Қатар миллий терма жамоаси март ойида Миср ва Таиланд терма жамоаларига қарши халқаро ўртоқлик учрашуларида майдонга тушади. Бу ҳақда мамлакат футбол уюшмаси расмий сайти хабар тарқатди.
Фаҳад ал-Тани шогирдлари 7 март куни Миср терма жамоасига қарши Доҳада майдонга тушса, 17 март куни Таиланд терма жамоасига қарши назорат ўйини ўтказилади.
ҚФУ матбуот хизматининг алоҳида қайд этишича, ушбу ўйинлар Қатар терма жамоаси 22 март куни бўладиган Баҳрайнга қарши Осиё Кубоги-2015 ва 26 март куни бўладиган Жанубий Кореяга қарши ЖЧ-2014 саралаш баҳслари олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Эслатиб ўтамиз, Қатар миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичида Ўзбекистон билан бирга «А» гуруҳидан ўрин олган. Ўзбекистон терма жамоаси 6-турдан сўнг 5та ўйин ўтказгани ҳолда 8 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турган бўлса, худди шунча ўйин ўтказган Қатар терма жамоаси ҳисобида 7 очко бор ва у беш терма орасида, Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Эрондан сўнг, тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич «А» гуруҳи 5-тур учрашуви 2012 йилнинг 16 октябрь куни Доҳада ўтказилган ва унда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Жавоб ўйини гуруҳ саралаш босқичининг сўнгги турида, 18 июнь куни Тошкентда ўтказилади.