Ҳали бошқа жамоаларнинг ўйинларини кўрмадик, аммо ишноч билан айта оламизки, Ўзбекистон ва Россия ёшлар терма жамоалари Ҳамдўстлик кубоги-2013 мусобақаси ғолиблигига асосий даъвогар жамоалар ҳисобланади.
Ушбу мусобақадан аввал Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси кўп муддат тайёргарликни олиб бормади. Шунга қарамай, жамоа Осиё чемпионатида иштирок этиб қайтганига кўп бўлгани йўқ ва уларда ўзаро тушунувчанлик хусусияти йўқолмаган. Худди шу нарса ҳисобни ўзбекистонликларнинг ҳисобни очишларига сабаб бўлди.
Осиё чемпионати тўпурари Игорь Сергеев бугун чап қанот ярим ҳимоячисида ҳаракат қилди. Гол урилган комбинация унинг ўша қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб берилишидан бошланди. Дарвозабон уни мушти билан уриб юборишга ҳаракат қилган бўлса-да, тўп Махсталиевга келиб тушди. Аббос дарвозабон майдончаси атрофига тўпни қайтарди ва жамоамиз сардори — Владимир Козак бош билан ҳисобни очди. Бу пайтда ўйиннинг энди 10-дақиқаси бошланганди.
Афсуски, россияликларнинг кейинги ҳужумиёқ бахтсиз тасодиф туфайли гол билан якунланди. Бочарев тўпни чап қанотдан дарвозабон майдончасига етказиб бераётганида Бобурбек Йўлдошев тўпни қайтаришда техник хатоликка йўл қўйди ва уни дарвозабон томонга буриб юборди. Асилбек Омонов яқин бурчакни қўриқлаётган бўлса-да, воқеанинг бундай ривожланишини кутмагани учун тўпни ушлаб қола олмади.
Шундан кейин мезбонлар майдонда анча эркин ҳаракат қила бошлаган бўлсалар, вакилларимиз асосан ҳимоя ҳақида ўйлай бошладилар. Ўйиннинг 20-дақиқасида россияликлар чиройли комбинация уюштиришди. Руслан Болов шериги билан "девор" ўйнаган ҳолда дарвозабонимиз билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо зарба йўллашда бироз адашди — тўп шундоққина дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Вакилларимиз майдонга мослашиб олиб, тўпни назорат қила бошлашганида, руслар битта қарши ҳужум уюштиришди ва пенальти ишлашди. Максимилиан Фомин жарима майдончасига кириб келаётган рақибини ортидан итариб юборди. Пенальтини Эмиль Маҳмудов аниқ амалга оширди.
Ушбу гол терма жамоамизни олдинга ундади. Йигитлар тўп назоратини ўз қўлларига олишди. Ўйиннинг 39-дақиқасида урилган ҳисобни тенглаштирувчи голимиз чиройли комбинация оқибатида киритилди. Шамсиддинов ўнг қанотдан тўпни юмалатиб Юсуповга етказди. Абдул Азиз тўпни тўхтатиб жарима майдончасининг нариги томонида очиқ турган Сергеевни тўп билан таъминлади. Игорь тўпни ўзига бўйсундириб, энди зарба бермоқчи бўлганида Искандаров тўпга эртароқ зарба берди ва дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди.
Тан олиш керак, россияликлар Ўзбекистондан 2та гол ўтказиб юборишни кутишмаганди, боз устига, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ. Шунинг учун бўлса керак, Россия ўз ўйинини йўқотиб қўйди. Биринчи бўлим сўнгида ўзбекистонликлар тўпни ўзларида ушлаб туришди. Аммо дарвозалар олдида голга тортадиган вазиятлар бўлмади.
Иккинчи бўлимда воқеалар ривожи ва ўйин йўналиши бошқачароқ бўлди. Энди ўзбекистонлик футболчилар ўзларини анча эркин ҳис қила бошлашди. Улар кўпгина эпизодларда вакилларимиз ўзларининг индивидуал маҳоратларини кўрсата бошлашди, бир неча нафар рақиб футболчиларини алдашни ўзларига эп кўра бошлашди. Айниқса, қанотларда Махсталиев ва захирадан майдонга тушган Темур Ҳакимов бу жиҳатдан бошқалардан ажралиб туришди.
Комбинацион ўйин бўлди. Тўп назоратида вакилларимиз бироз устунликка эга бўлишди. Россия терма жамоасининг қарши ҳужумлари хавфлироқ бўлиб турди баъзан. Александр Писерев иккинчи бўлимда жудаям кўп футболчиларни алмаштирди. Мусаев эса 3та ўзгаришни амалга оширди. Шунинг учун бўлса керак, руслар ўйин сўнгида бироз жисмоний жиҳатдан фаоллик намойиш қилишди. Аммо, вакилларимиз асло ҳимояга ётиб олишмади. Аксинча дарвоза томон аниқ зарбалар беришди (Олимов, Ҳакимов), бурчак тўпларини ўйинга киритишди.
Қизиқарли ва муросасиз кечган ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланди ва терма жамоамиз ўз ҳисобига дастлабки очкони ёзиб қўйди.
Терма жамоамиз ўзининг навбатдаги ўйинини 20 январь куни Қозоғистонга қарши соат 13:00да бошлайди.
Ҳамдўстлик кубоги-2013. "В" гуруҳи. 1-тур.
Россия - Ўзбекистон - 2:2 (2:2)
Голлар: Бобурбек Йўлдошев (11-автогол), Эмиль Маҳмудов (30-пенальти) — Владимир Козак (10), Жамшид Искандаров (39)
Огоҳлантиришлар: Зуев (47) — Бобурбек Йўлдошев (32)
Россия: Испов, Голубев (Никитинский 75), Князев (Зуев 46), Никитин, Семёнов, Маҳмудов (Ломбарский 79), Подберезкин (Амбурцумян 46), Митришев (Обухов 89), Бочарев (Васильев 60), Қаюмов, Болов (Панюков 64)
Ўзбекистон: Асилбек Омонов, Тоҳир Шамсиддинов, Бобур Йўлдошев, Максимилиан Фомин, Аббос Махсталиев, Владимир Козак (с), Жаҳонгир Абдумуминов (Абдуллоҳ Олимов 90), Жамшид Искандеров (Сергей Рекун 86), Абдул Азиз Юсупов (Темур Ҳакимов 59), Игорь Сергеев, Муҳсинжон Убайдуллаев