Январь - трансферлар вақти. Европа клублари мавсумнинг биринчи қисмида юзага келган муаммоларни янги ўйинчилар таклиф қилиш орқали ҳал қилишмоқда. Ёки улар ёзда бўладиган битимлар бўйича келишиб олишмоқда. Қуйида барчанинг эътиборини тортаётган трансферлар билан танишамиз.
Мэйсон Гринвуд: Манчестер Юнайтед → Барселона/Атлетико Мадрид
"Манчестер Юнайтед" тарбияланувчиси севган қизини калтаклаш иши билан боғлиқ вазият туфайли бир ярим йилни майдондан ташқарида ўтказиб юборди. Натижада суд жиноий ишни тугатди ва Мэйсон футболга қайтди. Аммо Гринвуднинг шубҳали ҳаракатлари туфайли уни "Манчестер Юнайтед"да сақлаб қолишмади ва "Хетафе"га ижарага юборишди. Испанияда англиялик ўзини зўр эканлигини кўрсатмоқда: 16 учрашувда бешта гол ва тўртта голли узатма. Гринвудга бир вақтнинг ўзида иккита испан гиганти - "Барса" ва "Атлетико Мадрид" қизиқиш билдирган. Каталонияликлар форвард учун 46 миллион евро беришга тайёр.
Килиан Мбаппе: ПСЖ → Реал Мадрид
Ёзгача ҳал қилиниши керак бўлган трансфер достони. Мбаппенинг "ПСЖ" билан шартномаси 2024 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. Килиан аллақачон бошқа клублар билан музокара олиб бориши мумкин. Marca хабарига кўра, "Реал Мадрид" келишувга эришиш учун сўнгги уринишни амалга оширади. Футболчи ва клуб январь ойидаёқ шартнома имзолашлари мумкин. Агар Мбаппе рад этса, "Реал" "ПСЖ" форварди вариантига бошқа қайтмайди.
Рафаэль Варан: Манчестер Юнайтед → Ал Иттиҳод/Ан-Наср
2018 йилги жаҳон чемпиони ва "Реал" билан тўрт карра Чемпионлар лигаси ғолиби ҳеч қачон "Манчестер Юнайтед"нинг етакчисига айлана олмади. Француз Эрик тен Хаг билан ҳали ҳам келишмовчиликларга эга. Варан Премьер-лигани тарк этишга қарши эмас. Ҳимоячилардаги жароҳатлар туфайли "Реал" Рафаэлни қайтариш вариантини кўриб чиқди, аммо бу амалга ошиш эҳтимоли жуда паст. Журналист Бен Жейкобснинг хабар беришича, Варанга Саудиянинг "Ал-Иттиҳод" ва "Ан-Наср" клублари қизиқиш билдирмоқда. Иккала жамоада ҳам франциялик футболчининг "Реал Мадрид"даги собиқ шериклари ҳаракат қилади - Карим Бензема ва Криштиану Роналду. Варан ким билан яна бирга ўйнайди?
Жэйдон Санчо: Манчестер Юнайтед → Боруссия Д
"Манчестер Юнайтед" вингер Жэйдон Санчони Дортмунднинг "Боруссия"сига ижарага юборади, дея хабар беради журналист Фабрицио Романо. 2021 йилда манкунианликлар футболчини Дортмунд клубидан сотиб олишган. "Боруссия" "Манчестер Юнайтед"га 3 миллион евро тўлайди ва футболчининг маошини ҳам кўтаради. Битим якуний босқичда. Дортмундликлар футболчининг тезроқ жамоага қўшилишини истамоқда. Санчо 2023 йил август ойи охирида жамоа бош мураббийи Эрик тен Хаг билан жанжаллашгач, "Манчестер Юнайтед" таркиби ва қайдномасига киритилмаган.
Конор Галлахер: Челси → Тоттенхэм
"Челси" тарбияланувчиси клубни тарк этадими? Журналист Бен Жейкобснинг ёзишича, ярим ҳимоячига асосий даъвогар "Тоттенхэм". "Челси" Галлахерни асосий рақибларидан бирига сотишга тайёр, бироқ унинг учун керакли миқдорни тўлаш шарти билан. "Кўклар" 23 ёшли футболчини 50-55 миллион еврога баҳоламоқда. Айни пайтда футболчининг ўзи ҳам клубда қолишни истаяпти шекилли, мураббий эса уни қўйиб юборишни истамаяпти. Лекин ҳаммаси раҳбариятга боғлиқ.
