Янги мавсумда ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган “Локомотив” клуби селекция ишларига ҳам зўр бермоқда. Зеро, юксак чўққиларни забт этиш учун ҳар қандай жамоа тенг кучли иккита таркибга эга бўлиши керак. Шу боис ҳам темирйўлчилар ўз таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига кўчайтиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
«Локомотив»нинг энг эътиборли харидларидан бири сифатида россиялик таниқли футболчи Алан Кусовнинг таркибга қўшиб олинганини айтишимиз мумкин. Ўз вақтида Россиянинг энг истиқболи порлоқ ҳужумчилари қаторида эътироф этилган Кусов сўнгги вақтларда бироз сояда қолиб кетаётганди. Биз жамоанинг навбатдаги машғулотидан сўнг Кусов билан қисқагина суҳбат уюштирдик. Ҳозир ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Алан, аввало «Локомотив» варианти қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гапириб берсангиз.
— Биласиз, Ғарбий Европадан фарқ қилган ҳолда собиқ Иттифоқ ҳудудига кирувчи давлатларда қишки трансферлар мавсумида жамоа пойдевори қўйилиб, таркиб шакллантирилади, энг эътиборли харидлар ҳам айнан шу мавсумда амалга оширилади. Менга ҳам қишки танаффусда «Локомотив» жамоасидан жиддий таклиф тушди. Очиғи, муҳитни ўзгартириш, ўзимни янги жамоада синаб кўриш истаги кучлилик қилди. Шу маънода айтишим мумкин, «Локомотив» таклифи мен учун янги чорлов бўлди. Натижада ўзингиз кўриб тургандек, бугун «Локомотив» жамоаси сафидаман.
— «Локомотив» сизни нимаси билан ўзига ром этди?
— Бу жамоа ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Темирйўлчилар янги мавсумда ички чемпионатда олтин медаллар учун курашишни мақсад қилишган. Қолаверса, Осиё чемпионлар лигасида ҳам «Локомотив»нинг мақсадлари жиддий эканлиги бу жамоа таклифини қабул қилишимда муҳим роль ўйнади.
— Янги жамоада сизни қандай қарши олишди?
— Жуда ҳам яхши. Жамоадаги муҳитга ҳавас қилиш керак. Шу пайтгача кўплаб жамоаларда тўп сурганман. Аммо, ҳеч қаерда «Локомотив»даги каби самимийликни кўрмаганман. Бу жамоа менга қадрдон «Анжи»ни эслатиб юбормоқда.
— Ўзбек ва рус футболи орасида қандай тафовутни сезяпсиз?
— Россия клубларида кўпроқ футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий ўйинга эътибор қаратишса, сизларда техник футбол намойиш этишаркан. Бу менга ёқяпти,чунки бундай шароитда тўп суришнинг яхши жиҳати, футболчи майдонда ўзини эркин ҳис қилади.
— Янги жамоангизда кимлар билан яхши тил топишдингиз?
— Деярли ҳамма билан. Чунки улар ўз ишининг устаси, яъни профессионал. Бу йигитлар билан «Локомотив»нинг юксак марраларни забт этишига ишонаман.
Отабек Эшмаматов суҳбатлашди.