Россиялик шахматчи Ян Непомняший Магнус Карлсенга берилган «имтиёз» туфайли Халқаро шахмат федерацияси ва Ўзбекистонда ўтказилаётган рапид ҳамда блиц бўйича жаҳон чемпионати ташкилотчиларига шикоят қилди. ФИДE «иштирокчиларнинг ҳеч бирига алоҳида шароитлар яратилмаганини» билдирди.
Россиялик шахматчи Ян Непомняший Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) ҳамда Самарқандда ўтказилаётган рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати ташкилотчиларига норвегиялик Магнус Карсленнинг «шахсий имтиёзлари» юзасидан мурожаат қилди.
«Ҳурматли ФИДE ва жаҳон чемпионати ташкилотчилари, ўзингизга маълумки, барча ҳайвонлар тенг, аммо баъзилари бошқаларга қараганда тенгроқ. Бошқа ҳеч кимда бундай имконият бўлмаган бир пайтда Магнус Карлсеннинг ўзига дам олиши ва ноутбук ёрдамида ўйинларга тайёргарлик кўриши учун шахсий хона бериш адолатданми?» — деб ёзган Непомняший Х`да (собиқ Twitter).
Америкалик гроссмейстер Фабиано Каруана ҳам россиялик ҳамкасбини қўллаб-қувватлади: «Ҳамма бир хил шароитда ўйнаши кераклигини таъкидламай бўлмайди».
ФИДE «рапид чемпионати иштирокчиларининг ҳеч бирига алоҳида шароитлар яратилмаганини» таъкидлади.
«Агар раундлар оралиғида ФИДE расмийларининг таклифига биноан ўйинчилардан бирига ташқи биноларга кириш ҳуқуқи берилган бўлса ҳам, фейр-плей устидан тўлиқ назорат таъминланган. Қолаверса, регламентга кўра, давралар оралиғидаги танаффусларда ҳамма ўз гаджетларидан фойдаланиши мумкин», — дейилади федерация хабарида.
Классик шахмат бўйича 16 карра жаҳон чемпиони, рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен рапид бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунидан кейин пешқадамлик қилмоқда. Бешта ўйинда норвегиялик 4,5 очко жамғарган. Ян Непомняший эса 3 очко билан 64-ўринда бормоқда.
Турнирда жами 13 та тур ўтказилади ва шундан сўнг ғолиб аниқланади. Иккинчи ўйин куни 27 декабрь соат 15:00 да старт олади. Кейин блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.