-Максим(ус) қани?
-У энди йўқ, келмайди…
-Нега?
-У жангда қатнашишни хоҳламаяпти
-Нимага? Ахир яна иккита жангда енгсак, «Колизей»га борардикку?
-Максим(ус) қонли жангларда қон тўкмаганлиги учун асосий жангга боришни хоҳламаяпти. У йигитларга ишоняпти
-Ҳа, у мард эди… мард бўлиб қолади.
Макс кетди… Максим Шацких. Бу ном биз учун жуда кўп нарсани англатади. Жуда жуда кўп нарсани. Терма жамоа таркибида 1999 йил Самарқандда Озорбайжон дарвозасига учта тўп йўллаб, голлари сонини очган ва 2011 йил Тожикистонга қарши баҳсда ўзининг терма жамоа учун сўнги 34 голини йўллаган футболчи. «Реал Мадрид» дарвозасига бир ўйинда иккиталаб гол урган (умумий ҳисобда учта) ўзбек йигити. БАА да ўтган қитъа чемпионати саралашида мезбонларни зор қақшатган Максим. Тоғри «Динамо»даги ўйинларнии баҳона қилиб, терма жамоага келмаган ҳам, 2004 йил Хитойдаги Осиё чемпионатига грипп орттириб олишдан ҳайиқиб бормаган ҳам, Титовнинг якунловчи ўйинига бориб, Корея билан ўйинга келмаган ҳам, яна кўплаб эркаликларни қилган ҳам Максим Шацких.
Ўтган ҳафтада Максим Украина фуқаролигини қабул қилди. Унинг терма жамоада ўйнамаслиги тобора аниқлашмоқда. Яқинда украиналик журналистлардан бири унга бир нечта савол билан мурожат қилди. Суҳбат орасида мухбир Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари яхшилигини ва агар термадан таклиф тушса нима қилишини Максимдан сўради. Макс эса жаҳон чемпионати саралашида бошқа футболчилар қатнашишганини ва агар терма жамоа мундиалга чиқиб уни таклиф қилишса, бормаслигини айтиб ўтди. Ҳа бу - ҳақиқий профессионалларга хос бўлган қарор. Максим федерациядагилардан якунловчи ўйин ўтказиб бериш учун имконият беришларини сўзраб мурожат қилишини ҳам айтди.
Майли Максим энди украиналикдир, лекин у биз учун ўзбек бўлиб қолаверади. Биз барибир уни яхши кўраверамиз. Унинг голларидан завқланаверамиз, худди бир вақтлар «Реал», «Ньюкасл», «Фенербахчe» дарвозаларига урган голларидан қувонганимиз каби. Чунки, у Ўзбекистон учун кўп иш қилган. ФИФА эълон қилган терма жамоалар тўпурарларининг энг кучли 50 талик рўйхатига ҳам айнан терма жамоадаги ўйинлари учун кирди. Терма учун ҳаммадан кўп гол урди.
Шу ўринда терма жамоа мутасаддиларидан унинг меҳнатларини муносиб баҳолашларини ва яхшироқ терма жамоага қарши Максим учун хайралшув учрашувини ташкиллаштириб беришлаии сўраб қолардим. Мухлислардан эса, худди кўҳна қитъада бўлгани каби ўша учрашувнинг 16 дақиқасида қўлларидан келганча Максимни қўллаб-қувватлашларини сўраб қолардим. Балки, кейинчалик Максим Шацких деганда кўпчилик унинг Киевдаги натижаларини ёдга олар, лекин унинг ўзбек бўлиб ўтказган ўйинлари ўша 16 дақиқада бор овоз билан Максим деб олқишлашга арзимайдими? Арзийди… у бунга муносиб.
Балки Макс паловнинг мазасини, қанча гуручга қанча гўшт солинишини, ўзбек футболчиларини, жамоаларни, боре Тошкент метросида нечта бекат борлигини ҳам унутар, лекин бир вақтлар унга умид билан боққан миллионлаб ҚОРАКЎЗЛАРни ҳеч қачон унутмайди, унута олмайди. Чунки у – ЎЗБЕК гладиатори Максим(ус)!!!
Ўткир Жалолхонов