Футбол атрофида қизиқарли ҳисоб-китоблар жуда кўп. Жумладан, турли даврлар натижаларини ўзаро таққослаш кенг тарқалган.
Қизиқ, 2023 йилни Европанинг кучли 5та лигаси турнир жадвалида карвонбоши мақомида якунлаган клубларда жорий мавсум чемпион бўлиш имконияти қандай? Championat.com сайти ижодкорлари айнан шу масалага қизиқиб, охирги 8 йилда қишки лидерлар мавсумни қандай якунлашганини кўриб чиқишди. Хўш, Европанинг кучли лигаларида қишки чемпион қанчалик тез-тез «олтин» ютган?
АПЛ - «ЛИВЕРПУЛЬ»
Англияда 2015|2016 йиллар мавсумидан буён қишки чемпион 8та ҳолатдан 5тасида етакчиликни қўлдан чиқармади. Яъни янги йилни 1-ўринда қарши олган жамоалар 62,5 фоиз ҳолатда тахтдан тушмаган. Шу нуқтаи назардан қарасак, «Арсенал»нинг қоқилишидан унумли фойдаланган «Ливерпул»да имконият кўпроқдек, лекин чемпионлик курашида «Манчестер Сити»дек наҳанг борлигини унутмаслик керак.
ЛА ЛИГА - «РЕАЛ»
Охирги 8 мавсумга қарасак, Испанияда қишки чемпион атиги 1та ҳолатда бош совриндан мосуво қолди якунда. Гап 2020 йилни Ла Лига пешқадами сифати қарши олган «Барселона» ҳақида кетмоқда. Хуллас, Испания Примеросида қишки пешқадамнинг якунда ғалаба қозониш эҳтимоли 87,5 фоизга тенг 8 йиллик таҳлил бўйича.
«А» СЕРИЯ - «ИНТЕР»
Италияда вазият бошқача. Охирги 8 йилда «А» сериянинг қишки чемпиони атиги 50 фоиз ҳолатда скудетто соҳибига айланди. Оддий айтганда, 2015|2016 йиллар мавсумидан буён янги йилни пешқадам сифатида қарши олган клублар 4та ҳолатда ўз мавқеини сақлаб қололмади финишга қадар.
БУНДЕСЛИГА - «БАЙЕР»
Германия чемпионати бу борада анча барқарор. Яъни охирги 8 мавсумда қишки пешқадам атиги 2 ҳолатда ўз мавқени бой берди. Аниқроқ айтсак, «Боруссия» Д. (2018|2019) ва «РБ Лейпциг» (2019|2020) оралиқ маррадаги ҳолатини финишгача сақлаб қололмади. Демак, Бундеслигада 75 фоиз ҳолатда қишки чемпион якунда «Кумуш лаган» эгасига айланди.
ЛИГА 1 - «ПСЖ»
Францияда ҳам қишки чемпионнинг олтин медаль ютиш кўрсаткичи 75 фоизга тенг. Фақат 2 мавсумда оралиқ давр етакчиси Лига 1-да якуний ғалабани тантана қилолмади: «Ницца» ва «Лион». Қисқаси, «ПСЖ» охирги 8 йилда ўз мавқеини бирор марта бой бермади.
О.АТАБОЕВ тайёрлади