Осиё Кубоги мусобақаси 12 январь куни старт олади. 24 та терма жамоа Осиё биринчилиги учун кураш олиб боради. Мусобақа стартидан олдин рақамлар ва фактларга назар соламиз.
Энг кўп ўйин ўтказганлар
Мусобақа мезбони Қатар сафида 175 та ўйин ўтказган Ҳассан ал-Ҳайдос турнирдаги рекордчига айланди. “Ас-Садд” ҳужумчиси фаолияти давомида 4 марта ушбу турнирда иштирок этади. 34 ёшли футболчи бундан олдин 2011, 2015 ва 2019 йилларда ҳам Қатар билан биргаликда мусобақада иштирок этган.
Иккинчи ўринни эса Ўзбекистоннинг гуруҳдаги рақиби Ҳиндистон терма жамоаси футболчиси Сунил Четри эгаллади. Унинг ҳисобида 145 та ўйин мавжуд. Учинчи ўринда эса Эрон футболчиси Эҳсон Ҳожисафи (132 та ўйин) жой олган.
Энг ёши катталар
Қатар—2023 мусобақасида рўйхатдан ўтган 624 нафар футболчи ичида Таиланд аъзоси Сиварак Тедсунгноэн энг қария футболчи ҳисобланади. Дарвозабон 1984 йил 20 апрелда таваллуд топган. Мусобақа 12 январь куни бошланишини ҳисобга олсак, посбон 40 ёшда бўлади.
Иккинчи ўринда ундан 4 ойга кичик ҳиндистонлик Сунил Четри қайд этилган бўлса, учинчи ўринни баҳрайнлик Савид Жафар (38 ёш) эгаллаб турибди.
Ёш юлдузлар
Истеъдодли футболчилар Доҳада ҳам ўзини кўрсатишга тайёр. Ўсиб бораётган юлдузлар орасида Қирғизистон вакили Бекназ Алмазбековни (18 ёш 6 ойлик) эътироф этиш мумкин. Шунингдек, ироқлик Монтадер Мажед (18 ёш 4 ойлик) ва индонезиялик Марселино Фердинан (2004 йил 9-сентябрьда туғилган) энг ёш футболчилар қаторидан жой олган.
Албатта, бу борада Ўзбекистон сафида Аббосбек Файзуллаев (2003 йил 3 октябрь) ва Абдуқодир Ҳусановлар (2004 йил 29 февраль) ушбу турнирда ўзини ҳар томонлама кўрсатишига умид қиламиз.
Нагатомо рекордини янгилаш
Япониялик футболчи Юто Нагатомо Осиё Кубогида 16 та ўйин ўтказган. Шунингдек, терма жамоа билан биргаликда 2011 йилда чемпион бўлган, 2019 йилда эса кумуш медал соҳибига айланган. Унинг энг яқин таъқибчилари Жанубий Корея вакили Сон Ҳён Мин ва БАА футболчиси Али Мабҳут ҳисобланади. Иккала футболчи ҳам турнирда 12 тадан ўйин ўтказган.
Кейинги ўринлардан эса Мет Райан (Австралия), Чжан Линпенг (Хитой) ҳамда Эҳсон Ҳожисафи (Эрон) жой олган.