Леонардо Бонуччи: Унион → Женоа
"Ювентус" афсонаси 2023 йилнинг ёзида Германия клубига ўтди. "Унион" Берлин Чемпионлар лигасига чиқди ва кучли ҳимоячи билан шартнома имзолади. Бироқ Бонуччи якунда жамоани кучайтира олмади. "Унион" еврокубокларда муваффақиятсизликка учради ва Бундеслигада жамоа 15-ўринни эгаллаб турибди. Жорий мавсумда ҳимоячи барча турнирларда 10та ўйин ўтказиб, битта гол урган. Журналист Николо Скиранинг хабар беришича, Бонуччи А Серияга қайтишга яқин турибди. Асосий даъвогар - "Женоа". Леонардо Италия терма жамоаси таркибида Евро-2024га чиқиш учун мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқчи.
Кэлвин Филлипс: Манчестер Сити → Ньюкасл
Англиялик ярим ҳимоячи 2022 йилнинг ёзида 49 миллион евро эвазига "Лидс"дан "Манчестер Сити"га ўтди. Аммо Филлипс ҳеч қачон "шаҳарликлар"нинг муҳим ўйинчиси бўла олмади ва камдан-кам ҳолларда майдонга тушди. The Telegraph хабарига кўра, "Ньюкасл" ярим ҳимоячини ижарага олмоқчи. "Қарғалар" шартномани иложи борича тезроқ якунламоқчи, чунки Филлипс учун яна бир қанча клублар даъвогарлик қилмоқда: "Ювентус", "ПСЖ", "Эвертон" ва "Кристал Пэлас". "Ньюкасл" кўп сонли жароҳатлар туфайли кадрлар танқислигини бошдан кечирмоқда, шунинг учун инглиз футболчиси албатта янги жамоада ўйин вақтини олади. Барча томонлар учун яхши шартнома.
Артём Довбик: Жирона → Барселона/Атлетико Мадрид
"Барселона" ва "Атлетико Мадрид" нафақат Мэйсон Гринвуд учун курашади. Жамоалар эътиборини шов-шув кўтараётган "Жирона" ҳужумчисига қаратди. Журналист Экрем Конурнинг ёзишича, Артём Довбикга каталонияликлар ва мадридликлар қизиқмоқда. 26 ёшли украиналик футболчи учун номи ошкор этилмаган Премьер-лига клублари ҳам даъвогарлик қилмоқда. Жорий мавсумда Довбик “Жирона” сафида 18 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол урди ва 4 та голга ассистентлик қилди. Каталонияликлар эса "Реал" билан Ла Лига турнир жадвалида биринчи ўринни бўлишиб турибди. Тўғри, Артём жорий мавсум янги клубида ўйнай олмайди - у аллақачон икки жамоада ўйнаган. Шундай қилиб, агар ўтиш ҳозир келишилса ҳам, у фақат ёзда амалга оширилади.
Серу Гирасси: Штутгарт → Бавария/Манчестер Юнайтед
"Бавария" Харри Кейн учун ҳужум чизиғида шерик қидирмоқда. Журналист Кристиан Фалькнинг ёзишича, мюнхенликлар “Штутгарт” ҳужумчиси Серу Гирассига қизиқиш билдирмоқда. "Бавария" футболчини ўз сафига қўшиб олишга тайёр. Келишув қишда ҳам, ёзда ҳам, Гирассини 20 миллион еврога сотиб олиш варианти фаоллашганда амалга ошиши мумкин. Жорий мавсумда 27 ёшли Серу Бундеслигада 14та ўйин ўтказиб, 17та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди! "Штутгарт" ҳужумчиси Германия чемпионатининг иккинчи тўпурари бўлиб турибди. Фақат унинг янги клубидаги шериги бўлиши кутилаётган Кейн (21) ундан кўп гол урди. Айни вақтда ҳужумчига "Манчестер Юнайтед" ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, жамоада бир нечта вариант бор - Гирассидан ташқари, клуб Тимо Вернер ва Томас Мюллерга ҳам эътибор қаратмоқда.
Жан-Клер Тодибо: Ницца → Челси/Тоттенхэм/Манчестер Юнайтед
Илгари "Барселона"га тегишли бўлган "Ницца" ҳимоячисига Премьер-лиганинг топ клублари қизиқиш билдирмоқда. Footmercato хабарига кўра, франциялик футболчини "Челси", "Тоттенхэм" ва "Манчестер Юнайтед" клублари сотиб олмоқчи. "Кўклар" Тодибо бўйича музокараларни бошлаб юборган ва ҳимоячини январда сотиб олмоқчи. "Тоттенхэм" эса ижара таклифи билан чиққан. Футболчи "шпорлар" лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда, аммо клублар келишувга эриша олишмаяпти. "Манчестер Юнайтед" вазиятни кузатишда давом этмоқда. Тодибо қаерда пайдо бўлиши номаълум.
Абдубурхон таржимаси