. Терма жамоа 17 январгача машғулотларни Тошкентда давом эттириб, шу куни 2013 йилги Ҳамдўстлик Кубоги баҳсларида иштирок этиш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетади.

Ўртоқлик учрашуви
14 январь, душанба
ЎЗБЕКИСТОН U-19 – «ҚИЗИЛҚУМ» 3:2 (2:1)
ГОЛЛАР: Жаҳонгир Абдумўминов (18), Абдулазиз Юсупов (39), Владимир Козак (62, пенальти) – Азамат Бобожонов (44), Фаррух Шотурсунов (66).
ЎЗБЕКИСТОН U-19: Асилбек Омонов (Ғанишер Холмуродов, 74) – Тоҳир Шамситдинов, Бобурбек Йўлдошев (Азамат Шарипов, 68), Муҳсинжон Убайдуллаев, Максимилиан Фомин, Аббосбек Махсталиев (Жасур Ҳакимов, 80), Жаҳонгир Абдумўминов, Жамшид Искандеров (Сергей Рекун, 80), Владимир Козак (Абдуллоҳ Олимов, 68), Игорь Сергеев (Темур Ҳакимов, 68), Абдулазиз Юсупов (Шоҳназар Норбеков, 46).

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 18:51, 14.01.2013.
Ўқилди: 4149 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.